суббота, 16 июня 2012 г.

Сизга “Azarro” бўлса, менга “Сато” керакдир


Айрим савдо дўконлари, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг номларини кўриб беихтиёр ёқа ушлайсан киши. Уларнинг эгалари бизга, бизнинг маданиятимиз, маънавиятимиз, тарихимиз, тилимизга умуман ёт бўлган номларни қаердан топиб қўйишар экан деб ҳайрон бўлишимиз турган гап. Ана шундай ҳолларда бундай номларни тасдиқлаётганлар Давлат тили ҳақидаги қонун талабларидан бехабарми, деган ҳақли савол юзага келади.

Мана, ўзингиз хулоса чиқаринг. “Marzotto”, “Colombo”, “Azarro”, “Fresco”, “King Wool”, “Collin’s”  каби атамларни танлаган дўкон ёки қаҳвахона эгалари нимага асосланишган экан? Буни тушуниш қийин.
 Бир дўконнинг “5- Авеню” деб аталишини кўриб ҳайрон бўлган эдим. Аксариятга тушунарли бўлмаган бу атама Нью-Йоркдаги кўчалардан бирининг номи. Нега дўкон ана шундай аталишини изоҳлаш мушкул. Ёки Тошкентдаги бошқа бир дўкон пештоқида “White House” ёзувини кўриб хунобингиз ошмайдими? Жигар рангга бўялган кичик дўконни Вашингтондаги Оқ уй билан қиёслашга қандай асос бўлган экан?
 Бундан бир неча ой олдин “Манхеттен” ресторанида ишлайдиган танишимдан нега айнан шу номни танлашганлигини сўраган эдим. “Ресторан эгасининг ўғилчаси уни шундай атаймиз деб туриб олган эди, - жавоб қайтарди у. – Кўпчилик Манхеттен билан қандай алоқангиз бор деган савол беради. Ҳозир уни ўзгартиришни ўйлаяпмиз”. Айни пайтда ушбу ресторан “Марварид” деб аталмоқда. Қандай чиройли ва жарангдор сўз! Бўларкан-ку!
Бундай ҳолатларнинг кўпайиб бораётганлиги кишини қувонтиради. Масалан, шаҳримизнинг Рўдакий ва Гагарин кўчалари кесишган ҳудудида бирданига иккита қаҳвахонанинг дилга яқин номлар билан аталгинлигини кўриб, астойдил қувонган эдим. Улардан бири –  “Тарона”, иккинчиси – “Сато”.  
“Сато” қаҳвахонасининг кириб, унинг нега айнан шундай аталиши сабабини сўрамоқчи эдим, бирданига кўзим осиғлиқ турган мусиқа асбобларига тушди. Улар орасида сато ҳам бор эди. Қаҳвахона соҳиби Баҳодир Тоҳировни суҳбатга тортдим. “Дадам Хушвақт ака санъат шайдоси, ўзлари ҳам соз чалиб, қўшиқ ижро этадилар, –  дейди  у. – Болалигимдан санъаткорлар даврасида ўсдим. Улар хонадонимизнинг азиз меҳмонлари эди. Мусиқа ва қўшиққа бўлган меҳрим ва ҳурматим туфайли қаҳвахонани ана шундай атадим ва деворларига турли асбобларни илиб қўйишга қарор қилдим ”.
Шуни таъкидлаш жоизки, девордаги мусиқа абоблари фақат безак сифатида хизмат қилмасдан, меҳмонлар хоҳиш билдирганда, уларга чалиш учун берилади. Қаҳвахонада ўша куни шаҳримизнинг бир гуруҳ дойрачилари ўз гаштакларини ўтказишаётган экан. Уларнинг жўрабошиси Аслиддин ҳожи Сирожевнинг сўзларига қараганда, 30 нафарга яқин дойрачи ҳар ўн кунда бир марта шу ерда йиғилиб, дилтортар суҳбатлар уюштиришар экан. “Бу ер санъат аҳли учун қадрдон маскан бўлиб қолди. Энг қулай томони шуки, ўзимиз билан мусиқа асбоблари кўтариб юрмаймиз, ҳаммаси шу ернинг ўзида мавжуд”, –дейди суҳбатдошим. 
Қани энди барча савдо дўконларию умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг исми жисмига мос бўлса!

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий