2 март куни эрталаб табиий газ босими кескин пасайди. Ишга кетишдан
олдин барча иситиш воситаларини ўчириб, фақат душхонадаги сув иситиш қозон (котёл)нинг
оловини жуда паст қолдирган эдим. Уч соатдан кейин уйга келиб, ҳайратдан қотиб
қолдим.
Душхона ичидан ғайритабиий овоз чиқаётганди. Унинг эшиги, кичкина
дерезаси очиқ эди. Ўша томон югурдим. Қарасам, иситиш қозонини совуқ сув билан
таъминлайдиган қувур тешилиб, катта босимда сув чиқаётган экан. Душхонанинг
деворлари сарғайган, пол ифлос эди. Сув иситиш қозони ичидаги кўп йиллар
давомида тўпланган занг пол ва деворларга отилиб чиққан экан.
Газ босими бирданига кескин кўтарилгандан кейин сув қайнаб, иситиш
қозони буғ билан тўлган. Буғ нисбатан юпқароқ бўлган пластмассадан ясалган совуқ
қувурини тешган. Агар қувур темирдан бўлганда, иситиш қозонининг ўзи портлаб
кетиши мумкин эди. Бунинг оқибати ўта ёмон бўларди.
Ҳар йили газ босимининг ўйнаши туфайли қанча хонадонлар азият чекади,
қанча ёнғинлар содир бўлади? Жиноятга тенглашадиган бундай бепарволик қачонгача
давом этади? Қачонгача бундай ҳолатларга газ идораси раҳбарлари томошабин бўлиб
туради? Бунинг учун айбдорлар жазога тортилса, моддий ва маънавий зарарни қопласа,
бироз бўлса ҳам масъулиятни сезадиган бўлишармиди?
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий