пятница, 26 февраля 2016 г.

Тадбиркор стандарт талаблари, сертификатлаш ва метрология қоидаларидан қанчалик хабардор?


Самарқанд вилоят Матбуот уйида Самарқанд стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси мутахассислари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш бўйича тизимда амалга  оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Самарқанд стандартлаштириш ва метрология бошқармаси (СМБ) бош мутахассиси Азиз Турдиев хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш йўлида нималар қилинаётганлиги ҳақида, Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси (ССМ ДК)нинг сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш бўлими бошлиғи Ихтиёр Истамов экспорт қилувчи корхоналарда олиб борилаётган тегишли ишлар хусусида батафсил сўзлаб беришди.  

Дастлаб А.Турдиев СМБнинг ҳар иккала бўлими, яъни стандартлаштириш ҳамда метрология бўлимлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапириб, улар томонидан амалга оширилаётган ишларни батафсил санаб ўтди.

Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ўз ваколати доирасида фақат давлат назорати ишлари билан чекланмасдан, жойларга чиқиб, кўпроқ профилактика ва тушунтириш ишларини олиб бориш, амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида маълумот етказиш ҳамда консультатив-услубий ёрдам кўрсатишга ўз эътиборини қаратмоқда.
                                  
Бошқарма иш кўламининг кенглиги ҳақида шу нарса далолат берадики, унинг стандартлаштириш фондида биргина стандарт нормаларининг сони 7 мингдан ортиқроқдир. Вилоятдаги корхона ва ташкилотларда стандарт талаблари, сертификатлаш ва метрология қоидалари бузилишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш кўп ҳолларда давлат назорати текширишлари йўли билан эмас, балки профилактика тушунтириш ишлари олиб бориш йўли орқали амалга оширилмоқда.

Ҳаётнинг ўзи ҳали бу йўналишда қатор ишлар қилиниши лозимлигини кўрсатиб турибди. Масалан, 2015 йилда вилоятдаги 19та корхонада давлат назорати ўтказилган бўлса, уларнинг аксариятида мазкур соҳада камчиликлар аниқланган.

Тадбиркорлар вақтини тежаш ва сарф-харажатини камайтириш мақсадида ўтган йили Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд СМБ филиали очилди. Жорий йилда эса ана шундай филиалнинг Ургут туманида очилиши мўлжалланган. Шунингдек, мурожаатларни онлайн тарзда қабул қилиш йўлга қўйилган.

Матбуот анжумани давомида вилоятда амалга оширилаётган сертификатлаштириш ишларини халқаро даражада тан олинишига эришиш учун қатор амалий тадбирлар қилинаётганлиги таъкидланди. Бу иш ҳаётга жорий этилса, экспорт қилувчи корхоналарга анча қулайликлар яратилади. Чунки маҳсулотга вилоятнинг ўзида олинган сертификат билан уни хорижга чиқариш имкони вужудга келади ва чет эллик ҳамкор маҳсулотни яна сертификатлаштиришига ҳожат қолмайди.

И.Истамовнинг уқтиришича, айни пайтда Самарқанд ССМ ДКда автотранспорт воситалари ва уларнинг қисмлари синов лабораториясини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мақсад  ISO/IEC 17025 халқаро стандарт талабларига мувофиқ аккредитация гувоҳномасини қўлга киритишдан иборат.

Шунингдек, жорий йилда вилоятнинг 60та, 2019 йилгача бўлган даврда 315та корхона ва ташкилотида сифат менежментини жорий этиш ва бошқариш йўналиши бўйича босқичма босқич ишлар амалага оширилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев




Комментариев нет:

Отправить комментарий