Самарқанд шаҳар коллежларидан бирида таҳсил олаётган набирам ўтган
ҳафта ўзи ўқиётган гуруҳни пахта теримига юборишаётганлигини айтиб қолди. У
биринчи курс ўқувчиси бўлганлиги учун бошқа курсдошлари билан ўқишни давом
эттираётган эди. Мен коллеж директорига учрашиб, набирам шу йилнинг сентябрь
ойида 15 ёшга кирганлиги, уни пахта йиғим-теримига жалб қилиш мумкин эмаслигини
эслатдим. Аммо раҳбар ҳеч нарса қилолмаслигини, вилоят ҳокимлигининг кўрсатмасини
бажараётганлигини уқтирди.
Вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳузурида ташкил
этилган пахта штабига бориб, масалани тушунтирдим. Ўзбекистон Республикаси
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг
“Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай
меҳнат шароитлари ишлари рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги 2009 йил 26 июндаги
қароридан хабардорлигини сўрадим. Ушбу қарор 2009 йилнинг 29 июлида Ўзбекистон
Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Қарорга илова қилинган рўйхатнинг 28-бўлимида қишлоқ хўжалиги
соҳасидаги ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган
ноқулай меҳнат шароитлари ишлари санаб ўтилган. Булар қуйидагилар:
- Ипак қурти заводларида банд бўлган ишчилар;
- Иссиқхоналар ичидаги ишларда банд бўлган ишчилар;
- Тамакини йиғиш, ташиш ва бирламчи ишлов беришда банд бўлган ишчилар;
- Пахтани қўлда суғориш билан банд бўлган ишчилар;
- Пахтани қўлда теришда банд бўлган ишчилар.
Бошқарма пахта штабидагилар масала моҳиятини тушуниб, коллеж
директорини юқоридаги қарор мазмун-моҳияти билан хабардор қилишларини
таъкидлашди. Айни кунларда коллежда пахтадан қолган ўқувчилар учун ўқув машғулотлари
давом этмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Barakalla, agar hamma siz kabi qonunni ushlasa bu paxta "mentaliteti" asta sekin yo'q bo'lib ketadi. Shun ommaviy paxta terdirishga qarshi, ayniqsa yosh bolalarnikiga qarshi kompaniya qilish kerak, hukumatni qoralamasdan, faqat bolalarni himoya qilgan holda. Ana shunda hech kim hech narsa deb ayb qo'ya olmaydi
ОтветитьУдалить