среда, 2 декабря 2015 г.

“Хайрли ният”нинг хайрия тадбирлари

        

Самарқанд вилоят “Хайрли ният” хайрия жамғармаси Бутунжаҳон ногиронлар куни арафасида бир пиёла чой атрофида учрашув ўтказди. Унга шаҳар ва туманлардан меҳнат фахрийлари, ногиронлар таклиф этилди.

Самарқанддаги “Регистон плаза” меҳмонхонасида бўлиб ўтган дастурхон атрофидаги учрашув Бутунжаҳон ногиронлар куни, Кексаларни эъзозлаш йили ҳамда “Хайрли ният” хайрия жамғармасининг 18 йиллигига бағишланди.

Тиниб-тинчимас инсон Баҳодир Абдуллаев раҳбарлик қилаётган жамғарма ногиронларга, Меҳрубонлик уйлари ва Самарқанддаги Саховат уйига қўлидан келгунича мадад кўрсатоқда. Турли корхона ва ташкилотларнинг меҳри дарё раҳбар ва ходимларининг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши туфайли жамғарма ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда. Бунинг учун Баҳодир аканинг изланувчанлиги, одамлар қалбига йўл топа олиши муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Хайрли ният” хайрия жамғармаси ва унинг раҳбари Б.Абдуллаевнинг қилётган эзгу ишлари ҳақида илиқ сўзлар айтишди. Меҳнат фахрийлари Бобомурод Зиёев, Абдурасул Ҳакимов, профессор Усмон Санақулов ва бошқалар тадбир баҳонасида анча вақтдан бери кўрмаган касбдошу дўстлари билан учрашганлари, қалблари завққа тўлганлигини тўлқинланиб гапириб беришди. Улар ана шундай савоб иши учун Б.Абдуллаев ва унинг сафдошларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.  

Тадбирда Самарқанд шаҳридаги 9-Меҳрибонлик уйининг жажжи тарбияланувчиларидан ташкил этилган “Кичкинтой” дастаси ўз рақслари билан чиқиш қилди. Рақс дастасининг раҳбари Ирода Алаеванинг сўзларига қараганда, “Хайрли ният” хайрия жамғармаси кўп йиллардан бери ушбу Меҳриборлик уйига ёрдам бериб келаётган экан.  
                             
Тўкин дастурхон атрофида бўлиб ўтган дилтортар учрашув сўнгида отахону онахонлар дуога қўл очиб, Яратгандан тадбирни ташкил этганлар умрини зиёда қилишлигини, барча эзгу ишларида мададкор бўлишлигини сўрашди.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий