Сиёб деҳқон бозорининг собиқ 16-автокорхона ҳудудида жойлашган улгуржи савдо қилувчи филиалига кираверишда гуруч сотадиган катта дўкон – сарой очилиб, пластик карточкада савдо қилиниши билдирилган эълонни кўриб, ҳайрон қолдим. Чунки деҳқон бозорида “келиб қолинг, мана мен пластикка савдо қиламан”, деган мардни топиш осон эмас-да!
Терминал орқали ҳисоб-китобни амалга оширувчи савдо ва хизмат кўрсатиш
нуқталарининг кўпайиши иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар пластик карточкаларга
ўтказилаётган бир шароитда табиий ҳолдир. Шунга қарамасдан, ҳозиргача бу
заруратни тушунмасдан иш кўраётганлар оз эмас. Савдо, умумий овқатланиш ва
хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳанузгача турли баҳоналар остида пластик
карточкаларни қабул қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Ёки нақд пулга қараганда
10-20 фоиз кўпроқ ҳақ талаб қилинмоқда.
Шу ойнинг бошларида очилган
гуруч саройи “Каримов Машраб” хусусий корхонасига тегишли бўлиб, биринчи кундан
бошлаб нақд пул ва пластик карточкаларда савдо қилинаётган экан. Шу ҳақда
гапирар экан, дўкон мудири Сами Боқиев терминал орқали қилинаётган савдодан
тушуётган маблағни ишлатишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини, корхона учун ҳар
иккала йўл билан савдо қилиш қулай эканлигини таъкидлади.
“Дўконимиз янги очилганлигига қарамасдан, - дейди суҳбатдошим, -
пластик карточка орқали савдо қилаётганлигимиз туфайли кунлик савдо ҳажми мунтазам
ортиб бормоқда. Гуручнинг нархи ҳам унча юқори эмас, уч мингдан беш минг
сўмгача. Биз гуручнинг “Аланга”, “Авангард”, “Нукус” ва Самарқандда
етиштирилаётган “Конигил” навларини сотяпмиз”.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий