NUZ.UZ’нинг Самарқанд вилояти бўйича мухбирига Самарқанд иқтисодиёт ва
сервис институти ижтимоий фанлар кафедрасининг бир гуруҳ доцент ва ўқитувчилари
томонидан шикоят хати келиб тушди. Унда кафедрада юзага келган носоғлом муҳит
ҳақида сўз юритилиб, барчасига кафедра мудири профессор Соҳибназар Каримов
айбдор эканлиги ва бу ҳолатда институт ректори Муҳиддин Пўлатов кафедра мудири
томонида бўлаётганлиги таъкидланади.
Шикоят хатида С.Каримов “катта ҳаётий тажрибага эга бўлган икки нафар
доцент, бир нафар катта ўқитувчи ва 20-30 йиллик педагогик иш стажига эга 4-5
нафар ўқитувчини ассосиз баҳоналар билан кафедрадан кетгизишга ҳаракат қилиб,
улар ўрнига ўзига яқин одамларни тўплаётганлиги” хусусида сўз юритилади. Шунингдек,
кафедра аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити бутунлай
йўқолганлиги, унда кичик гуруҳлар пайдо бўлганлиги ҳам тилга олинади. Хатда кафедра
мудирига нисбатан яна бир қатор жиддий айблар қўйилган.
Ҳолатни ўрганиш учун институтга бориб, дастлаб ўқув ишлари бўйича
проректор Қулмамат Мирзаев билан учрашдим ва сўнгра унинг ҳамроҳлигида ректор ҳузурига
бордим. М.Пўлатов ушбу шикоят бўйича кўплаб комиссиялар келиб-кетганлигини, бир
неча марта жовоблар қайтарилганлигини айтиб, агар лозим бўлса ҳар икки томон
билан учрашишим мумкинлигини билдирди. Мен ҳар бир шахс билан алоҳида
суҳбатлашишнинг натижа бериши мушкуллигини, чунки икки томон ҳам кўпдан бери
ўзининг ҳақлигини уқтириб келаётганлигини, шу боис ҳаммани бир жойга йиғиб,
масалани ўртада очиқ муҳокама қилишни таклиф этдим.
Белгиланган кунда шикоят хати ёзганлар, кафедра мудири, ректор ва барча
проректорлар, кадрлар бўлими бошлиғи, институт ёшлар етакчиси кичик мажлислар
залида йиғилдик. М.Пўлатов аввалданоқ томонларни ҳақорат қилмасдан, инсон шахсиятига
тегадиган сўзларни ишлатмасдан, ўзаро ҳурматни жойига қўйган ҳолда бир-бирларига
муносабат қилишни сўради. Бирданига айтиб қўяй: бу чақириқ ўтирганларнинг
қулоғига кирмаган экан. Айримлар ўзича “рақиби”ни мот қилиш учун ҳатто кўчадаги
жанжалкашлар ҳам ишлатмайдиган сўзлардан фойдаланди. Шундай вақтда мен ўзимга “мен институтдами ёки
бозордаги энг оғзи бузуқ “профессионал” жанжалчилар орасидами” деган саволни
бера бошладим.
Йиғилиш деярли икки соат давом этди ва унда чиқиш қилганларнинг гапларини
диктофонга ёзиб олдим. Унинг тафсилотларини ёзиб ўтирмайман. Бунинг сабаби
тафсилот ёзиш кўп жой талаб қилишида эмас. Шикоятчиларнинг кафедра мудирига
қўяётган баъзи айбловлари шунчалик жиддийки, уларни текширмасдан тилга олиб
бўлмайди ва айримларини исботлашнинг ҳам иложи йўқ. Баъзилари эса эҳтирос билан
ёзилганлиги кўриниб турибди ёки мунозара вақтида қўпол, тилга олиб бўлмас
сўзлар ёрдамида баён этилди. Мен аввалидан йиғилиш иштирокчиларини огоҳлантириб
қўйган эдим. Уларга мен прокурор, судья ёки адвокат эмаслигимни, вазифам вазият
билан холисона танишиб, бетараф турган ҳолда масала моҳиятини жамоатчиликка етказишдан
иборат эканлигини таъкидладим.
Ўзаро мунозараю жанжанлардан шу нарсани англадимки, ижтимоий фанлар
кафедрасидаги мавжуд аҳвол бир неча йил давомида шаклланиб келган ва 2017 йилнинг
июнь ойида ёши 60 ва ундан юқори бўлган доцент ва ўқитувчилар 0,25 ставкага
ўтказилгандан сўнг вазият яна чигиллашган. Ўқув соатлари камайтирилганлар орасида
доцентлар С.Суюнов ва Ў.Тўхтамишев, катта ўқитувчи С.Тўхтаев, ўқитувчи
С.Абдирашитов ва Г.Марковалар бор. Шикоят қилганларнинг сўзларига қараганда,
улар Президент порталига мурожаат қилгандан сўнг уч нафари ўқув йилининг
бошида, қолган икки нафари шу йилнинг февраль ойида 0,5 ставкага ўтказилган.
М.Пўлатов ставкалар қисқаришини ўтган ўқув йилида дарслар соати 6000
соатга камайтирилганлиги билан изоҳлайди. “Шундай
шароитда нима қилиш керак эди? Ёш ўқитувчиларни ярим ёки чорак ставкага
ўтказсак, улар оиласини қандай боқади? Уларнинг бошқа даромад манбаи бўлмаса!
Ёши катта ўқитувчилар пенсия олишади, қарайдиган фарзандлари бор. Лекин имконини
топиб оқсоқолларимизни ҳам ярим ставкага ўтказдик”, - деди институт
раҳбари.
Йиғилиш вақтида С.Каримовнинг Галина Маркова ва Собир Тўхтаевга
нисбатан миллатини рўкач қилиб, ножўя сўзлар ишлатгани, Н.Маматқулованинг
ногиронлигини юзига солиб, ариза ёздириб, кутубхонага ишга ўтишга мажбур
қилдирганлиги, рус гуруҳларига бу тилни дурустроқ билмайдиган ўқитувчилар қўйилаётган
бир вақтда Г.Марковага тазйиқ ўтказилаётганлиги хусусидаги айбловларга жўяли,
асосли жавоб ёки раддия бўлмади.
Шунингдек, йиғилишда ўқитувчиларнинг йиллик юкламалари ошкоралик
тамойили асосида тузилмаслиги, юклама ажратиш жараёни кафедра йиғилишида
муҳокама этилмаслиги каби ҳолатлар тилга олинганда ҳам аниқ жавоб қайтарилмади.
Умуман олганда, ҳар икки томон ҳам ўз қарашлари тўғри эканлигига тўла ишонч
билан гапирди.
Йиғилиш охирида М.Пўлатов кафедрада юзага келган вазиятда шикоят
қилаётган доцент ва ўқитувчилар билан бир қаторда муаммони вақтида ҳал қила
олмаган, аҳволни шу даражага етказган каферда мудири ҳам айбдор эканлигини
инобатга олиб, можаронинг барча иштирокчиларига огоҳлантириш эълон
қилинганлигини билдирди. Институт раҳбари агар улар тегишли
хулоса чиқармасдан, институт шаънини ерга уришни давом эттирса, Меҳнат
кодексининг 100-моддаси асосида улар билан тузилган меҳнат шартномаси иш
берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишини эълон қилди.
... Фақат икки кунда сўнг С.Каримов менга қўнғироқ қилиб, йиғилишда
айрим сабабларга кўра қўйилган саволларга жавоб беролмаганлигини, айни пайтда
қўлида шикоятчи кафедра аъзоларига ёзилган раддия борлигини ва учрашишимиз
кераклигини айтди. Мен аввалида икки соатлик йиғилиш давомида раддия бериш
имконидан нега фойдаланмаганлиги сўрадим. “Қўлимда ҳаммаси ёзилган қоғозларим
бор, учрашсак сизга топшираман”, - деди суҳбатдошим. Ўша пайт бандлигим сабабли
эртаси куни учрашишга келишиб олдик. Аммо эртаси куни телефон орқали учрашув вақтини
белгилаган эдик ва С.Каримов ҳужжатларни бериб юборишини билдирди. Аммо ҳеч ким
келмади.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
NUZ.UZ’нинг Самарқанд вилояти бўйичи мухбири
“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими,
23.03.2018
Комментариев нет:
Отправить комментарий