понедельник, 12 ноября 2012 г.

Йўқ газ учун қарздорлик қаердан?


Kun.uz  сайти “Газа нет, откуда задолженность” мақоламни рус тилидан таржима қилиб, жойлаштирган. Марҳамат, уни ўқишингиз мумкин.

 Самарқанддаги тегишли хизматларнинг раҳбарлари табиий газ йўқлиги ва газ таъминотидаги узилишларни аҳолининг катта миқдордаги дебиторлик қарзи билан изоҳлашади. Кўп миллиардли қарзлар қандай пайдо бўлади ва бунга ким айбдор?

Куз-қиш мавсуми келиши билан газ таъминоти масаласи Самарқандда яна долзарб бўлиб қолади. Ҳар куни юзлаб фуқаролар, юзага келган вазиятнинг бироз бўлса-да яхши томонга ўзгаришига умид қилган ҳолда, газ таъминоти хизматларига мурожаат қилишади. Лекин ҳамма жойда бир хил жавоб олишади: қарзингизни узинг, газ ҳақини вақтида тўланг, шунда муаммолар ҳам бўлмайди.
Фуқароларнинг кўпчилиги эса ҳайрон: агар оиланинг ишловчи аъзолари ойлик маошидан, нафақахўрларнинг пенсиясидан газ хизмати учун ушлаб қолишса, қўшимчасига, шаҳар ёки туман газ таъминоти хизматининг инспекторига мунтазам тўлашга тўғри келса – қандай қилиб қарздорлик юзага келиши мумкин?
Юзага келган вазият нафақат фуқаролар эътирозига сабаб бўлмоқда, шу билан бирга, уларда ижтимоий адолатнинг мавжудлигига шубҳа ҳам уйғотмоқда. Катта миқдорда дебиторлик қарзининг борлиги – шаҳар газ таъминоти хизмати, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари учун – катта минус, чунки бу ҳолат улар ўз ишини керакли даражада ташкил қила олмаслигидан далолат беради.
Аҳолининг коммунал тўловлар бўйича қарзи биргина Самарқанд шаҳрида (шаҳар кенгашларида эълон қилинган маълумотларга асосан) 75 миллиард сўмга тенг, вилоят миқёсида эса ушбу кўрсаткич янада каттароқ. Биргина газ бўйича қарздорлик йил бошида 225 миллиард сўмга тенг эди.
Бироқ қарздорликнинг юзага келишида барча айбни аҳолининг елкасига юклаб қўйиш ҳам – ҳар ҳолда, тўғри эмас. Балки ушбу муаммо бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзларининг асосли фикрларини билдирадиган вақт етгандир? Қуйида вазиятнинг ноодатийлигидан далолат берадиган ва, эҳтимол, кўпчиликка таниш бўлган мисолларни келтирамиз.
Фойдаланилган газ ҳақини ҳисоблагич кўрсаткичларига асосан бинойидек тўлаб келган киши бирдан участка инспекторидан ўзининг қарздорлигини билиб қолади. «Қарз қаердан келиб қолган?», – деган саволга эса инпекторнинг жавоби тайёр: «Бунга менинг алоқам йўқ, бу – компьютер маълумоти». Шундай бўлиб чиқяптики, қаердадир шаҳар ёки туман газ таъминоти хизматидаги компьютерда аниқ бир истеъмолчининг қарзи пайдо бўлиб қолган. Энг қизиқ савол шу: қаердан, яъни, қандай йўл билан кўп минг сўмлик қарз пайдо бўлиб қолган?
Самарқанд туманидаги Чармгари (Кафтархона даҳаси)да тахминан 80 оиланинг газ таъминотидан 2 миллиондан 4 миллион сўмгача қарзи бор. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ўлмас Юнусовнинг сўзларига кўра, унга қарзи 2,8 миллион сўм эканлигини маълум қилишган. «На мен, на маҳалладаги бошқа бир киши туман газ таъминоти хизмати ушбу қарзни қаердан олганини билмаймиз. Бизда уч йилдан бери газ йўқ, – дейди у. – Инспектор бирор марта менинг уйимда ҳам, қўшниларимникида ҳам бўлмаган. Компьютерда бизнинг номимизга ёзилган қарзлар қаердан келиб қолган?».
Самарқанд университети доценти Беҳзод Тўрақулов худди шу тумандаги Бухорий маҳалласида яшайди. Инспектор унга газ таъминоти бўйича қарзи 1,4 миллион сўмга тенглигини айтганида, бу нарса уни жуда ҳам аччиқлантирган. Компьютер унинг бир қатор танишларининг катта миқдордаги қарзларни «топганидан» у бохабар, бироқ ўз бошига шу кун тушмаслигига ишончи комил эди, чунки ҳар ой унинг ойлик маошидан коммунал тўловлар учун маълум миқдорда маблағ олиб қолинарди.
Туман газ таъминоти хизматида Тўрақуловга тушунтиришларича, қарзнинг 600 минг сўмлик қисми университет бухгалтериясидан уларнинг ҳисоб рақамига келиб тушмаган ва, кўринишидан, шаҳар газ таъминоти хизматига ўтиб кетган бўлиши мумкин. Унга ўша ерга бориб, бу ҳақда маълумотнома олиб келишни буюришган. Қарзнинг қолган, 800 минг сўмлик қисми ҳақида тўхталишаркан, газ хизмати ходимларининг фикрича, бу эскидан қолиб кетган қарздорлик. «Агар менинг уйимда ҳисоблагич турган бўлса ва мен унинг кўрсаткичлари бўйича мунтазам тўловни амалга ошириб борсам, қандай қарздорлик ҳақида гап бўлиши мумкин?», – дея таажжубда қолмоқда у.
Аҳолининг мавҳум қарздорлигига, кўпчилик фуқароларнинг фикрича, газ таъминоти хизматининг алоҳида ходимларининг пала-партиш иш олиб бориши сабаб бўлган. Олти йил аввал Боғи-майдон маҳалласидан автомобиль йўли ўтказилиб, бир неча уйлар бузилиб кетган эди. Бироқ ўша бузилган уйлар шаҳар газ таъминоти хизматида ҳали ҳам «истеъмолчи» сифатида рўйхатда туради, уларнинг «дебиторлик қарзлари» эса ўсишда давом этмоқда. Маҳалла вакиллари бузилган уйлар рўйхатини шаҳар газ таъминоти хизматига бир неча бор топширишган, бироқ улар ҳали ҳам компьютердан ўчириб юборилмаган. Икки ҳафта шаҳар газ таъминоти хизматининг янги раҳбари ушбу ишга нуқта қўйишга ваъда берди, бу эса аҳолида вазиятнинг яхши томонга ўзгаришига ишонч уйғотди.
Энг асосий саволга жавоб берадиган вақт келди: газ хизматининг компьютери қандай йўл билан алоҳида истеъмолчиларга худдики фойдаланилган табиий газ учун маблағларни «ҳисоблаб» қўяди? Вазиятдан бохабар кишиларнинг сўзларига кўра, аҳоли бундай «совға»ни зангори оловдан деярли текинга фойдаланадиган, ҳисобга киритилмаган истеъмолчиларнинг борлиги учун «қабул қилиб олади». Булар – ғишт ишлаб чиқарадиган мини-заводлар, оҳак тайёрловчи цехлар, иссиқхоналар, ресторанлар ва ҳакозо.
Самарқандда ва шаҳар атрофида камида 100та ресторан ишлаётган бўлиб, уларда ҳар куни қандайдир тадбир ўтказилади. Бу муассасаларда деярли ҳар доим газ бўлади. Ўз исмини ошкор этишни истамаган шаҳар газ таъминоти хизмати ходимларидан бирининг сўзларига кўра, иккита инспектор шундай муассасалардан бирини текшириш ҳақида кўрсатма олиб, у ерга борган. Уларни ҳатто ичкарига ҳам киритишмаган, газ хизматига эса бу ерга бурун суқмасликни маслаҳат беришган. Шундан бери газ хизмати бу муассасанинг борлигини сезаётгани йўқ.


Комментариев нет:

Отправить комментарий