суббота, 30 марта 2013 г.

ЮНИСЕФ мактаб ўқувчиларини тозаликка ўргатмоқда


БМТ Болалар жамғармаси -  ЮНИСЕФ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда 5та вилоятнинг 15та умумтаълим мактабида “Гигиенада чемпионлик ташаббуси” лойиҳасини амалга оширди.
                                                                                     
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 17-умумтаълим мактабида “Гигиенада чемпионлик ташаббуси” лойиҳасининг якунига бағишлаб “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Унда ушбу ўқув даргоҳи ходимларидан ташқари тумандаги бир қатор мактаб директорлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан ЮНИСЕФ маслаҳатчиси Баҳодир Раҳимов, Халқ таълими вазирлиги етакчи мутахассиси Зинаида Ким лойиҳанинг мазмун-моҳияти ҳақида, уни ҳаётга татбиқ этиш давомида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил тўхтаб ўтишди.

Б.Раҳимовнинг таъкидлашича, “Гигиенада чемпионлик ташаббуси” лойиҳасининг вазифаси гигиенанинг оддий талабларига риоя этиш саломатлик учун қанчалик муҳим эканлигини  мактаб ўқувчилари онгига сингдиришдан иборат эди. Бу эса, биринчи навбатда гельминтоз, яъни гельминтлар (гижжалар) туфайли содир бўладиган касалликларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнидаги муҳим вазифалардан бири халқ таълими ходимлари ва қурувчилар диққатини ҳозиргача иккинчи даражали деб саналиб келинаётган мактаб ҳожатхоналарига қаратишдан иборат эди. Кўп ҳолларда, айниқса, қишлоқ жойларида замонавий мактаб биноси ёнида ҳеч қандай талабга жавоб бермайдаган ҳожатхона қад ростлаб туради. Унинг қурилишига, санитария ҳолатига ҳеч ким эътибор бермайди.

Дастлаб ЮНИСЕФ кўмагида мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар учун тренинглар ташкил этилди. Улар тавсияси асосида санитария-гигиена шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар рўйхати ишлаб чиқилди ва улар ўқув йили давомида амалга оширилди. Шу билан бирга, ўқувчилар текширишдан ўтказилиб, уларда гельминтлар бор-йўқлиги аниқланди ва бепул дори-дармонлар тарқатилди.

ЮНИСЕФнинг техникавий кўмагида Пастдарғом туманидаги 17-мактаб жамоаси қисқа вақт ичида            ўқув даргоҳининг санитария шароитини яхшилашга ва ўқувчилар гигиеник тарбиясини юксалтиришга эришди. Яхшиси бу ҳақда жамоа вакилларининг ўзлари гапириб беришсин.

Мактаб директори  Шермат Умаров:

-          Мактабимизда “Гигиенада чемпионлик ташаббуси” ҳаракати доирасида
19та санитар қисм, 19та санитар пости ва санитар бурчаклари ташкил этилди. Ҳаракатга 750 ўқувчи аъзо. Ҳар бир санитар қисмининг ўз номи ва ўз шиори мавжуд ва улар ўз Низом ва Уставидан келиб чиққан ҳолда тузилган режа асосида иш юритмоқда. Санитар қисмлар ҳар ойда ўз чемпионларини аниқлаб келмоқда. Бу, ўз навбатида, мактаб санитария ҳолатини ижобий томонга силжишига ва ўқувчилар саломатлигини  яхшилашга катта туртки бўлди.

Ҳаракатга қўшилишимиздан аввал мактаб ҳожатхонаси талабга жавоб бермасди. Эндиликда ҳожатхонада қўл ювгичлар ўрнатдик, улар олдида навбатчилик постлари ташкил этдик. Навбатчи ўқувчиларнинг қўлларини ювишини назорат қилади.

Ҳаракат мақсад ва вазифаларини тўлалигича мактаб жойлашган маҳалла ҳудуди аҳолисига, ўқувчиларимизнинг ота-оналарига етказишга эришдик.  Аҳоли хонадонлардаги ҳожатхоналар гигиена талаблари даражасида бўлишига интилмоқда. Бу ва тозаликнинг умумий қоидаларига риоя этилишидаги ижобий ишлар қишлоқ ҳаётига ўзгаришлар киритди. Шунингдек, қишлоқ аҳолисининг ўз яшаш жойини ободонлаштиришга эътибори кучайди. Ота-оналар ўз фарзандларининг тоза-озода юриши ва овқатланиш тиртибига риоя этишини назоратга олган. Буларнинг ҳаммаси болаларда гижжа ва камқонлик касалининг нисбатан камайишига олиб келди.

Биз амалга ошираётган ишларимиз ҳақида бошқа мактаб директорларини ҳам хабардор қилиб турибмиз. Натижада “Гигиенада чемпионлик ташаббуси” ҳаракати кенг қулоч ёйиб, туманимизнинг барча ўқувчиларини қамраб олишига ишонаман.

Бошланғич синф ўқитувчиси Гулнора Нуриллаева:

-          “Гигиенада чемпионлик ташаббуси” ҳаракатига қўшилганимиздан бери
мактабимиз ҳаётида туб ўзгаришлир бўлди, бир қатор ижобий натажаларга эришдик. Ўқувчиларнинг тозаликка эътибори кучайди. Масалан, энди улар мактабга келганда, оёқ кийимларининг тозалигига, бир-бирларининг озодалигига эътибор қаратишади.

Ўқувчилар гижжа ҳақида маълумотга эга бўлишди. Агар ўқувчи синфдошининг юзида доғ кўрса, “сенда гижжа пайдо бўлибди”, деб уни огоҳлантиради.

Қўл ювиш пайтида ўқувчилар совунларни алмаштириб қўймасликлари учун гейлдан фойдалана бошладик.

Умуман олганда, ўқувчиларнинг ташқи кўриниши ижобий томонга ўзгарди. Бу гижжага қарши самарали кураш олиб борилаётганлигидан долалат беради.   

Гигиена қоидаларига риоя этиш ҳақидаги маълумотлар қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарқалди. Ота-оналарнинг эътироф этишича, уларнинг ҳовлиларидаги ҳожатхоналарига бўлган эътибор ҳам кучайди.

Хатича Маллаева, 17-мактаб филиалининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари:

-          Тозаликка эътиборни кучайтириш мактабдан бошлаб, ЮНИСЕФ жуда
тўғри иш қилганлигини кўриб турибмиз. Бу нафақат ўқучилар, балки ота-оналар орасида ҳам гигиена қоидалирига риоя қилишни  тарғиб қилиш имконини яратди.

Филиалимизда 9та  бошланғич синф мавжуд бўлиб, уларда 214 ўқувчи таҳсил олмоқда. Ҳар бир дарс аввалида ўқувчиларга саломатлик ҳақида қисқача маълумот бериш одатга айланган. Ҳар бир ўқувчи ўз бокалига эга. Термосларда доим иссиқ сув тайёрлаб қўямиз.

Фарангиз Бобоқулова, 2- синф ўқувчиси:

-          Санитария қисмимиз “Ораста” деб аталади. Шиоримиз: “Соғ танда
 соғлом ақл дейди доно боболар”. Биз эндиликда тоза юриш, тирноғимизни вақтида олиб туриш, қўлни совунлаб ювиш, овқатни тартиб билан ейиш, ҳар куни бадантарбия қилишни ўрганиб олдик.

Уйга борганда, ота-онамга, опам, акаю укаларимга тозаликка риоя қилиш зарурлиги ҳақида мактабда эшитганларимни гапириб бераман.

Ҳозир синфимиздаги ўқувчиларнинг гижжаси йўқ.

Тошпўлат Раҳматуллаев  

 Суратларда: Б.Раҳимовнинг чиқиши; гигиена бурчаги; мактаб ва ҳожатхона бинолари:  таққослаш учун.                                                                                                  

             

Комментариев нет:

Отправить комментарий