воскресенье, 22 марта 2020 г.

Маҳаллалар шаҳар ободлиги учун камарбаста



“Самарқанд” халқаро аэропортига олиб борадиган Академик Воҳид Абдуллаев кўчаси доимо вилоят ва шаҳар раҳбарлари эътиборида. Чунки шаҳримизга ташриф буюрган каттаю кичик меҳмонлар ана шу кўча орқали ўз манзилларига равона бўлишади. Кўча ва унинг икки томонида жойлашган биноларнинг кўркамлиги шу ерда яшаётган аҳолига, маҳалла фаоллигига ҳам боғлиқ.


20 март куни, Наврўз умумхалқ байрами арафасида Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бадриддин Насриев, у кишининг ўринбосари Аҳмаджон Маматов ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Зокир Давронов Академик Воҳид Абдуллаев кўчаси бўйлаб жойлашган маҳаллалар раислари ҳамроҳлигида пиёда юриб, мавжуд аҳвол билан танишдилар.

 
Улар йўл бўйидаги хонадон соҳиблари, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш объектлари раҳбарлари билан алоҳида-алоҳида гаплашиб, бинолар атрофининг тоза ва озодалигини таъминлаб, дарахтларга шакл бериб ва уларни оқлаб шаҳримизнинг янада обод бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишга чақиришди.

 
“Шуниси диққатга сазоворки, суҳбатга тортилган ҳар бир киши тозалик унинг ўзи учун кераклигини англаб, барча ишларни кўнгилдагидек бажаришга ваъда берди. Ҳа, ажойиб, кўнгли очиқ халқимиз бор, – дейди Бадриддин Насриев. – Албатта, нафақат байрам кунлари, балки мунтазам, ҳар доим маҳаллаларимиз юртимиз ободлиги ва осойишталиги йўлида ўз зиммаларидаги вазифаларни бажараверишади”.

Тошпўлат Раҳматуллаев,
Боғимайдон МФЙ раиси

Комментариев нет:

Отправить комментарий