Самарқандда “ZARTEK” гемодиализ маркази очилди. Эндиликда буйрак
етишмовчилиги билан оғриган ҳамда гемодиализга муҳтож бўлган беморларнинг
хорижга бормасдан, шу ернинг ўзида даволаш имконияти яратилди. Нефрология соҳасида
ташкил этилган ушбу тиббиёт муассаси “ZARMED” тиббий маркази ва Туркиянинг “TEK
GROUP” компанияси ҳамкорлиги натижасидир.
Янги марказ очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўз
олганлар мамлакатимизда кейинги йилларда тиббиётни ривожлантиришга
қаратилаётган эътибор, соҳага хориж сармоясини
кирдириш учун яратилаётган шароитлар ва чет эллик мутахассислар билан
ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида қўйилган қатъий талаблар самараси ҳақида сўз
юритдилар.
“TEK GROUP” компанияси бош директори Чанкут Узман Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида
амалга оширилаётган ислоҳотлар уни ва ҳамкорларини бу ерда қўшма корхона ташкил
этишга ва катта миқдорда инвестиция киритишга ундаганини таъкидлади. “Биз “ZARMED”
тиббий маркази билан биргаликда учта гемодиализ марказларини очдик. Улар Самарқанддан
ташқари Бухоро ва Қарши шаҳарларида жойлашган. Марказлар керакли воситалар,
замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Уларда маҳаллий шифокорлар билан
бирга туркиялик мутахассислар ҳам фаолият юргизишади”, – деди жумладан меҳмон.
“ZARMED” тиббий марказлари тармоғи бош директори Дилшод Шукурлаев “ZARTEK”
гемодиализ маркази Ўзбекистонда тиббий хизмат соҳасида ташкил этилган биринчи
қўшма корхона эканлигини уқтирди. Ушбу лойиҳани амалга оширишга бир миллион
доллар миқдорида маблағ сарфланган. Шундан 500 минг доллари чет эл инвестицияси
ҳисобланади.
“Буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар кўп ҳолларда шифо излаб хорижга
боришарди. Бунга катта маблағ ва вақт сарфланарди. Эндиликда бундай беморларга
ўзимизда малакали хизмат кўрсатиш имкони мавжуд. Марказларда беморларга даволаниш
ҳамда шифокор ва ҳамшираларга самарали ишлашлари учун барча шароитлар яратилган”, – дейди Д.Шукурлаев.
Суҳбатдошимнинг сўзларига қараганда, хорижлик ҳамкорлар билан яқин
келажакда вилоятлараро радиотерапевтик даволаш ва ПЭТ текширувлар маркази ҳам
ташкил этилади. Бу саратон хасталигини олдиндан анқилаш ва вақтида даволаш йўлида
қўйилган муҳим қадам бўлади.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий