четверг, 11 июня 2015 г.

Самарқандда нафақадаги журналистлар ўртасида шахмат в шашка бўйича мусобақа бўлиб ўтди

Самарқанд вилоят матбуот уйида оммавий ахборот  воситалари ходимлари касб байрами арафасида ҳамда Кексаларни эъзозлаш йилига мўлжалланган тадбирларни амалга ошириш доирасида фахрий журналистлар ўртасида шахмат ва шашка бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Вилоят маркази ҳамда барча шаҳар ва туманлардан йиғилган нафақа ёшидаги журналистлар ўзаро куч синашган ушбу мусобақа баҳонасида кўп йиллар давомида биргаликда самарали меҳнат қилган касбдошлар дийдорлашиш бахтига муяссар бўлишди. “Аслида тадбирни ташкил этишдан мақсадимиз сизларни бир жойга тўплаш, бир-бирларингиз билан кўришиб, суҳбатлашларинг учун имконият яратиш эди”, - деди йиғилганларга мурожаат қиларкан Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Фармон Тошев. У бу каби тадбирлар йил давомида бир неча марта ташкил этиш режалаштирилганлигини таъкидлади.

Шахмат ва шашка тахталари устидаги “жанг” жиддийликни, фикрни бир жойга жамлаб, фақат ғалаба ҳақида ўйлашни талаб қилишини ҳамма яхши билади. Аммо анчадан бери кўришмаган касбдошлар ўйин тугашини кутиб ўтиришмади. Мусобақада дона суриш ҳазилу мутойиба билан қўшилиб кетди.

Ўзаро куч синаш натижаларига кўра шахмат бўйича “Овози тожик” газетасининг Самарқанд вилоят бўйича мухбири Зоҳир Ҳасанзода, шашка бўйича эса Оқадрё туманидан Бурҳон Умиров ғолибликни қўлга киритишди. Ғолиблар ҳамда иккинчи ва учинчи ўринни олган иштирокчиларга Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг кекса журналистлар гурунги бир пиёла чой атрофида давом этди.


Тошпўлат Раҳматуллаев 

Комментариев нет:

Отправить комментарий