понедельник, 1 августа 2011 г.

Наҳотки пул инсон қадридан юқори бўлса?!


 Ўз ҳақ-ҳуқуқини билмасдан, фикру хаёлини қандай бўлмасин ҳам пул топиш  чулғаб олганларнинг тақдирини Ибрат опанинг Америкадаги ҳаёти мисолида яққол кўрса бўлади.
Эллик ёшдан ошган бу аёл ўта камсуқум, топширилган ҳар қандай ишни виждонан бажаришга, оладиган маошини ҳалоллаб ишлаб топишга ўрганганлардан экан. Тақдир тақозоси билан саккиз йилдан бери мусофирликда яшаётган Ибрат опа тўғри келган юмушни бажарди. Асосан турли хонадонларда супириш-cидириш билан шуғулланди, ёш болаларга ёки нафақахўр аёлларга, тўшакка ётиб қолган ногиронларга қаради. Иши қанчалик оғир бўлмасин, ҳеч кимга нолимади. Дардини ичига ютди. Бошқа томондан, унинг дарди билан бу ерда кимнинг ҳам иши бор?! Ҳар кимнинг ўз ташвиши бошидан ортиб ётган бўлса! Бировга айтса, «опа чиданг, бу йўлни ўзингиз танлагансиз, ўзингиз ишлайман деб келгансиз», деган жавобни эшитиши турган гап.

Айниқса, охирги бир йил давомида бажариб келган иши Ибрат опанинг силкасини қуритди, бемадор қилиб қўйди. У уйқусини, умуман, ҳаловатини йўқотди. Агар бир тасодиф бўлмаганда, ким билади бу аҳвол қанча давом этарди ва оқибати опа учун нима билан якун топарди.
Ибрат опа икки жойда ишларди. Кундуз кунлари бир хонадон юмушларини бажарарди, кечалари эса тўшакка михланиб қолган ногиронга қарарди. У билан бир хонада турган, анча эпчил, ўзини сабабсиз хафа қилишларига йўл қўймайдиган жувон Салиманинг гапларига қулоқ тутайлик:
- Ҳар куни эрталаб Ибрат опа чарчаб, асабийлашиб тунги ишидан келардию, ўзича нонушта қилган бўлиб, яна бошқасига жўнаб қоларди. Ўзига умуман эътибор қилмасди. Бетоб бўлганида ҳам ишдан қолмасди. Бир кун қарасам, юргани мадори йўқ, кўринишидан шундайгина дардман эканлиги билиниб турибди-ю, ишга бормоқчи. Уни йўлдан қайтармоқчи бўлдим. Ҳеч бўлмаганда бир кун дам олиши, озроқ бўлса ҳам дори-даво қилиши зарурлигини уқтирдим. Унамади. Бемори олдига бормаса, у одамсиз қолиб кетишини, эртага ўрнига бошқа кишини ишга олишини айтди. Қарасам, бўлмайдиганга ўхшайди. «Опа, сиз ётиб дамингизни олинг, ўрнингизга мен борман», - дедим.
 Шундай қилиб, Салима ўз ҳамхонсига азбаройи кўнгли ачиганидан бир кеча унинг учун ишлашга розилик билдирди. Гапнинг очиғи, бунақа жойларда (хорижда, мигрантлар ичида) ҳамма ҳам бундай йўл тутмайди. Ҳатто ўз яқинларига ёрдам қўлини чўзмасдан, «ўзинг учун ўл етим» шиорини байроқ қилиб олганларнинг қанчасини кўрдим бу ерда. Салима эса Самарқандда аёллар ташкилотини бошқарарди, мадад сўраб мурожаат қилган хотин-қизларга доимо ёрдам қўлини чўзарди, улар дардига дармон бўлишга интиларди. Мусофирликда, аксарият фақат пул, бойлик деб ўзлигини йўқотаётган бир шароитда ҳам у ўзига содиқ қолди. Ҳақиқий инсон ўзининг ижобий фазилатларини, одамийлик хислатларини ҳар қандай вазиятда ҳам сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатди у.
Салима бемор хонадонига келиб, нималарни кўрганлигини қуйидагича ҳикоя қилиб берди:
- Ногирон аёл тўшакда қимирламасдан ётарди. Унинг ёнида ўрта ёшлардаги ўғли ўтирарди. Маълум бўлишича, бутун тун давомида Ибрат опага бажариши лозим бўлган ишларни шу йигит эслатиб тураркан. Беморга қайси вақтда овқат едирмоқ, қачон сув ичдирмоқ, қай маҳал кийимини алмаштиришу ўрнидан турғазиб, остидаги чойшабини янгилаш каби юмушларнинг ҳаммаси белгиланган экан. Шундайгина тўшак ёнида қўйилган будильник ҳар 1-1,5 соатда жирингларди. Унинг овози шунчалик баланд эдики, бамисоли мияга калтак билан ургандек таъсир қиларди. Айниқса, беморни тўшакдан тушириб, яна чиқариб ётқизиш машаққат эди. Ногирон аёл на ҳаракат қила оларди, на гапира оларди. Тез-тез тўшакдан тушириб, яна чиқариб қўйиш унинг ўзига ҳам оғир эканлиги шундайгина кўриниб турарди. Аммо ўғли уни жони ҳолига қўймасдан ўз билганини қиларди. Ана шу аҳволда тунни ўтказдим. Озгина муддатда кўзни юмиб дам олиш у ёқда турсин, ҳатто ўтиришга деярли имкон бўлмади. Демак, Ибрат опанинг аҳволини тушунса бўлади. Агар у ҳар тунни шундай ўтказадиган бўлса, унинг сабру тоқатига тасанно айтмасдан иложим йўқ, дедим ўзимча. «Аммо инсон шуналик ҳам  ўзини хўрлашга йўл қўймаслиги керак-ку», деган хаёл билан хонамизга қайтдим.
Салима хонасига кириши билан кейинги ойлар давомида энди бир марта кечаси тўйиб ухлаб олган Ибрат опанинг кўриниши ҳар кундагидан бошқача эканлигига, у ўзини анча бардам тутаётганлигига эътиборини қаратди. «Опа, бўлди, бас, энди қайтиб у ишингизга бормайсиз. Ўзингизни шунчалик азобга қўйганингиз етар», - деди ҳамхонасига кескин оҳангда. Бунга жавобан Ибрат опа ишламаса бўлмаслигини, уйдагилари ундан пул кутаётганлигини таъкидлади. Олдинлари ҳам ундан бу гапларни кўп марта эшитган бўлса-да, унчалик эътибор қилмаган Салима ўтган тунда кўрганлари таъсири остида ўзини тутолмади.
Бундан бир неча йил аввал уч нафар фарзанди билан бева қолган Ибрат опа болалари катта бўлганда бир хонали квартирада яшаб бўлмаслигини, қизини чиқариши, ўғилларини уйлантириши лозимлигини ўйлаб эзиларди. Шу сабабли хорижда ишлаш имконияти пайдо бўлганлигидан хурсанд бўлиб, йўлга отланган эди. Аммо ўтган йиллар давомида ўзи учун, ўз оиласи учун деярли хеч нарса қилишга улгурмади. Биринчи йиллари жуда қийналди. Тилни билмайди, Америкада ярайдиган бир касби йўқ. Шу сабабли озгина иш ҳақи ҳисобига куни ўтиши учун малака талаб қилмайдиган юмушларни бажариб юрди.
Кейинчалик қўлига пул тушиши билан ака-укалари, яқин қариндошлари телефонда ўз камчиликларидан нолиб, ундан ёрдам сўрашганда, ҳеч кимга йўқ демади. Феъли қурғур шунақа. Бировнинг айтганини қилмаса, бутун олам ундан хафа бўладигандек. Ҳовли-жой қиламан, болаларимни ғамини ейман, деган орзусини орқага сураверди. Мана, қарабсизки, 7-8 йил ҳам ўтиб кетди.
Ана шу гапларнинг ҳаммасидан хабардор булган Салима шу вақтгача андишага бориб, Ибрат опага ўзини ҳам ўйлаши, ўз қадрини билиши зарурлиги ҳақида тил очолмасдан юрган эди. Энди чидаб туролмади. Дилидигини очиқ айтди. Агар шундай давом этса кўп ўтмасдан соғлигини бой бериб, ишга яроқсиз бўлиб қолишини ва ҳеч кимга керак бўлмаслигини айтди. «Иш деб бунча жонингизни койитманг, вақтида дам олинг, нима бўлганда ҳам ўзингизнинг қадрингизни билинг», - деди Ибрат опага. 
Ўзидан ёш, лекин дунёнинг паст-баландини билган Салиманинг гаплари Ибрат опага таъсир қилди. У бошқа ишга ўтди. Ҳар ҳолда, дам олишга, вақтида овқатланишга имкон топмоқда. Аммо хорижда мигрантларимиз учун «дам олиш» дегани нисбий тушунча. Қаҳрамонимиз ҳозирда ҳам икки жойда ишламоқда.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий