среда, 22 ноября 2017 г.

“Коррупцияга йўл йўқ!”: Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси тадбир ўтказди


Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси (ДСБ)да “Давлат органлари – тадбиркор таянчи: коррупцияга йўл йўқ!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари ва тадбикорлик субъектлари вакиллари ҳамда солиқ органлари ходимлари иштирок этишди.  


Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбир ҳақида таҳририятимизга вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Даврон Равшанов жўнатган маълумотномада яна қуйидагилар ҳақида сўз юритилади.

Жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Ўзбекистан Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев Самарқанд вилояти фуқаролари билан ўтказган “Сайёр қабул” учрашувларда 585 нафар фуқаронинг 93 та мурожаати рўйхатга олинган эди. Улардан 12таси коррупция ҳолатлари бўйича, 2таси эса тизим ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан берилган оғзаки ҳамда ёзма мурожаатлари ҳисобига тўғри келади.

Ушбу ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилган.

Мамлакатимизда тадбиркорларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб берилаётганлигига қарамасдан, баъзи тадбиркорлар қонуний фаолият юритишдан кўра, қонунни четлаб кўпроқ фойда кўришга уринишади. Бунинг учун давлат хизмати ходимларини пора эвазига сотиб олишга ҳаракат қилишади. Баъзи давлат хизмати ходимлари эса тадбиркорларнинг ўз хақ-ҳуқуқларини  яхши билмасликларидан фойдаланиб, таъмагирлик қилишга ҳаракат қилишади. Бундан кўриниб турибдики, коррупция ҳолатлари турли сабаблар ва ҳолатларда вужудга келади.

Тадбирда солиқ тўловчилар ва давлат органлари ходимлари, хусусан давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ўртасида коррупция, порахўрликка оид ҳолатларнинг юзага келишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтилди. Тадбирга таклиф этилган суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тегишли ташкилотларнинг ходимлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан биргаликда давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш масаласини муҳокама этишди. Мазкур иллатга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик тамойилларини таъминлаш муҳимлиги, ҳар бир жиноий ҳаракат ва ҳаракатсизлик учун жазонинг муқаррарлиги тушунтириб ўтилди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш учун янги имкониятлар яратилмоқда. Эндиликда тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар тубдан қисқаради. Бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланлиги ҳақида ҳам тушунча берилди.

Очиқ мулоқот барча учун самарали бўлди,дейди якка тартибдаги тадбиркор Элдор Турсунов. Ўзимни қизиқтирган саволга жавоб олишдан ташқари, ҳуқуқий билимим ошди.  Шунингдек, коррупция, унинг туб илдизи, мазкур иллатга қонунчиликда белгиланган жазолар тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлдим”.

Тадбирда қатнашчиларни қизиқтирган саволларга малакали ходимлар томонидан атрофлича жавоблар, уларни қийнаётган муаммоларнинг ечими бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилади.

Бу каби тадбирлар барча шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларида ҳам ўтказилди.

Тошпўлат Раҳматуллаев тайёрлади,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз


“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 22.11.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий