воскресенье, 22 марта 2020 г.

Коронавирус. Маҳалла фуқаролар йиғини нима қилиши мумкин?




Коронавирус юртимзга кириб келган 15 мартдан бошлаб янги бир атама пайдо бўлди: ваҳимавирус. Айримларнинг ҳаракатини, ўзини тўрт томонга уришини кўриб, ҳайрон қоласан киши. Кимдир оғир дамда чўнтагини қаппайтиришга  интилди, яна кимдир ўзини мамлакатимизга касаллик эмас очарчилик кириб келгандай тутди. 


Шукрлар бўлсинки, икки-уч кун ўтиб ҳукуматимиз ва маҳаллий ҳокимият органларининг кўрган қатъий чора-тадбирлари сабаб бироз ўзимизга келдик.  

Бундай вазиятда маҳалла фуқаролар йиғини нима қилиши мумкин? Аҳоли ўртасида олиб бориладиган ишларни қайси жиҳатларига эътиборни кучайтириши лозим?

Айримлар хафа бўлса ҳам, айта қолай. Бир қатор шаҳар ва туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари маҳалла фуқаролар йиғинларидан уйма-уй юриб, коронавирусдан сақланиш бўйича суҳбатлар ўтказиш, бу ҳақда баённома тайёрлаш ва суратини туширишни талаб қилишди. Яхшиҳамки, бир кун ўтиб, бу талабларнинг уйма-уй юришдан бошқаси бекор қилинди. Тўғри-да, МФЙ ходимлари тиббиёт соҳаси мутахассиси бўлмаса, ҳар дақиқада оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали мавзу бўйича чиқишлар бўлиб турган бўлса, ундан ортиқроқ нима дейиш мумкин?

Ана шуларни инобатга олиб, биз маҳалламизда бошқача йўл тутдик. Биз уйма-уй юришни бундан уч ҳафта олдин бошлаган эди. Ҳар бир хонадон ҳақида аниқ маълумотлар тўплаш билан бирга, биз аҳолини уйлари ва атроф-муҳитни тоза сақлашга даъват қилдик. Маҳалла марказида уюштириладиган ҳашарга, Наврўз байрами арафасида юртимизда ўтказилиши кўзланган умумхалқ хайрия ҳашарига фаол қатнашишга чақирдик. Биз бу билан иккита  мақсадни кўзлаган эдик. Шанбалик ва ҳашарлар маҳалла ҳудудига файз бағишлаши билан бирга маҳалла аҳлини янада жипслаштиришга, бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатни янада кучайтиришга хизмат қилади.  

Коронавирус тарқала бошлаган биринчи кунлар бизга аҳиллик, бир халқ, бир миллат бўлиб жипслашиш туйғуси унча ҳам юқори эмаслиги бутун бўй басти билан намоён бўлди. Айримлар бир-бирига хайрхоҳлик билдириш, қўллаб-қувватлаш ўрнига оғир вазиятдан фойдаланиб қолишга, чўнтагини тўлдиришга интилди. Шаҳарлараро ҳаракат қилувчи такси ҳайдовчиларнинг очкўзлиги ҳаммадан ошди. Улар бошқа кунларга нисбатан кира ҳақини икки-уч бараварга оширишди. Шу муносабат билан кўп ишлатиладиган халқ мақолларидан бири “Кимга тўй, кимга аза” мақоли бўлиб қолди.

Шу муносабат билан иккинчи ҳолатни ҳам тилга олиб ўтайлик. Карантин эълон қилингач, айрим ватандошларимиз ўртасида пайдо бўлган ваҳима орқасидан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиниши маъёридан кўпайиши натижасида нархлар сунъий равишда ошиб кетди. Энг ёмони баъзи бир маҳсулот тури дўконда камайиб қолганда одамлар ўртасида юзага келган асаббузарлику улар оғзидан яхши-ёмон гап-сўзлар чиқиб кетганлиги бўлди.

Кейинги кунлар тажрибаси ҳар қандай хатар олдида жипслашиш, бирдам бўлиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бир миллат бўлиб шаклланган мамлакатлар халқи айнан шундай йўл тутади ва хавфу хатарни ҳамжиҳатлик билан енгади. Иккинчи жаҳон урушида енгилган Германия ва Япония ёки оғир иқтисодий даврда Жанубий Корея аҳолисининг якдиллиги, умуммиллий манфаатни шахсий манфаатдан устун қўйиб, аниқ мақсад сари ҳаракатланиши қандай ижобий натижаларга олиб келганлигини кўпчилик яхши билади.

Ёки айни кунларда долзарблик касб этаётган янги мисол. Хитойнинг коронавирус балосидан қутила бошлаганлигини олиб кўрайлик. Касалликнинг бугунга келиб кескин камайганлаги мамлакат аҳлининг интизоми, мутахассислар тавсияларини сўзсиз бажариши, ўзига ва атрофидагиларга касалликни юқтирмаслик йўлида қилган ҳаракатлари натижасидир. 

Биз маҳалламиз фуқаролари билан якка тартибда иш олиб бормоқдамиз. Энг асосийси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида иш борилаётганлиги, коронавирус балосидан қутилиш учун барча чоралар кўринаётганлиги, биз фақат ваҳимага тушмасдан, ҳамжиҳат бўлиб, мутахассислар тавсияларини бажаришимиз лозимлигини таъкидлаб келмоқдамиз.

Биз аҳолига интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ҳар қандай хабарга ҳам ишониш керак эмаслигини тушунтирмоқдамиз. Масалан, Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда коронавирус ҳақида нотўғри хабарлар, асоссиз маълумотлар ва аҳоли ўртасида саросима уйғотувчи ахборот тарқатган 33 та аккаунт аниқланган.

Умуман олганда, ҳозирги жиддий вазиятда фуқаролирмизнинг ҳамжиҳат ва хотиржам бўлиши, сабр-тоқат намуналарин кўрсатиши, ваҳимага тушмасдан берилаётган ахборотни тўғри қабул қилиши ҳар қандай касаллик, жумладан, коронавирусга қарши курашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу йўлда маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзига хос ўрни бор десак, муболаға бўлмайди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Самарқанд шаҳар Боғимайдон МФЙ раиси

Комментариев нет:

Отправить комментарий