понедельник, 14 октября 2013 г.

Аҳолининг экологик хабардорлиги нимага боғлиқ?

Самарқандда экожурналистика бўйича бўлиб ўтган тренингда экологик ҳалокатнинг олдини олишда журналистлар масъуллиги ҳақида сўз юритилди.

Икки кун давом этган тренингни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳаларни  мувофиқлаштирувчиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Экомактаб” экологик-ресурс маркази ташкил этишди.

Самарқанддан ташқари Тошкент ва Бухорода бўлиб ўтган ушбу тадбир “Атроф-муҳит ва экология масалаларини ҳал қилишда соҳалараро ҳамкорликни кучайтириш учун экологик хабардорликни ошириш” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Лойиҳанинг мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология муаммоларини ёритишда журналистлар фаоллигини ошириш ва уларни соҳанинг ўзига хос хусусиятлари билан чуқурроқ таништиришдан иборат.  

Ташкилотчилар томонидан Австриядан махсус таклиф қилиган малакали мутахассис Александр Ницше тренингнинг юқори савияда ўтишини таъминлади, десак хато бўлмайди. У билан бир қаторда ўзбекистонлик экспертлар Наталья Шивалдова ва Саида Орифхоновалар ҳам журналистларга экология муаммоларини ёритишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида батафсил сўзлаб беришди. 

Тренинг давомида журналистларга Ўзбекистон экологик сиёсатининг асосий тамойиллари, Ўзбекистонда атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳақида кенг маълумот берилди. Шунингдек, экология ва атроф-муҳит масалаларини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари устида тўхталиб ўтилди. Ушбу йўналиш бўйича керакли манбани топиш йўллари ва қандай ресурслар борлиги ҳақида ахборот берилди.

Табиат ва унинг серқирра муаммоларини ёритишда журналист кенг билимга эга бўлиши лозимлиги тренинг давомида бот-бот такрорланиб турилди. Чунки табиат ҳақида, инсон билан уни ўраб олган атроф-муҳитнинг барча томонларини икир-чикирлари билан аҳолига етказиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ўзига хос билим, кўникмалар ва маҳорат талаб этилади. Журналистнинг ёзгани, гапиргани ёки кўрсатгани кенг халқ оммасига бориб етиши, аҳолига тушунарли бўлиши ўта муҳимдир. Бу аҳолининг мавжуд муаммолар ҳақида, умуман, экологиянинг асосий масалалари тўғрисидаги хабардорлигини оширишнинг асосий йўлидир.

А.Ницше ўз чиқишида экологик журналистика ва экологик хавфсизликнинг бир-бирига боғлиқлиги ҳақида тўхталиб, жамоатчиликнинг хабардорлиги хавфсизликнинг муҳим омили эканлигини таъкидлади. Ҳар бир киши ўзининг хўжалик фаолиятида ва кундалик турмушида экологик ҳалокатга олиб келадиган омилларни инобатга олмаслиги мумкин эмас. Табиат бойликларидан уларни ҳимоя этиш ва тиклаш учун зарурий чора-тадбирлар кўрмасдан кўр-кўрона фойдаланиш, атроф-муҳитни мунтазам ифлослаш табиатда тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади ҳамда биосферага ҳалокатли таъсир этади.

Ана шу йўналишда қалам тебратаётган журналистлар нималарга эътибор қаратиши лозим? Ривожланган мамлакатларда бу соҳада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Экожурналистиканинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат? Австриялик мутахассис ушбу саволларга жавоб берар экан, журналист керакли ахборотни қаердан ва қандай олиши мумкинлиги ҳақида ҳам маслаҳатлар берди. Шунингдек, меҳмон Ғарб матбуотида экология масалаларини ёритишда қабул қилинган мақола ва янгилик жанрларининг стандартлари устида ҳам батафсил тўхталиб ўтди.

Ўзбекистонда атроф-муҳит аҳволи, уни ҳимоя қилиш учун чора-тадбирлар ҳақида ахборот олиш “Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан кафолатланган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бош инспектори ўринбосари Тўрахон Ҳошимов сўз юритиб, экология муаммоларини ёритмоқчи бўлган журналистлар керакли маълумотни олиш  учун исталган пайтда мутахассисларга мурожаат қилишлари мумкинлигини уқтирди.

Тренинг давомида айни пайтда жамиятда ва журналистлар ўртасида атроф-муҳит ва  умуман табиат билан боғлиқ масалаларни ёритишда йўл қўйилаётган чалкашликлар, хатоликлар устида ҳам тўхталиб ўтилди. Масалан, “кейинги йилларда экология бузилди”, деймиз. Аслида бундай дейиш нотўғри. Чунки экология – фаннинг номи (“oikos” – уй, бошпана; “logos” – фан, билим). У бузилмайди, балки атроф-муҳит бузилади. Шундай чалкашликка йўл қўймаслик учун инглиз тилида бу икки тушунча алоҳида сўзлар билан ифодаланади. Фан билан боғлиқ масалаларга нисбатан “ecological” сўзи ишлатилса, атроф-муҳит ҳақида гап кетганда “enviromental” сўзи қўлланилади.

Умуман олганда, тренинг журналистлар учун фойдали бўлди. “Мен тренингда қатнашганимдан мамнунман. Ўз фаолиятимда экология муаммоларига ҳам эътибор қаратиб келаётганлигим учун бу ерда сўз юритилган масалаларнинг аксарияти билан яқиндан хабардор эдим, – дейди “Самаркандский вестник” газетаси мухбири Анастасия Павленко. – Аммо мутахассисларнинг чиқишлари бу соҳадаги билимларимни янада кенгайтирди, менда янги ғоялар пайдо бўлди. Бу эса янги мавзулар устида ишлашимга туртки бўлади, деган умиддаман. Айниқса тренинг сўнгида бизга тақдим этилган “Экожурналист маълумотномаси” номли китоб кундалик фаолиятимда асқотишини мамнуният билан таъкидламоқчиман”.

Тошпўлат Рахматуллаев
  
Манба: www.mezon.uz/uz


Комментариев нет:

Отправить комментарий