воскресенье, 1 марта 2020 г.

Вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриев сайловчилар билан учрашди


Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига 1-Боғибаланд сайлов округидан сайланган депутат Бадриддин Насриев Боғимайдон, Чилстун, Қир, Обираҳмат, Хўжа Дониёр маҳаллалар вакиллари билан учрашув ўтказди. Самарқанд шаҳридаги 69-ўрта мактабда бўлиб ўтган учрашувда маҳаллалар ҳаёти билан боғлиқ долзарб муаммолар атрофлича муҳокама этилди.


Дастлаб Б.Насриев мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий вазият ҳақида сўз юритди, айниқса маҳалла тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Нотиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди.

“Маҳалла тизими тубдан ўзгариб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланиб кетди. Эндиликда маҳалланинг мавқеи ва обрўсини юксалтириш орқали унга юклатиладиган вазифлар кўлами, бошқача қилиб айтганда, масъулияти ҳам оширилади. Энди фуқаро ўзини қийнаётган муаммо билан дастлаб маҳалла раисига мурожаат қилади. Жорий этилган “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича самарали ҳамкорлик тизими янада мустаҳкамланади”,  – деди Б.Насриев.

Депутат, шунингдек, 1-Боғибаланд сайлов округида истиқомат қилувчи аҳолининг вилоят Кенгашидаги вакили сифатида сайловчилар билан мунтазам учрашиб туришини, мавжуд муаммоларни бартараф этишда ўз ваколати доирасида ҳаракат қилишини таъкидлади. Ўз  чиқишининг якунида муаммо ва камчиликлар ҳақида очиқ фикр билдиришга,  таклифлар киритишга чақирди.

Тўпланганлар томонидан йиллар давомида долзарб бўлиб келаётган табиий газ ва электр энергияси  таъминотидаги узилишлар жонга текканлиги, эски ва қийшайиб қолган симёғочларни алмаштириш зарурлиги, водопровод қувуридаги босим пастлиги туфайли ичимлик суви айрим хонадонларга етиб бормаётганлиги, Обираҳмат маҳалласи ҳудудида яни трансформатор ўрнатиш масаласини тезроқ ҳал қилиш кераклиги каби қотор муоммолар ўртага ташланди. 

69-ўрта мактаб жамоаси вилоят Кенгаши депутатига мактаб биноси 1976 йилда қурилганлиги, шундан буёғига бирор марта капитал таъмир қилинмаганлиги, эшик-ромлар, пол тахталари деярли ишдан чиқиб бўлганлиги, ўқувчилар сони нормадагидан қарийб бир ярим баравар ортиқлиги ҳақида гапириб, ундан ваколати доирасида ёрдам кўрсатишни илтимос қилди. Б.Насриев ушбу муаммо юзасидан депутат сўрови тайёрлашини ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар олдида мактабга амалий ёрдам кўрсатиш масаласини кўтаришини таъкидлади.

Учрашув сўнгида йиғилганлар депутатга ўз миннатдорликларини изҳор қилиб, бундай тадбирлар мунтазамлик касб этишини тилаб қолишди. 

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий