Қонун
доирасида қилган ҳаракатим ҳамда мавжуд қонунчилик нормаларига таяниб, мақсадга эришганлигим
наҳотки шижоат бўлса?
“15 ёшли пахтакор. Бўлиши мумкин эмас!” сарлавҳаси остида блогимда
босилган хабарим шунча эътибору шов-шувга сабаб бўлишини кутмаган эдим. Тўғри-да,
мақсадим ўзим иштирок этган ва гувоҳи бўлган воқеани блогим, яъни электрон
кундалигимда жойлаштиришдан иборат эди. Бу билан бизда ҳам қонунга таяниб, мансабдорлар
билан гаплашиш, муаммони ҳал этиш мумкинлигини барча билиб олсин демоқчи эдим. Бўлиб
ўтган воқеани бир мисол тариқасида
келтирилган эди.
Хабар эълон қилиниши билан касбдошлар, хориж ОАВ ходимлари, менга
қўнғироқ қилган ёки электрон почтамга мактуб ёзганлар чиқишимни қандайдир бир
фавқулодда воқеа сифатида талқин қилишга киришганлигини кўриб ҳайрон қолдим. Шундан
сўнг берган интервьюларимда, мактубларга ёзган жавобларимда масалага оддийроқ,
жўнроқ қарашга чақирдим. Нима бўлибди? Тегишли идорага бордим, қабул қилинган, яъни амал
қилиши лозим бўлган қарорга таяниб, мавжуд қонунчилик доирасида масаланинг ҳал
бўлишига эришдим.
Аксарият бу йўл билан муаммони бартараф этишга ишонмаётган бўлса, бу
ўшаларнинг қонун-қоидалардан бехабарлиги ёки уларни яхши билмаслиги оқибатидир.
Кўпгина танишларим бир муаммо чиқдими, дарров “одамини” топишга, пулни ўртага
солишга, шу йўл билан масалани ҳал этишга шошилишади. Бу уларнинг ўзларича
муаммодан қутулишнинг осон йўлидир.
Яхшиси, келинг, бир мисол келтирай. Ечиши оғир, анча куч, вақт ва энг
аввало шижоат талаб қилидиган муаммони қўйиб турайлик. Барчамизга дахлдор
бўлган соҳадан ҳар биримиз ҳар куни дуч
келадиган муаммолар ҳақида сўз юритайлик. Бу соҳа халқ маорифидир. Аксарият қўрқоқлик
даражасидаги андишалилиги сабабли халқ таълими тизимидаги мавжуд камчиликларни
кўра туриб, ўзини бетараф тутишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, бу тизим
мамлакатимиз келажаги учун, ҳар бир оила, фарзандларимиз тақдири учун ҳал
қилувчи аҳамиятга эга.
Мен бу ерда Самақанд шаҳар халқ маорифини назарда тутиб, мисоллар
келтирмоқчиман. Пул теришлар, синфдан ташқари турли тадбирлар деб (концерт,
кино, театр) дарсларнинг қолдирилиши, ҳар бир синфда, айниқса биринчи синфларда
40 ва ундан ортиқ ўқувчиларнинг бўлиши, мактабгача таълим муассасаларида
санитар нормадаги 15-20 (болаларнинг ёшига қараб) ўрнига 30-35 нафар
тарбияланувчиларнинг бўлиши каби салбий ҳолатларга қандай бефарқ бўлиш мумкин?
Ҳар куни, ҳар биримиз ушбу соҳадаги камчиликлар тўғрисида бонг урсак, мутасаддиларни
мавжуд қонунчиликка асосланиб, тартибга риоя этган ҳолда ишлашга даъват эксак, ижобий
ўзгариш бўлиши турган гап. Шунда тизимга раҳбарлик қилиш ишчан одамга
топширилиб, барча йўналишларда ишни ташкил этишда туб бурилиш ясалар эдими?!
Келинг, қонун доирасида амалга ошириладиган ишларимизни жасорат
сирасига киритмасдан, уларга лоқайдлигу бефарқликдан узоқлашиш воситаси сифатида
қарайлик. Кўп нолимасдан, жумладан, “қонун ишламайди” демасдан, қонунларни
ўрганиб, улардан амалда фойдаланиш йўлларини ўзлаштирайлик.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий