четверг, 24 октября 2013 г.

Нега биз шундай?


Шууримизда, қонимизда сингиб кетган иллатлардан қутула оламизми?

Жамиятимизнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган қатор иллатлар борки, улар аксариятимизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Уларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Хушомадгўйлик, маддоҳлик, журъатсизлик, шуҳратпарастлик, такаббурлик, риёкорлик, жиззакилик, бошқалар билан чиқишолмаслик, иккиюзламачилик, эзмалик, ҳасад, ғийбат...  Уларнинг ҳар бири тўғрисида қанча гапириб, қанча мисоллар келтириш мумкин.

Хушомадгўйликни олайлик. Мансаби, лавозими ўзимизникидан юқори бўлганларга сажда қиламизу эгаллаб турган вазифаси бўйича биздан пастроқда турганларни назар-писанд қилмаймиз. Донишмандларнинг уқтиришича, фақат икки гуруҳ кишиларга хушомад қилиш мумкин. Булар – устозлар ва биз билан таҳсил олаётган ва ўқишда биздан кучли бўлганлар. Билимимизни кенгайтириш ва илм олиш илинжида уларга хушомад қилиш раво экан. Бошқа ҳолатларда хушомадгўйлик, маддоҳлик пасткашлик нишонасидир. Мавлоно Жалолиддин Румий “мадҳ этиш – энг буюк пора” деган эди.

Азалдан халқимиз орасида ёши катталарга алоҳида иззат-ҳурмат кўрсатиб келинган. Ёши улуғлар дастурхоннинг ва ҳар қандай давранинг тўрида ўтирган. Эндиликда айрим пайтларда бу тартиб бузилган ҳолларининг гувоҳи бўламиз. Масалан, тўй ёки маъракага 40 ёшлар атрофидаги туман ҳокими ёки прокурор олдинда юриб, унинг орқасидан отаси қатори меҳмонлар кириб келганлигининг гувоҳи бўлганмисиз? Ёки дастурхон тўрига 30-35 ёшдаги мачит имоми ўтиб олиб, унинг дадаси, ҳатто бобоси қатори мўйсафидлар пастроқда ўтирганлигини кўрган бўлсангиз керак?

Бир маъракада етмишларга борган бир собиқ ўқитувчи ўз фарзанди қатори бўлган мачит домласига туриб жой берди ва ўзидан юқорига ўтишни таклиф қилди. Мулла ҳам тезда тўрга ўтиб олди. Маърака тарқагач, мен ўқитувчидан нима учун ўзидан анча ёш бўлган одамдан пастроққа ўтиришни ўзига лойиқ топганини сўрадим. У киши “домланинг илми ҳурмати учун шу ишни қилдим”, деб жавоб қайтарди. Менинг "Сизнинг илмингизчи? Ахир, Сиз 40 йил мактабда дарс бердингиз, қанчадан-қанча шогирдлар чиқардингиз. Сизнинг  жамиятимизга жуда катта фойдангиз теккан-ку, ўзингизнинг қадрингизни ерга урманг", деган сўзларимга жавобан жўяли бир нарса айтолмади.

Айримларда журъатсизлик ва амалпарастлик каби иллатлар бир-бирига қоришиб кетганини кузатиш мумкин. Айниқса, амалдор ўз курсисидан айрилиб қолмаслик учун журъатни деярли унутиб қўйган. Юқоридан келган ҳар қандай кўрсатмани таҳлил қилмасдан бажаришга ўрганиб қолган. Бошқалар, жумладан, ўзини зиёли деб атаётганлар ҳам оддий ҳаётий ҳолатларда журътсизлик қилишади. Бундайларнинг бозорда, савдо дўконида, хизмат кўрсатиш пунктларида, коммунал тўловларни амалга ошириш пайтида алдинишлари журъатсизликлари оқибатидир.

Шуҳратпарастлик, манманлик ва ҳасад каби иллатлар тўй-маъракаларимизни ҳозирги аҳволга келтирган сабаблардан деб ҳисоблаш мумкин. Дунёнинг ҳеч бир миллионери 2-3 соатлик шовқун-сурон (Самарқандда шу кунларда бўлаётган кечки базмларни бошқача аташ мумкин эмас) деб бизчалик маблағ сарфламайди. Қанчалик қийинчилик билан топган маблағни шунчалик осон совуриш шуҳратпарастлик оқибати эмасми? Ёки “тўйим фалончининг тўйидан зўр бўлмаса, отимни бошқа қўяман” деб, ўзидан тўқроқ, топарманроқ танишига тақлид қилиш ва сўнгра йиллар давомида бу калтабинликнинг азобини тортмоқ ҳасад натижаси эмасми?

Ўта қизиқувчанмиз. Қизиқувчанлигимиз касаллик даражасига етган десам, муболаға бўлмас. Бировнинг кийган кийимига, еган овқатига, кимлар билан ўтириб тураётганлигига, қаерга бориб келаётганлигига, уйига кимлар кириб чиқаётганлигига, рўзғоридаги икир-чикирларига қизиқамиз.

Ҳақиқатдан узоқ бўлса ҳам мансабдорлар ёки пулдор қулоғига хуш ёқадиган гапларни такрорлаймиз. Ўзимиз бошқача фикрда бўлишимизга қарамасдан аксар ҳолларда атрофимиздагиларни “хафа қилиб қўймаслик” учун ёки ўша вазиятда бошқача йўл тутиб бўлмаслигини рўкач қилиб, ёлғон сўз билан вазиятдан чиқиб  кетишга ҳаракат қиламиз. Масалан, юқори минбарлардан туриб, маънавият ҳақида гапирган одам ўзи маънавиятсиз бўлса-чи? Ёки порахўрликни қоралаб гапирадиган шахс пора билан қўлга тушса-чи? Бундайларни риёкор ёки иккиюзламачи демасдан яна қандай аташ мумкин?

65 ёшлар атрофидаги бир танишим бор. Касби врач. Бир куни у алам билан шундай деб қолди: “Авваллари врач пул олса уят саналарди. Энди эса пул олмаган докторни соғлом бўлмаса керак деб ўйлашади”.

Айрим идоралардан раҳбар ишдан кетса, унинг “дум”лари ҳам ўз-ўзидан ишни тарк этишади. Чунки ҳалиги раҳбар курсига ўтириб олиши билан ўз яқинларини турли лавозимларга тайинлаган эди. Энди улар ўз зиммасидаги вазифани бажара олмасликларини англаб, янги бошлиқ олдида шарманда бўлишдан қўрққан ҳолда ишдан кетишга мажбур бўлишган эди.

Аслида, раҳбарнинг янги иш жойида ўз сафдошларига эга бўлишга интилиши (ўз командасини тузиши)нинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Фақат яқинларига лавозим тақсимлашга киришишидан олдин уларнинг ҳар биридан қўлидан қандай иш келишини сўраб билмоғи лозим. Ана шунда нохуш оқибатларга олиб келаётган маҳаллийчилик ва ошна-оғайнигарчилик каби иллатлар ҳақида гапиришга ҳожат қолмайди.

Вақтнинг қадрига бормаймиз. Беҳуда гап-сўзлар билан қимматли вақт, у билан бирга умримиз ўтиб кетаётганлигини англамаймиз. Эзмалик айримлар  учун одатий ҳол бўлиб қолган. Телефонда мулоқот қилиш маданиятидан йироқ бўлганлар жуда кўп.

Юқорида санаб ўтилган ва бошқа иллатлар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий  ривожи йўлида тўсиқ бўлиб келмоқда. Хўш, улардан қутула оламизми? Бунинг учун нималар қилиш керак? Балки бу ҳақда биргаликда  ўйлаб, бирор-бир хулосага келармиз?!

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий