вторник, 31 декабря 2019 г.

БОҒИМАЙДОН ЯНГИЛИКЛАРИ. Обод маконда байрамни нишонлашнинг гашти ўзгача!





Маҳалламизнинг Янги йил арафасида саранжому саришта бўлиши ва янада кўркамлик касб этиши йўлида кейинги икки кунда анчагина ишларни амалга оширдик. 


Маҳалла марказида бунёд этилган янги бино атрофи қурилиш чиқиндиларидан тозаланди. Авваллари чуқур бўлган катта майдон тупроқ билан тўлдирилган эди. Унинг юзасини тўпланган қолган хазон-барглар билан қўшиб ағдардик. Натижада бу жой ҳам тоза бўлди, ҳам қуриган барглар баҳоргача чириб, ерни бойитишга хизмат қилади.

Дўстимиз Зайниддин ерни ўз кучимиз билан ағдарамиз деганда, 85 ёшли Субҳон бобо дарров уйларига бориб, бел олиб келдилар ва ерни ағдара бошладилар. Буни кўрган бошқа маҳалладошларимиз ҳам ишга киришдилар. Кўрибсизки, бир пасда кўзланган мақсадга эришилди.
 
Янги йил тадбирларини ўтказадиган янги бинога вақтинчалик зина ҳам бунёд этилди. Муқим турадиган зина кейинчалик, бино ёнидаги айвон қад ростлагач, қурилади.

Бугун Боғимайдон кўчасининг чала қолган жойига асфальт ётқазиш ишлари бошлаб юборилди.

Шундай қилиб, Янги йил арафасида маҳалламиз янада обод ва кўркам бўлиши йўлида амалий ишлар қилинди.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий