Самарқанд нодавлат телевиденияси – СТВ вилоят маҳаллаларида “Ошга марҳамат” танловини ўтказишга киришди. Танловнинг дастлабки беллашуви Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласи ошпазлари ўртасида бўлиб ўтди. Бу нафақат паловхонтўра пишириш маҳоратининг синови, балки маҳалла ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган тадбир бўлди.
Дарҳақиқат, “Ошга марҳамат” танлови баҳонасида маҳалла марказида барча
касбдаги ёшу қари тўпланди. Бир томонда тўртта қозон осилиб, танлов
қатнашчилари палов тайёрлашга киришган бўлишса, бошқа томонда “Боғимайдон
наволари” рақс дастаси (раҳбари 65-мактаб ўқитувчиси Дилора Муҳаммадиева) ўз
чиқишлари билан йиғилганларга хурсандчилик улашди. Ёш тикувчи қизлар эса Боғимайдонда
бошқа касб эгалари каби чеварлар ҳам вояга етиб келаётганлигини амалий ишлари билан кўрсатишди. Маҳалла марказидаги
катта замонавий спорт залида маҳалла ёшлари ўз маҳоратларини намойиш этишди.
СТВнинг “Ошга марҳамат” танлови лойиҳаси
раҳбари Зокир Асроровнинг сўзларига кўра, бундай тадбир ҳар ойда икки марта
вилоят маҳалларида ўтказилади. Битта маҳалла танлаб олиниб, ўша ернинг ўзида
палов пишириш бўйича ана шу маҳалла ошпазлари ўзаро куч синашади. Олтита маҳаллада
шундай тадбир бўлиб ўтгач, ғолиблар ўртасида яна бир мусобақа ташкил этилади. Охирида
мутлақ ғолибни аниқлаш учун якуний танлов ўтказилади.
“Ушбу лойиҳамизни вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, “Маҳалла” жамғармаси
маъқуллаб, қўллаб-қувватлашди, – дейди З.Асроров. – Чунки биз фақат ош танлови
билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Илғор маҳаллаларимизнинг тўлақонли ҳаётини ҳар
томонлама ёритишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ушбу маҳаллалардаги тотувлик,
ўзаро ҳамжиҳатликка асос бўлган омилларни кўрсатиш орқали улар тажрибасини
бутун вилоятимиз бўйлаб тарғиб этиш лойиҳанинг муҳим жиҳатидир”.
Лойиҳанинг қанчалик кенг қамровли эканлигини яна шундан билса бўладики,
СТВнинг 10 нафар журналист ва техник ходимлардан иборат ижодий жамоаси икки кун
давомида Боғимайдон маҳалласида тасвирга тушириш билан банд бўлди. Ижодий жамо
бошқа маҳаллаларда ҳам шундай йўл тутаркан. Демак, лойиҳа доирасидаги бўлажак кўрсатувларни
томоша қиладиганлар вилоят маҳаллаларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари
билан яқиндан танишиш имкониги эга бўлишади.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий