вторник, 12 ноября 2019 г.

Самарқандда иккинчи марта "Балиқ сайли" бўлиб ўтди




9 ноябрь куни Самарқанд туманида "Балиқ сайли" бўлиб ўтди. Иккинчи марта ўтказилаётган "Балиқ сайли" вилоят ҳокимлиги ҳамда «Ипотека-банк»нинг Самарқанд филиали ташаббуси билан «Сартепо агрофуд импекс» МЧЖ ва «Ок амур балиқлари» фермер хўжалиги томонидан ташкил этилди.



Юртимизда шу вақтгача “Қовун сайли”,  “Гул сайли”,  “Сумалак сайли”,  “Қушлар сайли” ўтказиб келинарди. Шу йили Самарқандда “Анжир сайли” бўлиб ўтган эди. Мана, "Балиқ сайли" ҳам анъанага айланиб бормоқда. Ўтган йили ҳам ноябрь ойида «Ок амур балиқлари» фермер хўжалиги ҳудудида ана шу номдаги тадбир ташкил этилган эди.

Бу йилги байрам тадбирига ташкилотчилар пухта тайёргарлик кўриб, унинг доирасида балиқ ва балиқ маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этишди, сайлга ташриф буюрганларни турли усулларда тайёрланган балиқ билан сийлашди ҳамда арзон нархда ўз маҳсулотларини сотувга қўйишди. Шунингдек, балиқ овлашга иштиёқманд бўлганлар қармоқ ёрдамида ўз севган машғулотлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишди. Бутун сайл давомида маҳаллий санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар янграб турди.  
 
"Балиқ сайли"да иштирок этган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов «Сартепо агрофуд импекс» МЧЖ раҳбари Жалол Шукуров ва «Ок амур балиқлари» фермер хўжалиги бошлиғи Илҳом Ҳалимов билан балиқчиликни ривожлантириш, аҳоли дастурхонига арзон нархларда балиқ етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди. Суҳбат чоғида вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрининг гавжум, серқатнов жойларида балиқ сотишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Уч-тўрт жойда ҳафтанинг маълум куни мунтазам равишда тирик балиқ савдосини амалга ошириш орқали одамларни жу жойга балиқ хариди учун келишга ўргатиш мумкинлиги қайд этилди. Э.Турдимов ҳафтанинг бир куни, масалан, шанба кунини балиқхўрлик куни деб эълон қилиш таклифини ўртага ташлади.

Жалол Шукуров “Балиқ сайли”ни ташкил этишдан мақсад аҳолини балиқчилик соҳасида бўлаётган туб ўзгаришлар билан таништириш, гастрономик туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат эканлигини таъкидлади.
  
Илҳом Ҳалимов балиқчилик соҳасида чорак асрдан буён меҳнат қилиб келмоқда. Унинг уқтиришича, «Ок амур балиқлари» фермер хўжалигини ташкил этганига 22 йилдан ошди. Бу йиллар давомида хўжалик ривожланди ва кенгайди. Ҳозирги пайтда бу ерда бир неча турдаги балиқлар етиштирилмоқда ҳамда бошқа балиқчилик хўжаликларига балиқ човоқлари етказиб берилмоқда. Бугина эмас. Икки гектардан кўпроқ майдонда балиқчилик бўйича инновацион ўқув маркази ва лаборатория, экобоғ, шунингдек, 100 кишига мўлжалланган меҳмонхона, мактабгача таълим муассасаси,  беш қаватли турар жой, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этилмоқда. Натижада нафақат вилоят, балки бутун мамлакатимиз балиқчилари учун илмий ва малака ошириш маркази вужудга келади ва унга хорижлик мутахассислар ҳам таклиф этилади.   

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий