Тўй-маъракаларнинг серодам, гавжум ўтиши билан Ургут вилоятимизнинг
бошқа шаҳар ва туманларидан ажралиб туради.
Тўйга қанча меҳмон келиши тўй
соҳибининг таклифига боғлиқ бўлса, аза маъракаларида иштирок этувчиларнинг сони
чегаранламаган. Бундай пайтда ҳар ким имкон топиб, қанчалик банд бўлишидан
қатъий назар, маъракада, айниқса, жанозада қатнашади.
Биз “бирор бир сабаб билан тўйга боролмасанг-да, азага қатнашмоқ ҳам
қарз, ҳам фарз” деган насиҳатни болалигимиздан эшитиб келамиз. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аксарият бу
ўгитга амал қилиб келмоқда. Аммо Ургутдагидай вазият ҳеч қаерда бўлмаса керак. Чунки
бу ерда жанозадан хабар топган ҳар бир киши унда иштирок этишга шошилади. Қариндошу
қўшнилар, қудаю дўсту биродарлар эса албатта чопон кийиб, бел боғлашади.
Айрим жанозаларда 2 минг киши қатнашиб, 300-400 киши бел боғлайди,
десам ишонаверинг. Бундан 1,5 ой аввал Ургутда аммам вафот этган эдилар. Ҳожи онамизни
сўнгги манзилга кузатишга 2 мингдан кўпроқ киши иштирок этиб, 500 нафарга яқин
одам бел боғлади. Бошқа вилоятлардан келган меҳмонлар буни кўриб, “ургутликлар
оқибатли инсонлар экан”, дейишди бир-бирларига. Дарҳақиқат, бундай манзарани
бошқа жойларда кузатганим йўқ.
Ургутда ўзаро муносабатларнинг бошқа жабҳаларида ҳам одамийлик мезони
асосида ёндошилаётганлиги сабабли одамлар ўртасида бошқача, меҳр-оқибатга
асосланган алоқалар ўрнатилган.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий