суббота, 21 марта 2020 г.

Самарқандда камбағалликни камайтиришда маҳаллалар масъулияти ҳақида сўз юритилди



Самарқанд шаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирокида 3 март куни йиғилиш бўлиб ўтди. Унда камбағалликни камайтириш бўйича маҳаллалар кесимида бажарилиши лозим бўлган вазифалар батафсил кўриб чиқилди ва зарурий вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда қатор ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. Тадбирни шаҳар ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бадриддин Насриев очди. У йиғилишнинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб, сўзни шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Акрам Эгамовга берди.

Нотиқ ўз чиқишида ўтган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганлиги ва унда камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинганлигини уқтирди.


 
А.Эгамов давлатимиз  раҳбарининг “Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак” деган сўзларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда камбағалликни камайтириш мақсадида қатор амалий ишлар бажарилиши кўзда тутилган. Жумладан, бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади, фойдаланишдан чиқиб кетган ерлар камбағал аҳолига ажратиб берилади ҳамда зарур жойларда артезиан ва қудуқлар қазилади, аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини оширишги эътибор қаратилади.
 
А.Эгамов ана шу ва бошқа ишларни амалга ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида ҳақиқий шароит ва аҳволни таҳлил қилиш учун камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сонига аниқлик киритиш лозимлигини уқтирди. Бунинг учун МФЙ раисларига аниқ топшириқлар берилди.  

Бадриддин Насриев маҳаллалардаги ҳақиқий аҳволни билиш учун тавсия этилаётган жадвалларни тўлдириб, қисқа муддатларда Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига топшириш муҳимлигини уқтирди. “Биз бу билан кам даромадли оилаларга тез ва манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятини яратамиз”, – деди жумладан Б.Насриев.

Йиғилишда, шунингдек, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича  ўринбосари Ваҳоб Аҳмедов сўз олиб, МФЙ раислари ва профилактика инспекторларининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти тизим олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.


Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий