суббота, 21 марта 2020 г.

Боғимайдонда шанбалик уюшқоқлик билан ўтди




Наврўз байрами арафасида юртимизда ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарига Самарқанд шаҳрининг барча маҳаллалари қаторида Боғимайдон МФЙда ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Аслида маҳалламиз аҳли юқоридан келган кўрсатма асосида ёки бировга яхши кўриниш учун номигагина, ҳисоботни деб бирор бир иш қилмаган.  Чунки тозалик, озодалик, кўркамлик ўзимизга керак. Шу сабабдан ҳам шанбалик эълон қилинишини кутмасдан биз маҳалламиз ҳудудида қатор юмушларни бажариб қўйган эдик. Бунга Обираҳмат ариғини тозалаш ҳамда “Еттигўр” қабристонини ободонлаштириш бўйича қилинган ишларни мисол келтириш мумкин.

14 март куни маҳалламиз марказидаги дарахтларга шакл бердик, уларни оқладик, гул ва янги дарахтлар экдик. Узунлиги деярли 30 метр бўлган деворни оҳак билан оқладик. “Еттигўр” қабристонида, Обираҳмат ариғида аввалроқ бошлаган ишларимизни давом эттирдик. Шунингдек, “Чинор ота” масжидида олиб борилаётган таъмирлаш ишларига бир гуруҳ маҳалладошлар жалб қилинди.
 
Қуванарлиси шуки, отахонларимиз – 85 ёшдан ўтган Мардон бобо, Субҳон бобо ва Маҳмуд боболар ҳам  шанбаликка чиқиб, ўз маслаҳатлари билан ҳашарчиларга кўмакчи бўлишди. Мардон бобо қўлига болта олиб, кесилган шох-шабадаларни майдалашга ёрдамлашди.
 
Ҳаммаси бўлиб шанбаликка 35 киши қатнашди. Биргаликда ошпаз Ҳикмат ака тайёрлаган паловхонтўрани тановул қилиб, дастурхон атрофида дилкаш суҳбат қурдик. Тушликдан кейин яна савобли ишни давом эттирдик.



Шанбалик ва ҳашарлар маҳалла ҳудудига файз бағишлаши билан бирга маҳалла аҳлини янада жипслаштиришга, меҳр-муҳаббатни кучайтиришга хизмат қилишини амалда кўриб турибмиз.

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий