пятница, 27 января 2017 г.

Туб ислоҳотга муҳтож ОАВ

Мамлакатимизда барча жабҳаларни қамраб олган кенг кўламли ислоҳотларга тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда оммавий ахборот воситаларининг бу жараёнда иштироки ва улардаги ўрнига эътибор қарамасликнинг иложи йўқ. Чунки ОАВнинг жамиятда кечаётган жараёнларга муносабати уларнинг қайси томонга қараб ривожланишига таъсири кундек равшан.

Шуни ҳисобга олиб, ОАВни ислоҳ этиш бўйича қатор таклифлар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат этган эдим. Шунга ҳам бир ҳафта бўлди. Порталда маълум қилинишича, мактубим Миллий телерадиокомпанияси (МТРК)га юборилган экан. Камина бундан ҳайратда. Ахир, мурожаатимда фақат ТВ ҳақида гапирилмаган эди-ку! Унда оммавий ахборот воситаларининг барча турлари, айниқса матбуотнинг мавқеини ошириш учун қилиниши лозим бўлган айрим мулоҳазалар билдирилган эди. Ҳайронман, МТРК таклифларимга нима деб жавоб қайтараркан?!

ОАВ муаммоси бутун жамиятимизга бевосита дахлдор эканлиги, уларнинг эркин ва очиқ фаолияти келажагимиз учун, мамлакатимиз тараққиёти учун ўта муҳим эканлигини инобатга олиб, таклифларим билан жамоатчиликни WWW.NUZ.UZ орқали таништиришга қарор қилдим. Бу борада фикрлар билдирилса, янги таклифлар киритилса, ОАВни ислоҳ қилишга мутасадди бўлганлар уларни инобатга олишади деб ўйлайман.


Касб тақозоси билан доимо аҳоли орасида бўлганим боис  аксарият юрдошларимиз бошланган ўзгаришлар ва туб ислоҳотлар бўйича амалга ошириши мўлжалланган режаларга катта умид ва ишонч билан қарамоқда дея оламан. Ана шу ўзгаришларнинг давомийлиги таъминланишига умид билдирилмоқда. Янгиланиш жараёнида бевосита иштирок этиб, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр бўлганлар оз эмас.

Режалаштирилган ислоҳотларнинг муваффақияти унга кенг жамоатчиликнинг иштироки ва қўллаб-қувватлашига ҳам боғлиқ десак, хато бўлмайди. Бунинг учун эса аҳолининг хабардорлик даражаси юқори бўлиши лозим. Бу ишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.

Шуни ҳисобга олиб, таъкидлаш жоизки, ОАВни ислоҳот қилиш масаласи долзарблик касб этмоқда. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисидаги” фармони лойиҳасида мамлакатни жадал суръатлар билан ривожлантириш тамойиллари орасида ОАВ ролини кучайтириш ҳам белгилаб ўтилган. Қуйида ушбу йўналишда бажарилиши муҳим бўлган айрим таклифларимни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этмоқчи эдим.

1.Касб байрамимизнинг номланишига ўзгартириш киритиш лозимдай туюлади менга. Чунки унинг “Оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимлари куни” деб аталиши унчалик тўғри бўлмаса керак. Ахир, матбуот ҳам ОАВнинг таркибий қисмларидан бири-ку! Байрамнинг номланиши қуйидагича бўлиши лозим деб ўйлайман: “Оммавий ахборот воситалари ва матбаа ходимлари куни” (русчада “День работников средств массовой информации и полиграфии”).

2.Энг асосийси, газета ва ТВ чиқишларининг мазмунини тубдан ўзгартиришга эришмоқ даркор. Чунки улар кўп ҳолларда ҳаётдан ажралиб қолган. Агар бор муаммони ОАВ кўтариб чиққанида, нобарор ва қайсидир йўллар билан амал курсисига ўрнашиб олганларнинг фаолияти ёки фаолиятсизлиги ҳақида очиқ сўз юритганида, Президентнинг виртуал қабулхонасига уч ойда 300 мингтадан ортиқ мурожаат тушмаган бўларди.

3.ОАВ бор камчилигу муаммони холисона ёритса, улардан ислоҳотлар бошида турган Президент ҳам, бошқа мутасадди раҳбарлар ҳам хабардор бўлади ва зудлик билан уларни тузатиш ёки бартараф этиш чоралари кўрилади. Бу эса сўз ва матбуот эркинлиги тамойили билан бевосита боғлиқдир. Матбуот эркин бўлиб, фақат қонунга бўйсуниб ишласа, қонун доирасида фаолият юритса, айрим мансабдор шахсларниг инжикликларига эътибор қаратмаса, шундагина ўз олдида турган ўта масъулиятли вазифаларни бажара олади. Матбуот ва сўз эркинлигининг муҳимлиги ҳақида 2016 йилнинг 14 декабрида “Новости Узбекистана” сайтида эълон қилинган “Лечит горькая правда, а сладкая ложь губит” сарлавҳали мақоламда ёзган эдим (http://nuz.uz/svobodnoe-mnenie/18711-lechit-gorkaya-pravda-a-sladkaya-lozh-gubit.html).   

3.Бундай туб ўзгаришлар бўлиши учун кўпгина омилларга эътибор қаратиш қаторида бош муҳаррирлар масъулиятини ошириш зарур. Улар цензура бекор қилингандан кейинги 15 йил ичида ўта эҳтиёткор бўлиб қолишган. Ўзлари зўр цензорга айланган. Газетанинг ҳар бир сонида танқидий-таҳлилий мақолалар бўлишини, янгиликларни тезкорлик билан эълон қилишни талаб қилиш орқали бош муҳаррирларни жонлантириш мумкиндир.

4.Бош муҳаррир ва бутун таҳририятнинг масъулияти оширадиган энг муҳим чора газеталарга мажбурий обунани тугатишдир. Шунда газеталар ўзаро рақобатга киришиб, чоп этиладиган материалларнинг мазмунига, хабарларнинг тезкорлигига асосий эътибор қаратадиган бўлишади. 

5.Бош муҳаррирлар ва журналистлар учун мунтазам семинар ва тренинглар ташкил этиб туриш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Бунинг учун хориждан замонавий журналистика қоида ва талабларини яхши биладиган мутахассислар таклиф этилса, айни муддао  бўларди. 

Айнан ана шундай таклиф Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш режаси лойиҳасида ҳам ўз аксини топган. Лойиҳанинг “Давлат ва жамият тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” бўлимида  2017 йилнинг биринчи чорагида “Журналистларнинг амалий касбий малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш Дастури”ни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Унда журналистларни хорижий давлатларга малака ошириш учун стажировкага юбориш, хорижий журналист ва экспертларнинг Ўзбекистонда семинар-тренинг ва маҳорат дарсларини ўтказиш кўзда тутилган.

6.Мамлакатимизда ОАВ муаммоларини чуқур биладиган, шу вақтгача номаълум сабаблар билан фаол ижтимоий ҳаётдан четлатиб қўйилган жонкуяр ва фидоий журналистлар оз эмас. Уларни тўплаб, ОАВни ислоҳ қилиш йўллари, усуллари ва воситалари ҳақида очиқ  мулоқотлар ташкил этилса, билдирилган фикрларнинг энг саралари амалиётга жорий қилинса, айни муддао бўларди. 

7.ОАВни назорат қиладиган ташкилот ва муассасаларга журналистикадан яхши хабардор бўлган кишиларни тайинлаш зарур. Масалан, ОАВ мониторинги маркази ходимлари доим ҳам уларниг чиқишига тўғри муносабатда бўлмаётганлиги ҳақида касбдошлар гапириб туришади. Хусусан, қайси маълумот аҳолига етказилиши лозим бўлган хабару қайсиси реклама эканлиги ҳақида мониторинг қилувчиларда аниқ бир мезон йўқ экан. Бош муҳарирларнинг уқтиришича, кўп ҳолларда қайсидир янги маҳсулот ёки хизмат тури ҳақида материал тай  ёрланса, “бу реклама” деган даъво билан уларга жарима солинаркан. Бу масалага албатта ойдинлик киритиш керак.

8.Журналистнинг тўлақонли ишлаши, ОАВнинг ўз фаолиятини талаб даражасида юритиши учун ахборот олиш имконияти яратилган бўлиши муҳим. Мамлакатимизда бу йўналишда катта ишлар амалга оширилди, ахборот олишни енгиллаштиришга қаратилган  алоҳида қонун ҳам қабул қилинган. Аммо амалда доим ҳам журналист ўзига керакли ахборотни бемалол олмоқда деб бўлмайди.

Бу ишда биринчи раҳбарларнинг роли катталиги, уларнинг ОАВга муносабати муҳимлигини Самарқанд вилояти мисолида кўриш мумкин. Кейинги икки-уч йил давомида вилоят журналистлари учун ахборот олиш анча енгиллашди, чунки давлат ва бошқарув органлари раҳбарларининг ўзлари вилоят матбуот уйида ташкил этиладиган матбуот анжуманлари ва брифингларга келишга ва ОАВ ходимлари саволларига жавоб беришга одатланиб қолишди. Бу масалада вилоят раҳбарининг талабидан хабардор бўлган турли даражадаги раҳбарлар журналистларни қабул қиладиган ва керакли ахборотни берадиган бўлишди.  

9.ОАВ чиқиши самарасиз қолмаслиги учун холисона танқид ва таклифу мулоҳазаларга жавоб тизимини қайтадан тиклаш масаласини ўйлаб кўриш керак. Бу камчиликка йўл қўйганларнинг уларни тузатишга бўлган масъулиятини оширади ҳамда жамоатчилик кўз ўнгида ОАВнинг обрў эътибори кўтарилади ва уларга бўлган ишонч кучаяди. Бу эса газетага ихтиёрий обунанинг кўпайишига туртки бўладиган муҳим омиллардан биридир.

Умуман, оммавий ахборот воситалари тизимини ислоҳ этиш йўлида қилинадиган ишларимиз беҳисоб. Бу борада соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик фикр билдирса ва таклифларнинг энг саралари махсус ташкил этиладиган комиссия томонидан амалиётга жорий этиш учун тавсия этилса, бу ҳам жамиятимиз ривожланиши йўлидаги муҳим қадамлардан бўларди.

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Новости Узбекистана”, 27.01.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий