понедельник, 4 ноября 2013 г.

Солиқ тизимидаги ютуқлар муаммоларни кўрсатишга монеълик қилмасин


Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари очиқлиги тўғрисидаги экспериментда Вилоят давлат солиқ бошқарма(ДСБ)сининг иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда, шунингдек, бошқарма томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

 Вилоят ДСБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Лутфулла Баракаев тизимда бундан 7 йил олдин Ахборот хизмати ташкил этилганлигини уқтириб, ҳуқуқий эксперимент доирасида ҳам бу йўналишда талайгина ишлар амалга оширилганлигини қайд этди. “Биз солиқ сири билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ахборотни беришга тайёрмиз, бу ишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, - деди жумладан нотиқ.

А.Баракаевнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси веб-сайтида 28 турдаги интерфаол хизмат жорий этилган бўлиб, улар ахборот олишнинг тезкор ва қулай манбаига айланган. Фуқаролар ўз бизнесини ташкил этиш ҳамда ариза, шикоят ва мурожаатлар бўйича тегишли интерактив хизмат туридан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, вилоят ДСБ ҳам ўз веб-сайтига эга.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоят солиқ тизими томонидан амалга оширилган ишлар устида тўхталар экан, А.Баракаев бир қатор рақамларни келтирди. Рақамлар билан  ўқувчини толиқтирмаслик учун вилоят ДСБ барча турдаги солиқ ва тўловлар режасини бажарганлигини айтиш билан чекланамиз. Аммо негадир жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк ва ер солиқларининг миқдори рақамларда ёки фоизда тилга олинмади. Фақат қуйидагича таъкид билан чекланилди: “Соҳа эгаларининг астойдил қилган ҳаракатлари, кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб борганликлари туфайли ушбу вазифа муваффақиятли уддаланди”.   

Шу билан бирга, матбуот анжуманида “айрим солиқ тўловчилар ҳали ҳам ўз конституциявий бурчини тўла англаб етмаганлар, бошқача айтганда, уларда ҳали ҳам солиқ маданияти (солиқ тўлаш маданияти ёки солиқ тўловчилар маданияти дейилса, тўғрироқ бўлармиди? – Т.Р.)тўла шаклланмаган” дейилди-да, аммо ушбу ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш борасида нималар қилиш лозимлиги тўғрисида сўз юритилмади.

Матбуот анжуманида жамоатчиликни қизиқтирадиган қатор саволлар ёритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, бундан 6-7 йил аввал бундай тадбир йилнинг ҳар уч чораги якуни бўйича ўтказиб туриларди ва уларда вилоят солиқ тизимида рўй берган барча ижобий ва салбий ҳолатлар тилга олиб ўтиларди. Жумладан, тизим ходимлари томонидан ҳисобот даври мобайнида қандай қонунбузарликлар содир этилганлиги, уларга нисбатан қандай чоралар кўрилганлиги очиқ айтиларди. Билиб ёки билмасдан қилинган хато оқибатида солиқ тўловчилардан ортиқча ундириб олинган ва кейинчалик қайтарилган маблағ ва унинг миқдори ҳақида маълумот бериларди.

Бундан ташқари, жамоатчилик кўз ўнгида бўлиб турган қонунбузарликларга қачон барҳам берилиши хусусида ҳам лом-мим дейилмади. Масалан, бензин тақчиллиги шароитида Самарқандда кўчаларда жистоний шахсларнинг ҳовлиси дарвозаси олдида очиқ тарзда бир литр бензинни 3-3,5 минг сўм сотаётганларга ким чора кўриши лозим? Бозорлар ва савдо комплексларига туташ автомобиль тўхташ жойларида ҳайдовчилардан олинган пул учун мавжуд тартибга биноан ҳисоб-китоб қилинганлигини ким кўрган? Бу каби “майда-чуйда” нуқсонлар давлат хазинасига тушиши лозим бўлган маблағнинг кимларнидир чўнтагига тушаётганлигига сабаб бўлмоқда-ку!

Келгуси матбуот анжуманларда вилоят ДСБ, айниқса, унинг Ахборот маркази  журналистларни тўлақонли маълумотлар билан таъминлайди, деб умид қиламиз.

Тошпўлат Раҳматуллаев













Комментариев нет:

Отправить комментарий