Кейинги пайтда Самарқандда айримлардан “йил ёмон келди, деярли ҳар куни у ёки бу маҳалладан жанозага хабар келади, кабиса йили шундай бўларкан-ми”, деган гап-сўзларни эшитяпман.
Бир томондан, бу гапларда жон бор. Чунки камина айрим кунлар икки-учта
жанозага иштирок этишимга тўғри келди. Масалан, ўтган якшанба учта, душанба
куни иккита, сешанбада эса битта жанозада қатнашдим. Марҳумларнинг ёши турлича:
34, 58, 63, 65, 68, 89...
Мутахассислар бу муаммо хусусида ўз фикрларини билдиришар. Оламдан ўтган
50-65 ёш оралиғидаги тиниш-билишларимнинг ҳаёт тарзини, ўзига, ўз соғлигига,
овқатланишига бўлган муносабатини таҳлил қилиб, айрим хулосаларга келдим.
Бемор бўлган дўстлардан хабар олиш учун турли шифохоналарга борганимда,
уларнинг ҳар бирида юзлаб беморларни кўриб, ҳар гал “наҳотки, бизда шунча касал
бўлса”, деган фикр хаёлимдан ўтди. Врачларнинг уқтиришича, аксарият беморлар
касалликни ўтказиб, оғир аҳволга тушгандагина шифокорга мурожаат этишади. Кўп ҳолларда
бундай беморларга ёрдам беришнинг иложи бўлмай қолади.
Вақитда ўз соғлигига эътибор қилмасликни кўпчилик даволаниш, шу
жумладан, дори-дармоннинг қимматлиги билан изоҳлашади. Бундай десак,
тўй-маъракалар, турли сабабу баҳоналар билан ташкил этилаётган ўтиришлардаги
беҳуда сарф-харажатларга нима дейсиз? Нега саломатлигимиз, кўп ҳолларда
ҳаётимиз билан боғлиқ харажатларда иқтисод қиламизу умуман кераксиз нарсаларга
келганда, ҳотамтой бўламиз?
Кузатишларимнинг далолат беришича, гап фақат молиявий ночорлигимизда
эмас. Уч кун олдин ўзига тўқ, анчагина бадавлат танишим оламдан ўтди. Маълум бўлишича,
ўтхалтаси ёрилган экан. Кўпдан бери давом этиб келаётган оғриқларга эътибор қилмасдан
юрган ва фақат аҳволи ўта ёмонлашганда,
шифокорларга мурожаат қилган. Афсуски, кеч бўлган экан.
Куни кеча 65 ёшида вафот этган бир яқин дўстимнинг йигирмасини
ўтказдик. Раҳматли яхши, беозор, чеҳраси очиқ инсон эди, лабидан табассум аримасди.
Аммо ўзига қарамасди. Тоби қочса шифокорга бормасди, ким нима деса ўшани
қиларди, янги чиққан табибларни ахтарар, уларнинг айтганини бажарарди. Мана,
натижа: меҳнатининг роҳатини кўрмасдан бу ёруғ дунёни тарк эди.
Саломатлигимизнинг муҳим икки омили бўлган овқатланиш ва
бадантарбиянинг қанчалик муҳимлигига деярли эътибор қаратмаймиз. Истеъмол қилаётган
овқатимизнинг таркиби, меъёри, қанчалик бир-бирига мувофиқлиги, фойдаю зарари
билан қизиқмаймиз. Нима бўлса ҳам ичимизга киргани фойда деб ўйлаймиз. Аксариятимиз
яшаш учун емасдан, ейиш учун яшаётгандай, назаримда.
Яқинда америкалик олим Колин Кэмпбеллнинг “Америка тадқиқотлари” (рус
тилида – “Американские исследования”) китобини ўқиб чиқдим. Олим кўп йиллик
изланишлари натижасида овқатланишнинг инсон соғлигига қандай таъсири борлигини
чуқур ўрганган. У замонамизнинг энг оғир хасталиклари – саратон (рак), инфаркт,
инсульт, қандли диабет ўта кучли овқат истеъмол билан боғлиқ эканлигини
кўрсатиб, уларни “бойлар касаллиги” деб атайди. К.Кэмпбелл аҳоли бойиб борган
сари овқатлиниш одатлари, турмуш ва санитария тарзи ўзгариб боришини уқтириб, “аҳолининг
турмуш даражаси қанчалик юқори бўлса, бойлар кассалигидан шунча кўп одам ўлади”,
дейди.
Иложи бўлса, 400 бетли бу китоб билан ҳар бир оила танишиб чиқиши
керак. Уни Интернетдан юклаб олиш мумкин. Умуман, ҳар бир кишининг соғлиги ўз
қўлида эканлигини, касалликнинг олдини олиш осонлигини, бунинг учун ўзимизга,
турмуш тарзимизга эътибор қаратишимиз муҳимлигини ҳар биримиз англаб етишимиз
даркор. Шунда “йил ёмон келди, ўрта ёшга етиб ё етмасдан қанча одамлар ўлиб
кетди” деб, афсус чекмаймиз.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий