понедельник, 17 февраля 2020 г.

Американинг Ўзбекистонда қандай манфаати бор?


АҚШ элчиси, шунингдек, мамлакатимиздаги ислоҳотлар шиддати ва кўпчиликни қизқтирган виза масалаларига оид бу саволларга ҳам жавоб берди.


Самарқандга ташриф буюрган АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Дэниел Розенблюм бир гуруҳ журналистлар билан учрашиб, суҳбатлашди. Малакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг турли қирралари, Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар кўлами ва унинг аҳамияти суҳбатнинг асосий мазмунини ташкил этди.

Ўзбекистондани ўзгаришларнинг жозибадорлиги нималарда зоҳир бўлмоқда?

Учрашувнинг аввалидаёқ элчи жаноблари америкаликларга хос табассум билан Ўзбекистонга келганидан хурсанд эканлигини баён қилиб, шундай деди: “Юртингизда жуда кўп қизиқарли воқеаларнинг гувоҳи бўлмоқдаман. Олдинлари ҳам сизларда кечаётган янгиликлардан хабардор бўлиб турардим. Аммо бундан саккиз ой аввал бу ерга  иш бошлаб, бўлаётган ўзгаришларни ичкаридан кузатиш, улар ҳақида мушоҳада юритиш имконига эга бўлдим”.

АҚШ элчисининг уқтиришича, бўлаётган ўзгаришларнинг икки жиҳати унинг эътиборини ўзига қаратган. “Биринчидан, ислоҳотлар кўламининг кенглиги ва узоқни кўзлаб ҳаракат қилинаётганлиги менда катта таассурот уйғотди. Президент Шавкат Мирзиёев нафақат қонунларни ўзгартиришга, балки одамларнинг фикрлаш тарзини ҳам ўзгартиришга интилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдаман. Ислоҳотлар қанчалик довюраклик ва шиддат билан олиб борилаётганлигини англаб турибман”, – деди меҳмон.

У ўзгаришларнинг иккинчи жиҳати жиҳати ҳақида сўз юритар экан, жамият аъзоларида ўрнашиб қолган қарашларни ўзгартириш қанчалик оғирлигига яна бир марта амин бўлганлигини таъкидлаб, қуйидагича фикр билдирди: “Эскича тартиблардан манфаатдор бўлганлар ўзгаришни хоҳламайди. Давлатингиз раҳбарининг халқ бахтини ўйлаб сабр-бардош билан амалга ошираётган ишлари мақтовга арзигуликдир”.

Американинг Ўзбекистонда қандай манфаати бор?

АҚШ Ўзбекистонга ёрдам беришдан, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан  манфаатдорми? Жаноб Розенблюм ўзи бу саволни ўртага ташлаб, ўзи жавоб берди: “Ҳа, Ўзбекистон барқарор бўлиб, бу ерда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, бутун минтақа тинч бўлади. Америка ана шундан манфаатдор”.

Виза олиш нега оғирлашди?

-Ўтган йили АҚШ визасини олиш учун ариза топширган ўзбекистонликларнинг 68 фоиздан кўпроғига рад жавоби берилди. Бошқа ҳеч бир мамлакат фуқароларининг бунчалик кўп аризалари қайтарилмаган. Мамлакатларимиз ўртасида муносабатлар кўлами кенгайиб бораётган бир пайтда виза масаласидаги бунчалик “қаттиққўлликни” қандай тушуниш мумкин?”.

Учрашув давомида берилган бу саволимга элчи жаноблари қуйидагича жавоб берди: “Ўзбекистоннинг қаерига бормасам менга виза олиш имконияти ҳақида савол берилади (кулади). Аввало шуни таъкиламоқчи эдимки, виза билан элчи сифатида мен шуғулланмайман. АҚШ давлат департаменти ўрнатган тартиб бўйича бу иш консуллик зиммасида. Менга қолса, кўпроқ ўзбекистонликлар мамлакатимизга бориб, юртимиз билан, халқимиз ҳаёти билан танишса яхши бўларди. Виза беришдаги чекловнинг асосий сабаби Ўзбекистондан АҚШга борганларнинг катта қисми ё у ерда қолиб кетмоқда ёки виза муддатини ўтказиб қайтмоқда. Ана шу тартибни бузганлар қонунни ҳурмат қилувчи бошқа фуқароларнинг азият чекишига сабаб бўлмоқда”.

“Мурожаатнома ислоҳотга жиддий киришилганлигидан далолатдир!”

Жаноб Розенблюмдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномаси хусусида фикр билдиришини сўраганимизда, у мурожаатнома жамият ва давлат ҳаётининг барча томонларини қамраб олганлигини уқтирди. Муаммоларни очиқ-ойдин тилга олинганлиги ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар туб ислоҳотларга жиддий киришилганлигидан далолатдир, деди юқори мартабали меҳмон. У, шунингдек, мурожаатномада энг кўп тилга олинган сўзлардан бири “коррупция” сўзи эканлигини, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш учун кўпгина вазифалар қаторида коррупцияга қарши курашишга қаратилган алоҳида орган ташкил этилиши диққатини тортганлигини таъкидлади ҳамда қуйидагиларни қўшимча қилди: “Бу  яхши янгилик, аммо бошқа соҳаларда ўзгариш қилинмаса, алоҳида органнинг ўзи унча самара бермаса керак”.

Суҳбат давомида сўз эркинлигининг мамлакат тараққиётидаги аҳамияти, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат идоралари билан самарали ҳамкорлигининг муҳимлиги, жамиятдаги мавжуд иллатлар ва камчиликларни тугатиш учун жамоатчилик назоратининг зарурлиги каби қатор масалалар ҳам тилга олинди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

“Даракчи”, 2020, №7

Комментариев нет:

Отправить комментарий