TVM телеканилининг машҳур лойиҳаларидан бири
бўлмиш “Ошга марҳамат” ўзининг учинчи мавсумини бошлаш арафасида турибди.
Наврўз байрами кунлари ҳамюртларимиз ҳар
пайшанба оқшоми интиқиб кутадиган кўрсатув яна эфирга узатилади.
Бу мавсумдан бошлаб мазкур телелойиҳада қатор
ўзгаришлар киритилганлигини таъкидлаш
ўринлидир. Энг муҳим янгилик шуки, энди ош чемпионатининг дастлабки босқичи
вилоятларда бўлиб ўтади. Унинг ғолиблари Тошкентда тўпланиб, ўзаро баҳсга
киришадилар.
Лойиҳа муаллифлари янги мавсумнинг биринчи
кўрсатувини тасвирга тушириш учун Самарқандга ташриф буюришди. Нега ош
чемпионатига айнан бу кўҳна шаҳарда старт берилганлиги билан қизиқдик.
Чемпионатнинг бош ҳаками Ўткур Даминов 2012 йилда ўтказилган ошпазлар мусобақасида
самарқандлик Абдуманнон Нусратов ғолиб чиққанлиги боис шундай қарорга
келинганлигини таъкидлади.
“Ошга марҳамат-3” кўрсатуви ижодкорлари
тасвирга тушириш учун жой танлаш илинжида бутун шаҳарни айланиб чиқишди. Тўғри-да,
“фон керак, фон!”, - дейди ҳар бир режиссёр. Қидирган топади, деганларидек, охири
Тошкент кўчасида, шундайгина Бибихоним масжиди ёнгинасида жойлашган чойхона
танланди. Тўғрисини айтадиган бўлсак, ажойиб фон топилди. Бунга кўрсатувни
томоша қилган ҳар бир юртдошимиз холисона баҳо бера олади, деб ўйлайман.
Ош чемпионатини ўтказишда юз берган бу йилги
яна бир янгилик бошловчи Мурод Ражабов ёнига ўзбекнинг “шум боласи”, паловни ўғринча
паққос туширишни болалигидаёқ боплаган Абдураҳим Абдуваҳобов қўшилганлиги бўлди.
Ана шундай ажойиб иккилик – тандемнинг ташкил этилиши кўрсатувнинг янада қизиқарли
чиқишида, унинг рейтингини оширишда яхши самара беришига умид қилса бўлади.
Кўрсатувни тасвирга тушириш жараёнида иккала
машҳур санъаткорнинг ишига назар солиб, улар ўртасидаги “меҳнат тақсимоти”ни
кузатиш мумкин эди. Оддийроқ айтганда, ош ва ошпазларга масъуллик М.Ражабов
зиммасида бўлса, шаҳар айланиб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар билан Самарқанд ҳақида,
унинг ўзига хос хусусиятлари ва ажойиботлари ҳақида суҳбатлар қилишни А.Абдуваҳобов
бўйнига олган экан.
Мусобақада беш нафар ошпаз беллашди. Улар
олдига аниқ бир шарт қўйилмади. Ошпазларнинг ягона вазифаси ошни мазали
пиширишдан иборат эди. Улар ишини турли касб эгаларидан иборат ҳакамлар ҳайъати
баҳолади. Танлов якунида сўзлаган бош ҳакам Ўткур Даминов ошпазлар ва ҳайъат
аъзолари ишидан қониққанлигини уқтирди.
Ош чемпионатининг Самарқандда ўтказилган
дастлабки босқичи 21 март куни эфирга узатилади.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий