
Ушбу сафар АҚШ Давлат департаменти ва АҚШнинг
Тошкентдаги элчихонаси томонидан Халқаро ёзувчилар дастури шафелигида ташкил
этилган. Сафар мақсади ҳақида сўз юритиб, элчихона ходими, шоир ва таржимон
Аъзам Обидов қуйидагиларни уқтирди: “АҚШ Давлат департаментининг ёзувчи-элчилар
дастури ижодкорларни бошқа мамлакатларга юбориш орқали ўзаро алоқаларни
мустаҳкамлашга, адабий мулоқотлар ёрдамида халқларнинг бир-бирини тушунишни
юқори поғонага кўтаришга қаратилган. Шу кунларда тўрт нафар ёзувчи бу вазифани
бажариш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, бундан олдин спортчи-элчилар,
мусиқачи-элчилар ҳам келиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада
мустаҳкамлаш йўлида ўз ҳиссаларини қўшган эдилар”.

Институтнинг катта ўқитувчиси, таржимон Динара
Султонова ушбу гапларни тасдиғи сифатида Алишер Навоий ғазалларини инглиз
тилида ўқиб берди. У таржимани ўзи бажарганлигини қайд этиб, бадиий таржима бўйича институтда бир гуруҳ
ёшлар қунт билан изланишлир олиб боришаётганлигини таъкидлади.
Америкалик ёзувчилар эса ўз чиқишларида ижодкорнинг
жамиятдаги ўрни хусусида, адабий алоқаларнинг халқлар ўртасида дўстлик
ўрнатишда кўприк бўла олиши тўғрисида сўз юритишди. Уларнинг ҳар бири ўз ижоди
ҳақида гапириб берди. Кристофер Меррилл бундан аввал ҳам Ўзбекистонда
бўлганлигини ва шеърлари ўзбек тилига таржима қилинганлигини мамнуният билан
қайд этди. Энн Ҳуд, Стивен Куусисто, Чинело Окпаранта эса бу уларнинг юртимизга
биринчи сафари эканлигини, шу орқали нафақат бу ердаги адабий муҳит билан, балки
одамлар, урф-одатлар, тарихий обидалар билан ҳам яқиндан танишиш имконияти
туғилганлигидан ниҳоятда хурсанд бўлишганлигини уқтиришди.

Нусрат Раҳмат асарлари, уларда кўтарилган мавзулар
ҳам америкалик ёзувчиларни қизиқтирди. Ўз навбатида, адиб замонавий Америка
адабиёти ҳақида ўзбек тилида етарлича
маълумот йўқлигини, ҳозирда ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар асарларини ўзбек
тилига таржима қилиш масаласи долзарблигини қайд этди. У АҚШда шоир ва ёзувчилар асарларини чоп этиш қандай йўлга
қўйилганлиги ва интернет ривожланган бир вақтда ноширлик ва матбаа ишлари қай
аҳволда эканлиги билан қизиқди.
Кристофер Меррилл АҚШда ёзувчи ва шоирлар асарларини
нашр эттириш учун ўз истеъдоди ва имкониятларига қараб, турли йўллардан
фойдаланиши мумкинлигини уқтириб, шундай деди: “Деярли ҳар бир университет қошида босмахона мавжуд, хусусий
босмахоналар ҳам сон-саноқсиз. Катта шаҳарларда эса йирик нашриёт уйлари бўлиб,
уларда асар чиқариш учун кучли рақобат
мавжуд, яъни асар юқори савияда ёзилган бўлиши лозим. Адиб ва нашриёт ўртасида
адабий агент иш олиб боради, жумладан у қалам ҳақи, асарнинг тиражи каби
масалаларни ҳал этади”. Маълум бўлишича, икки томон келишиб, шартнома тузгандан
кейин нашриёт уйи муалллифга унги тегишли қалам ҳақини олдиндан тўларкан.
Америкалик меҳмонлар Регистон ансамбли билан танишиб
чиққандан сўнг уларни суҳбатга тортдим. Стивен
Куусисто шоир сифатида Шарқ поэзиясига қизиқиши баланд эканлигини уқтириб,
унинг ўзига хос сеҳри борлигини қайд этди. Румий, Хайём, Ҳофиз, Навоий буюк
сиймолар номлари ўзига яхши таниш эканлигини таъкидлади.
Энн Ҳуд талаба ёшлар билан бўлган учрашувдан
тўлқинланганлигини яширолмади. Айниқса, ёш бир қизнинг бадиий ижодни назарда
тутиб, “Сиз учун шакл бирламчими ёки мазмун”, деган саволи менга маъқул бўлди. Демак,
шу пайтдан унинг ижодга катта қизиқиш ва масъулият билан қараётганлиги кўриниб
турибди.
Чинело Окпаранта эса унга самарқандлик ёшларнинг
таржима масаласидаги қизиқишлари маъқул бўлганлигини уқтирди. “Агар таржима
йўлга қўйилса, биз ўзбек адабиётини ўрганардик, сизларда америкалик ижодкорлар
асарлари билан яқиндан тинишиш имкони туғиларди, – деди у. – Шу орқали адабий
алоқаларимиз мустаҳкамланиб борарди”.
Ушбу фикрни давом эттириб, Кристофер Меррилл ёзувчилар
маълум маънода тинчлик элчилари эканлигини ва ўзи раҳбарлик қилаётган Халқаро
ёзувчилар дастури ташкилотини ана шу элчиликнинг модели сифатида талқин этиш
мумкинлигини уқтирди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Суратларда: меҳмонлар
Регистон майдонида; Чет тиллар институтида; Н.Раҳмат билан учрашув.
Комментариев нет:
Отправить комментарий