пятница, 27 декабря 2019 г.

“Маҳалла менинг тақдиримда” кўрик-танлови ўтказилди


Самарқандда ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчилари иштирокида “Маҳалла менинг тақдиримда” кўрик-танлови бўлиб ўтди.


Дастлаб вилоятдаги 1095 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 6 мингдан ортиқ ёшлари иштирокида танловнинг биринчи – саралаш (маҳаллалараро) босқичи ўтказилди. Шундан сўнг ташкил этилган танловнинг туман ва шаҳар босқичида 500 нафар ёшлар фаол иштирок этишди. Куни кеча Самарқанд шаҳридаги 22-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Юсуф Салимов танловнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни уқтирди: “Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5та муҳим ташаббусининг ижросини таъминлаш ҳамда  ёшлар ўртасида тарихий хотира, халқимизнинг анъаналари ва маданий меросига ҳурмат каби фазилатларни шакллантиришда “Оила – маҳалла – мактаб” ҳамкорлиги механизмини янада кучайтириш мақсадида ўтказилди”.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичи якуний натижаларига кўра,  биринчи ўринни Булунғур туманидаги “Каптархона” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Кабутар” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Самарқанд шаҳридаги “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Янги ҳаёт” жамоасига ва учинчи ўрин  Каттақўрғон туман “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ташаббускор ёшлар” жамоасига насиб этди. Ғолиб ва иштирокчилар вилоят кенгашининг диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Бундан бироз олдинроқ эса фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар иштирокида икки босқичли «Биз оилавий ажримларга қаршимиз!» мавзуида иншолар танлови ўтказилган эди. Танловнинг вилоят босқичида Булунғур туманининг Қирқ Шоди МФЙ раиси Мамарасул Якубов биринчи ўринни эгаллади. Мутахассислар ўртасида Каттақўрғон туман Ёви МФЙ мутахассиси Азиза Муҳаммадиева ғолиб деб топилди. Ғолибларга фахрий ёрлиқ, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий