воскресенье, 22 марта 2020 г.

Ёнғин туфайли уй-жойсиз қолган оилага амалий ёрдам кўрсатилади




Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бадриддин Насриев ҳамда шаҳар прокуратураси вакиллари Юксалиш маҳалласида ўтган ҳафта содир бўлган ёнғинда уй-жойи ёниб кул бўлган хонадонга бориб, оила аҳволидан хабар олишди ва амалий ёрдам бериш масаласини муҳокама қилишди.


13 март куни содир бўлган ёнғин Ҳаким Қаюмов оиласи бошига кутилмаган катта кулфат олиб келди.  Бир зумда тўртта хона ёниб кулга айланди. Хонадон соҳибларининг сўзларига қараганда, ёнғинга табиий газ босимининг бирданига кучайиб кетиши сабаб бўлган.

“Ҳамма уй жиҳозлари, буюмлар, деярли барча ҳужжатларимиз ёниб кетди. Фақат уй-жой кадастр ҳужжатигина сақланиб қолди”, – дейди беш нафар фарзанднинг отаси Ҳ.Қаюмов.

Юксалиш маҳалла раиси Хуршед Рўзимуродовнинг таъкидлашича, ёнғиндан хабар топган маҳалладошлар Қаюмовлар оиласига ёрдамга шошилди. Кимдир кўрпа-тўшак, кимдир гилам ва мебеллар, яна кимдир қурилиш материаллари олиб келди. “Қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Уйлар битгунча келтирилган жиҳозларни қўшникиларда сақлаймиз”, – дейди суҳбатдошим.

 
Бадриддин Насриев ва шаҳар прокуратураси вакиллари Ҳ.Қаюмов ва унинг рафиқасидан улар қандай ёрдамга кўпроқ муҳтож эканликларини сўраганларида, эр ва хотин бир овозда “болаларимиз ишлаяпти, қўни-қўшни ёрдам кўрсатмоқда, бизга ҳеч нарса керак эмас”, деб жавоб қайтаришди. Шунга қарамасдан, уларга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда шаҳар прокуратураси албатта амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши уқтирилди.

Б.Насриев оила аъзоларининг ҳужжатларини тиклашга кўмаклашишини билдирди. У Қаюмовлар билан хайрлашиб чиққанимизда шундай деди: “Қаранг, қандай ориятли одамлар экан. Офат туфайли бор-йўғидан ажралган бўлса ҳам, ҳеч нарса керак эмас дейди. Бундайларга қўлингдан келган ишни қилсанг,  қанча ёрдам ёрдам берсанг ҳам кам”.

Ҳа, шундай. Ушбу оилага ёрдам қўлини чўзадиган кўплаб бошқа юртдошларимиз ҳам топилишига ишонамиз.

Тошпўлат Раҳматуллаев      

Комментариев нет:

Отправить комментарий