суббота, 19 октября 2019 г.

Самарқанд шаҳри куни Кимёгарлар шаҳарчасида катта тантана билан нишонланди



18 октябрда тантанали равишда Самарқанд шаҳри куни нишонланди. Байрамга бағишланган тадбирлар Кимёгарлар шаҳарчасида ўзгача шукуҳ ва тароват касб этди. Деярли 30 йил давомида қаровсиз қолган ва нураб бораётган собиқ “Химиклар” маданият саройи реконструкция қилинди ва қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Унинг атрофида икки ярим гектарлик экопарк бунёд этилди.


Янгиланган маданият саройи эндиликда “Нурафшон” санъат саройи деб аталадиган бўлди. Ушбу масканнинг бадиий раҳбари Хуршеди Исматзоданинг сўзларига қараганда, бу ерда 60тагача иш ўринлари яратилади, турли йўналишдаги тўгарак ва студиялар ишлайди. Жумладан, хореография, рақс студиялари, овоз ёзиш маркази, медиа марказ, кутубхона ташкил этилади.

Санъат саройига ташриф буюрган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қисқа муддатда салмоқли ишлар амалга оширилганлигини қайд этди ва айниқса ўймакор усталарнинг меҳнатига юқори баҳо берди. Маълум бўлишича, 4,5 ой давомида Шаҳобиддин Амриддинов бошчилигидаги уймакор усталар сарой ичидаги ганчкорлик ишларини юқори сифатда амалга оширган.

Э.Турдимов шаҳар куни муносабати билан самарқандликлар ҳузурида ўз санъатини намойиш этган Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Зулайхо Бойхонова ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самандарга “Нурафшон” Тошкентдаги машҳур санъат саройларидан қолишмайдиган бўлишини қатор аниқ фактлар билан асослаб берди. Жумладан, уч қаватли бинода санъат аҳли учун барча қулайликлар муҳайё этилади. Бу  ерда “Ямаха” компаниясининг энг замонавий овоз ёзиш ускуналари ўрнатилади ва ҳатто актёрлар, хонандаю раққосалар учун либос тикиш устахонаси ташкил этилади. Саройнинг концерт зали 450 томошабинни қабул қила олади. Ушбу сўзлардан илҳомланган Самандар, агар таклиф тушса, бу ерга келиб, хонанда ва актёрлар учун чин дилдан холисалилло мастер-класс ўтказиб беришга тайёр эканлигини билдирди.
 


Санъат саройининг атрофида катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Олд қисмида кўзни қувонтирадиган рангли фаввора, ёнида экопарк ташкил этилди. “Вилоят ҳокимлигининг ушбу ҳудудни обод масканга, аҳолининг ҳордиқ чиқариш жойига айлантириш бўйича бошлаган ташаббусига томошабин бўлиб туриш бизга ярашмаслигини англаган ҳолда корхонамиз экопарк бунёд этиш вазифасини ўз зиммасига олди. Биз қисқа вақт ичида ўнқир-чўнқир ва ташландиқ жойни обод бир масканга айлантирдик”, – дейди “Зеркальный карп” МЧЖ директори Бахтиёр Усмонов.

 
Бу ерда кўплаб дарахтлар, гуллар экилди. Спорт ва болалар майдончалари, музқаймоқ ва ширинликлар савдоси билан шуғулланадиган павильонлар бунёд этилди. “Бу ҳали бошланиши. Бизнинг корхонамиз санъат саройининг орқа қисмида барпо этиладиган боғ, сув ҳавзаси ва бошқа ҳордиқ чиқариш масканлари қурилишида фаол иштирок этади. Натижада ушбу ҳудуд майдони тўрт гектарга етади”,  – дейди “Сартепа агрофуд импекс” МЧЖ раҳбари Жалол Шукуров.
 
Янги экопарк очилишига 10-Меҳрибонлик уйининг 120 нафар тарбияланувчилари таклиф этилди. Улар учун “Зеркальный карп” МЧЖ томонидан байрам дастурхони ёзилди. Болажонлар вилоят ҳокими Э.Турдимов, шаҳар ҳокими Б.Облоқулов қўлидан китоб, ўйинчоқ ва бошқа совға-саломлар олганини анча вақт эслаб юрса керак. Уларга ширинликлар ишлаб чиқариш корхонаси – “Авесто” МЧЖ томонидан ўз маҳсулотлари ҳам совға қилинди.


Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий