вторник, 5 августа 2014 г.

Баландпарвоз гаплар тарғиботнинг таъсирчанлигини йўқотади



Самарқанд вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан ушбу кўҳна заминда туғилиб, вояга етган ва айни пайтда мамлакатимиз пойтахти Тошкентда фаолият юргизаётган бир гуруҳ қаламкашлар – ёзувчилар, шоирлар, журналистларнинг вилоят аҳли билан учрашувлари бўлиб ўтди.

Дастлаб Тошкентдан келган меҳмонлар вилоят маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида иштирок этишди. Йиғилишни кенгаш раиси, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев очиб, таниқли ижодкорларнинг Самарқандга келиб, мустақиллик байрами арафасида аҳоли билан бўладиган учрашувларининг муҳимлиги ҳақида сўз юритди. “Сиз Самарқандимизнинг шаҳар ва қишлоқларидан чиққан, ўз ижоди билан элга танилган инсонларсиз, – деди вилоят ҳокими меҳмонларга мурожаат этиб. – Халқимиз сиздан баландпарвоз гапларни эмас, балки ҳаётий мисоллар асосида шу куннинг долзарб муаммолари ҳақида, мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти хусусида бўладиган суҳбатларни кутмоқда”.

Тарғибот гуруҳи номи кўпчиликка таниш бўлган ижодкорлардан таркиб топганлиги диққатга сазовордир. Мана улар: Асад Дилмуродов, Нодир Жонузоқ, Абдурауф Коржовов, Абдусаид Кўчимов, Наврўз Ризаев, Ҳабиб Темиров, Ориф Тўхташев, Маматқул Ҳазратқулов, Собир Ўнар, Муҳаммаджон Қуролов.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директори Маматқул Ҳазратқулов, Республика Миллий ғоя ва мафкура маркази раиси Муҳаммаджон Қуронов, телешарҳловчи Абдурауф Коржовов кейинги йилларда мамлакатимизда рўй берган ўзгаришлар хусусида тўлқинланиб сўз юритишди. Дарҳақиқат, кейинги 23 йил ичида мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотларнинг ижобий натижасини нафақат дўстларимиз, балки ғанимларимиз ҳам тан олмоқда. Мустақиллик ҳақида, унинг неъматлари ҳақида гапирганда, буларни тилга олиб ўтмасликнинг иложи йўқ.

Сўзга чиққанларнинг айтганларини эшитиб, хаёлимни бошқа бир фикр чулғаб олди. “Агар ушбу ижодкорларнинг барчаси аҳоли билан бўладиган учрашувларда фақат шу йўсинда, шу йўналишда гапирадиган бўлса, тадбир кутиладиган натижа берармикан”, –  ўйладим ўзимча. Нега деганда, кейинги йилларда босиб ўтган йўлимизни, бугунги ҳаётимизни ёритишда фақат оқ ёки қора бўёқлардан фойдаланиб бўлмайди.

Агар йиғилишда “ким сўзга чиқади” деб сўралганда, мен албатта сўз олиб, бу ҳақдаги фикрларим билан ўртоқлашардим. Аҳоли билан бўладиган учрашувларда ютуқларимиз билан бир қаторда мавжуд муаммолар ҳақида ҳам сўз юритиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш йўллари хусусида баҳс-мунозара юргизиш фойдадан холи бўлмаслигини уқтирган бўлардим. Орамизда Ватан тақдирига лоқайд бўлмаган, унинг келажаги ҳақида астойдил қайғураётганлар жуду кўп. Уларни баландпарвоз гаплар билан овутиб бўлмайди.

Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишининг якунида З.Мирзаев фикрларим билан ҳамоҳанг бўлган айрим хулосаларни билдириб ўтди. Галстук тақиб олиб, учрашувларда ўзи билган нарсаларнигина баландпарвоз сўзлар билан аҳолига етказишга ҳаракат қиладиган “тарғиботчилар”дан ҳеч қандай фойда йўқлигини уқтирар экан, вилоят ҳокими Самарқандни, шу она юртни чин дилдан севган ва ардоқлаган кишигина одамларга таъсирли бир сўз айтишга қодир бўла олиши мумкинлигини таъкидлади. “Бундай шахс ҳеч нарсага лоқайд бўлмайди, ҳатто қуриган бир дарахт олдидан бефарқ ўта олмайди”, - деди вилоят ҳокими.  


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий