пятница, 15 ноября 2013 г.

Тўйга сценарий керакми?


“Тўй маънавияти” туркумидан иккинчи мақола

Тўй базмига раислик қилувчининг вазифаси нималардан иборат? Табрик учун меҳмонларга сўз навбатини беришу сийқаси чиққан шеърларни ўқишми?

Тўйни бошқариб бораётганларни қандай атасак тўғри бўлади: тўй раисими ёки тўй бошловчисими? Ушбу саволимга таниқли ёзувчи ва журналист Абдуқаюм Йўлдошев қуйидагича жавоб қайтарди: “Қандай аташ билан моҳияти ўзгариб қолмайди-ку! Ҳар қалай, “тўйни олиб борувчи” десак, тўғрироқ бўлар. Биз ўзаро суҳбатда “ўртакаш” деймиз”.

Бухоролик журналист, кейинги йилларда тўйларни бошқариб бораётган Гуласал Камолова (у бу ишни тележурналист Обид Шабонов билан ҳамкорликда бажармоқда)нинг сўзларига қараганда, “тўй раиси” деган сўзларни асосан ёши катталар  ишлатишади. Ёшлар эса “бошловчи” дейишни маъқул кўради.

Келин-куёв иштирокида  бўладиган тўй базмлари ўтган асрнинг 50-60-йилларидан ўтказила бошланган эди. У вақтда “қизил тўй” деб аталувчи тўйлар онда-сонда бўлиб турарди. Ўшандаёқ бундай кечаларни бошқариб бориш эҳтиёжи вужудга келди. Ўз замонасининг зиёли, обрўйли кишиларига бу вазифа ишониб топширилар эди. Турли идораларни бошқараётганларга нисбатан ишлатиладиган “раис” атамаси уларга ҳам қўлланиладиган бўлди.

Никоҳ тўйини базм билан якунлаш одати бундан 30-35 йил олдин кенг тус олди. Айниқса, кейинги йилларда тўйларимизнинг кўриниши ҳам, мазмун-моҳияти ҳам ўзгарди. Афсуски, бу ўзгаришлар доим  ҳам яхши томонга қараб бўлмади. Тўй ҳаддан ташқари серодам, шовқин-сурон авжига чиққан, киши юрагини бездирадиган тадбирга айланди. Тўйларнинг маънавият ва азалий қадриятларимиздан узоқлашиб бораётганлигида тўйни олиб бораётган, яъни унга раислик қилаётганларнинг ҳам “ҳиссаси” катта.

Тўй бошловчиларининг савиясига мос тўйхўрларнинг ҳам диди тушиб кетмоқда. Масалан, давра раиси сал камроқ шеър айтса, айримлар “ҳе, бу раиснинг мазаси йўқ экан, дуруст бир шеър ҳам айтмади-я”, деб нолишади. Кўпчилик бошловчилар эса ўзи ёдлаб олган шеърларини тўйдан тўйга бир хилда такрорлайвериб, жонингизга тегади. Улар ўз вазифасини меҳмонларга табрик учун сўз беришдан иборат деб тушунади ва аксарияти шу билан чекланади ҳам.  

Лекин тўй кечасини мазмунли ўтишида, тўйчи, айниқса, келин-куёвнинг хотирасида узоқ вақт муҳрланиб қолишида бошловчининг ўрни беқиёс. Йиллар давомида орзиқиб кутилган, қанча вақт мобайнида заҳмат орқасидан топилган катта маблағ сарф қилинган тўй фақат еб-ичиш тадбирига айланса, шу ҳам адолатданми? Афсуски, шу вақтгача тўй базмини қандай ташкил этиш, қай тартибда олиб бориш хусусида кўпчиликка маъқул тавсиялар ёки сценарий ишлаб чиқилган эмас.

Қизиқи шундаки, тўй эгалари тўй базмини қандай ташкил қилиш ҳақида қайғурмасдан, ҳамма ишни бошловчининг ўзига ташлаб қўйишади. У эса ўзининг савиясига қараб тўйни бошқариб боради. Айримлари базмни мажлисга айлантириб юборади: ўзи ҳам кўп гапиради, табрик учун ҳам навбатма-навбат сўз бераверади. Баъзилари эса хонандалар билан келишиб, асосий эътиборни мусиқа ва рақсга қаратади.

Куни кеча бир тўйда қатнашдим. Тошкентдан келган хонанда тўйнинг бош қаҳрамонига айланди. Икки бошловчидан ташқари у ҳам ҳар бир қўшиғи олдидан гапиришдан ўзини тиёлмади. Бир хониш қилганида 30-40 дақиқа тўхтамасди ва икки раққоса пул териш билан овора эди. Шунча йиллардан бери никоҳ тўйида қатнашиб, биринчи марта табрик учун ҳеч кимга сўз берилмаганлигининг гувоҳи бўлдим.

Ўтган йили тўй кечасини олиб борган Самарқанд телевидениясининг сухандонларидан бири кеча аввалида тўй соҳибларининг оламдан ўтган яқинларини хотирлаш учун  ҳаммани ўрнидан туриб, бир дақиқа сукут сақлашга чақирган эди. Қизиғи шундаки, ушбу таклифга амал қилганларнинг аксариятини    бундай  одат ислом динимизга ёт эканлиги ва бошловчи – ўзбек қизининг буни тушунмаганлиги ҳайратга солмади.

Тўй кечасининг мазмунли ва қизиқарли ўтишида биринчи навбатда тўй соҳиблари манфаатдор бўлиб, бутун ихтиёрни бошловчи қўлига топширмасдан, базмни қандай ташкил этиш масаласини пухта ўйлашлари ва у билан муҳокама қилишлари зарур. Бошловчининг қўлида кечани олиб боришнинг аниқ режаси бўлиши керак. Тахминан кимларга сўз берилишини, уларнинг тўй эгаларига алоқадорлиги қандайлигини, сўзга таклиф қилинган одам микрофонга яқинлашганича ўтадиган вақтни тўлидириш учун нималар айтиш кераклигини аввалдан аниқлаб олиш зарур.

Тўй базмининг қандай ўтиши бошловчи савиясига боғлиқлигини Г.Камолова ва О.Шабонов мисолида яққол кўриш мумкин. Улар билан суҳбатлашиб, бундай кечаларни қандай ташкил этиш лозим деган саволимга озроқ бўлса ҳам жавоб топгандай бўлдим. Характерли томони шундаки, улар ўзларини тўйда раис эмас, конференсье деб ҳисоблашар экан. “Мен умуман шеър айтмайман, - дейди Гуласал. – Биз тўйда ваъзхонлик қилмаймиз. Турли ўйинлар ташкил этиб, кечани қизиқарли ўтишига ҳаракат қиламиз. Ўйинда ғолиб бўлганларга келин-куёв номидан ҳар хил совғалар топширамиз”.

Яна бир қизиқ томони шундаки, Самарқанд тўйларида табрикка чиқиб, бир жўяли гап айтадиганлар сони тобора камайиб бормоқда. Айниқса, ёшлар – келин-куёвнинг дўстлари аксарият ҳолларда икки оғиз сўзни ҳам эплаб гапиролмайди. Тўй оқшоми 4-5та маъносиз чиқишлар билан якунланади. Кечада тўй соҳиблари ҳақида, келин-куёв тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмайди.

Бухорода эса бу томони бошқача эканлигини Г.Камолова сўзларидан билиб олдим. Базмнинг аввалидаёқ тўйчилар ва тўй сабабчилари ҳақида маълумот берилади ҳамда эркак ва аёл қудаларни давра ўртасига чиқариб, бир-бирларини қучоқлашиш таклиф этилади. Айрим тўйларда табрикка чиқишни хоҳловчиларнинг сони шунчалик кўп бўладики, ҳаммасига сўз беришни иложи топилмайди. Шунинг учун табрикламоқчи бўлганларнинг дил сўзлари тўйхонанинг кираверишида ёки алоҳида хонада ёзиб олинади ва кейинчалик тўй базми тасвири туширилган дискка монтаж қилинади. Бир тўйда 29 кишининг табриги шу йўл билан ёзиб олинган экан. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, шунча одамга базмнинг ўзида сўз берилганда, нима бўларди?!  
  
Албатта, юқорида тасвирланганидек ўтган тўйни ҳали рисоладагидек деб бўлмайди. Аммо тўй кечасини маъноли, тўй иштирокчиларининг дилига хуш ёқадиган қилиб ўтказиш учун қандайдир интилиш борлигини табриклаш жоиз. Келинг, биргаликда тўйимизни маънавий жиҳатдан юксак бўлишини таъминлаш учун нималар қилиш лозимлигини ўйлаб кўрайлик. Балки бу борада қандайдир амалий қўлланиши осон бўлган тавсиялар ишлаб чиқиш керакдир?!

Тошпўлат Раҳматуллаев


1 комментарий:

  1. juda yaxshi masala yana tuylarda hurmat izzat kamayib bormoqda puli yuqroq bir oddiy odam kelsa har kim ham qaramaydi ozgina puli bor yosh kelsa ham hamma unga hurmat bilan qaraydi shu masala tugrisida maqola yozishingizni xohlardik

    ОтветитьУдалить