четверг, 4 февраля 2016 г.

Матбуот анжумани: Самарқанд вилояти фермер хўжаликларининг бугуни ва эртаси

Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимининг ўринбосари Абдулмажид Нурқулов иштирокида матбуот ажумани бўлиб ўтди. У фермер хўжаликларини оптималлаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш ва янги иш ўринлари яратиш масаласига бағишланди.

А. Нурқулов 2016 йилда фермер хўжаликлари фаолиятини кенгайтириш ва уларни кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш  бўйича дастур ишлаб чиқилганлигини маълум қилди. Дастурга асосан 2328та фермер хўжаликлари кўп тармоқлига айлантирилиб, 2482 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 9217та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Дастур лойиҳаларини амалга ошириш учун вилоят бўйича 181 млрд 589 млн сўм маблағ ажратилган. Ундан 38 млрд сўмга яқинини тижорат банклари кредитлари ташкил этади.

Матбуот анжуманида ўтган, 2015 йилда соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил сўз юритилди. Жумладан, 2924та фермер хўжалиги кўп тармоқли фермер хўжаликларга айлантирилганлигини уқтириб, А.Нурқулов соҳада бажарилган ишлар ҳақида рақамлар келтирди.

Вилоятдаги 15та фермер хўжалигида 1251 гектар майдонда интенсив боғ барпо қилинди, 180та фермер хўжалигида 536 гектар майдонда токзор ташкил этилди, 1726та фермер хўжалиги сабзавотчилик билан шуғулланиб, 5222 гектар майдонда деҳқончилик қилишади. Шунингдек, вилоятда 124та фермер хўжалиги қорамолчилик, 39таси паррандачилик, 51таси балиқчилик, 37таси асаларичилик йўналишлари бўйича фаолият олиб бормоқда.

Ўтган йили қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар қилингани таъкидлаб ўтилди. Жумладан, 4та гўштни қайта ишлаш, 12та сутни қайта ишлаш, 9та мева-сабзавотни қайта ишлаш, 6та нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 324та янги иш ўринлари яратилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари қишлоқ хўжалиги соҳасида янги йўналишларга эътибор қаратилаётганлигини уқтирди. Масалан, қуёнчилик билан шуғулланувчи фермер хўжалиги фаолият бошлади, шунингдек 20 минг курка, 10 минг бедана парвариш этилаётган фермер хўжаликлари ташкил этилди. Бу йил эчкичиликка эътибор қаратилиб, чет элдан зотдор эчкилар келтирилади.

Таъкидланганидек, жорий йилда ўтган йилдагига қараганда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми деярли тўрт баробарга ортади. Агар 2015 йилда 102 минг тонна маҳсулот четга чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 395 минг тоннага етказиш мўлжалланган. Бунга ҳосилдорликни ошириш ҳамда  мева ва сазавот етиштириш учун ер майдонининг кенгайтириш натажасида эришилади. Бу йил 2800 гектар пахта майдони қисқаради, 2020 йилга бориб эса 22 минг гектар ерга пахта ва ғалла ўрнига мева ва сабзавот етиштирилади ҳамда чорва учун озуқа бўладиган экинлар экилади.

Матбуот анжуманида Абдулмажид Нурқулов журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий