
Ҳайрон қоласан киши. Бошқа шароитда ўзимизни мўмину қобил тутамизу бирор
жойда навбатга туришимиз вақтида ўзгарамиз қоламиз. Инсоний қиёфамиз бошқача
тус оладию босар-тусарни билмай қоламиз.
Ҳар ойда бир марта пенсия олиш учун почта бўлимига борганимда ёши анчага
бориб қолган эркак ва аёлларнинг бир-бирига навбат бермасдан, тиқилиб, сиқилиб
касса томон сурилаётганлигини кўраман. Афсуски, ҳарбу зарбнинг бош қаҳрамонларини
биз эҳтиром билан “бону”, “нозику назокатли” деб эъзозлайдиган опаю
онахонларимиз ташкил этишади.
Буни қарангки, почта қаршисида умумтаълим мактаб жойлашган. Ўқувчилар боболари,
онаю бувиларининг бундай аҳволини кўриб, қандай хаёлларга боришаркин?
Касса олдидаги тартибсизликни кўрганлар “қачон биз одамга ўхшаб
навбатга туришни ўрганамиз” деб, бундан 25-30 йил олдинги даврни эслашади. Русийзабонлар
кўпроқ бўлган Самарқанднинг Сўғдиёна даҳасида ҳатто маршруткага ўтириш учун
навбатга туриш одати бор эди. Ўшанда ҳам шаҳарни бошқа қисмида яқинлашаётган
маршрут таксисига ёпирилиб ташланиш одати мавжуд эди. Биз шундайми? Наҳотки ўзимизни
бошқаролмасак?
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий