среда, 23 марта 2016 г.

Самарқандлик адвокатлар Наврўзни нишонлашди


 Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси Наврўз умумхалқ байрамини катта тантана билан нишонлади. Байрам тадбири вилоятда фаолият юргизатаётган адвокатлар  иштирокида “Боғишамол” базмгоҳида бўлиб ўтди.

Уни Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Аҳтамов очди ҳамда касбдошларини деярли уч минг йиллик тарихга эга бўлган Наврўзи олам билан табриклади, уларга ва оилаларига омонлик, бахт-саодат тилади.

Тадбирда вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ҳасан Нормуродов сўз олиб, адвокатларнинг баҳор байрамини ана шундай кўтаринки руҳда ўтказишаётганлигида катта маъно борлигини уқтирди. Бутун йил давомида  уларнинг хонадонидан қут-барака аримаслигини, дастурхони тўкин- сочин бўлишини тилади.
                                
Ҳар бир корхона ва ташкилот каби Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида ҳам илғор, ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган, бошқаларга ўрнак бўлишга лойиқ ходимлар фаолият олиб бормоқда. Ана шундай фаолларнинг бир гуруҳи бошқарма раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
                                       
Шуни таъкидлаш жоизки, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси нафақат Наврўз, балки барча байрамларни ҳамжиҳатлик билан, биргаликда нишонлайди. Бу яхши анъанага айланиб қолган.
                                   
Наврўз байрами тантаналарининг мазмунли ўтишида таниқли хонандалар Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ваҳобиддин Баҳриев ва ўғли Нуриддин, Баҳодир Сирожиддинов, Асатулла Отауллаев, Анвар Султонов ҳамда “Бешқарсак” фольклор дастаси муносиб ҳисса қўшдилар. Тўпланганлар Тошкентдан махсус ташриф буюрган иллюзионист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Саттор Исломовнинг чиқишларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
                                   
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармалари орасида ўз нуфузи ва ўрнига эга бўлган Самарқанд вилоят бошқармасидаги мавжуд 63та адвокатлик тузилмаларида 335 нафар адвокат фаолият олиб бормоқда, улардан 90 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади.


Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий