Самарқанд ижод аҳлига яхши таниш бўлган ва кейинги йилларда Интернетда эълон қилган “Ҳодарвеш шамоли” асари орқали довруғи оламга ёйилган Миршариф Хўжаев 3 июнда 70 ёшга тўлди (Фейсбукдаги саҳифасида кўрсатилган сана туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани тўлдирган шахснинг хатоси) . Ўта камтарин инсон, Мавлоно Румийнинг “мадҳ таъмадир” деган сўзларини қалбида жо қилган Миршариф акамиз юбилейни тор доирада – бир неча дўстлари ва оила аъзолари даврасида нишонлади. Шунга ҳам фарзандлари қистови билан зўрға кўнди.
Бундай вақтда одатга кўра юбилярнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади, унинг қилган (баъзан – қилмаган) ишлари баландпарвоз сўзлар ёрдамида мақталади, унинг хизматлари ҳақида гапириб, кўкларга кўтарилади. Камина учун бундай йўл тутишнинг ҳожати йўқ. Чунки ўзлари ҳақида акамиз ҳамма гапни “Ҳодарвеш шамоли”да айтиб қўйган. Бундан бехабарлар бўлса, М.Хўжаевнинг Фейсбукдаги саҳифасига кириб, 106та лавҳадан иборат ушбу асар билан танишиши ва қаҳрамонимизнинг машаққатли ва айни пайтда ибратли ҳаёти ҳақида батафсил маълумот олиши мумкин.
Мен бу ерда фақат ўзим билан боғлиқ айрим фактларни келтириш билан
чекланмоқчиман. Гапнинг индаллосини айтганда, Миршариф ака ўрнида бошқа киши
ОАВда давлат сирларини сақлаш вилоят инспекциясида раҳбар бўлганида, каминанинг
танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишдаги дадиллигим сўнган бўларди. Вилоятда чоп
этиладиган барча босма маҳсулот у кишининг қўлидан ўтарди. Бош цензор сифатида
Миршариф ака “Самарқанд” газетаси учун ёзилган мақолаю хабарларимни ўқиб
чиқарди. Шуниси борки, қонунни ҳурмат қилган М.Хўжаев фақатгина ички
йўриқномага асосан нимани матбуотда очиқ бериш мумкин бўлмаса, фақат ўшани
ошкор бўлмаслигини текширарди.
Ўша вақтдаги “катталар”нинг хоҳишию ноқонуний талабларига эътибор
қаратмасди, “провакацион” сарлавҳаю ибораларни, газетачилар тили билан
айтганда, ўтказиб юборарди. Масалан, 1997 йилда “Бизда цензура борми?”
сарлавҳали мақоламни битта ҳарфини ҳам ўзгартирмасдан чоп этишга рухсат берган
эди. Бунинг учун уни Тошкентга чақиришган ва у мамлакат бош цензорига ҳисобот
беришга мажбур бўлган эди. Шундан кейин ҳам маҳаллийчилик, пахта теримида
талабаларнинг иштироки каби ўша вақтдаги матбуотимиз учун “қалтис” саналган кўплаб
мақолаларимнинг эълон қилинганига ҳеч қандай монеълик қилмаган эди.
Миршариф ака ҳаётда қонунни ҳурмат қилиш, сўзини устидан чиқиш, оиласи
ва дўстларига садоқат тамойилларига амал қилиб яшаб келаётган инсонлардан
ҳисобланади. Бундай кенг билимли ва айни пайтда ўта камтарин, маънавий
баркамоллик тимсоли бўлган инсон ҳар қанча ардоқлашга, ҳаёт йўлини кенг тарғиб
қилишга арзийди. Камтарликни қарангки, деярли бундан 10 йил олдин катта тарихий
романни ёзиб тугатган Миршариф ака уни чоп этишга, ҳеч бўлмаса бир қисмини
Интернетга жойлаштиришга кўндиролмаяпмиз. Бизнинг, жумладан, ёзувчи Нусрат
Раҳматнинг бу борадаги таклифлари, саъй-ҳаракатига жавобан акамиз “ҳали
камчилиги бор” деб, қисқа жавоб билан чекланмоқда.
Токи Миршариф ака билан бир-икки марта чин дилдан суҳбатлашмас экансиз,
бу камтарин, ташқи кўриниши билан бошқалардан фарқ қилмайдиган инсонда қанчалик
шижоат, инсонийлик фазилатлари мужассам эканлигини англаш мушкул. Дарҳақиқат,
руҳнинг гўзаллиги тананинг гўзаллиги каби тез кўринмас. (Мавлоно Румий).
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий