пятница, 17 апреля 2020 г.

Марказлаштирилган хайрия тадбирлари ўта марказлашмадими?


Ажойиб, оғир дамларда ёнидагига ёрдам қўлини чўзишга тайёр халқимиз бор. Карантин бошланиши биланоқ эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами, жумладан вақтинча ишсиз қолганларга кўмаклашиш акцияси бошланиб кетган эди. Бунга саховатпеша инсонларни ҳеч ким мажбур қилган эмас, ўзлари дил амри билан савоб ишга қўл уришган эди.


Якка тартибдаги хайрия акциялари давомида COVID-19 вирусининг кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1 апрелдан бошлаб якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатишга қарор қилинди. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ва жойларда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Ёрдам кўрасатилиши учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этиши кўзда тутилган эди. Ана шунда биз, МФЙ раислари, Самарқанд шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими таклифи билан ана шундай оилалар рўйхатини тузган эдик.

Аммо эндиликда ҳар бир ёрдамга муҳтож шахснинг ўзи 1197 рақамли телефон орқали Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига мурожаат этиши талаб этилмоқда. Аммо маҳалламиздан бу рақамга ўн марталаб қўнғироқ қилиб, жавоб ололмаганлар яна бизга келмоқда. Фақат 12 апрелда ака-ука Раҳмоновлар марказга қўнғироқ қилиша олганлигини, уларга эса маҳаллага мурожаат қилиш лозимлиги уқтирилганини айтишди.

Мен ўзи неч марталаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлимининг Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш вилоят марказидаги вакилига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирмоқчи бўлдим, аммо у жавоб бермади. Қўнғироқларга вақтида жавоб берилмаётганлиги ҳақида телеграм мессенжерида кўплаб шикоятлар мавжуд.  

Балки 1197 рақамли телефон Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази бўлганлиги ва унга бутун мамлакатдан мурожаат тушаётганлиги учун шу аҳвол юз бераётгандир? Бу хайри ишлари ўта марказлаштирилганлигидан далолат эмасми? Ҳар бир вилоятда хайрия акциясини мувофиқлаштириш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимларига топширилса бўлмасмиди?

Майли, алоҳида фуқаролар, оилалар ёрдам сўраб мурожаат этсин. Шу билан бирга маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тузилган рўйхат инобатга олинган ҳолда график тузилиб, унинг асосида ёрдам етказилса, мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?

Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд шаҳар Боғимайдон МФЙ раиси


Комментариев нет:

Отправить комментарий