вторник, 5 ноября 2013 г.

Танишинг: ўзбекистонлик фаол блоггерлардан бири Тошпўлат Раҳматуллаев

"Матрица" сайтида мен берган интервью чоп этилди. Интервью билан блогимга кирувчиларни таништириш мақсадида уни  кўчириб босишга қарор қилдим. 

Танишинг: ўзбекистонлик фаол блоггерлардан бири Тошпўлат Раҳматуллаев.
Блоггер ҳақида қисқача маълумот.
 Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқанд Давлат Университети (СамДУ) тарих факультетини битирган, шу факультетда қатор йиллар давомида ишлаган. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида ўз мақолалари билан матбуотда мунтазам чиқиш қилиб келган. Самарқандда мустақил телеканал – СТВ (1991 йил ТКС номи остида иш бошлаган) очилиши билан телеканалда Самарқанд тарихига бағишланган кўрсатувни олиб борган. 1994 йил декабрдан Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг “Самарқанд” газетасига бош муҳаррир этиб тайинланган. Етти йил шу лавозимда ишлаган. 

Шу билан бирга “Ҳуррият” ва “Фидокор” республика газеталарининг вилоят мухбири сифатида ҳам фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Миллий матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлимини ташкил этиб, олти йил давомида унга раҳбарлик қилган. Журналистлар учун тренинг ва семинарлар ўтказишда бой тажрибага эга. У Самарқандда илк “Ёш журналистлар мактаби”га асос солган. Тошпўлат Раҳматуллаевнинг бир нечта китоблари нашр этилган. 
 Тошпўлат Раҳматуллаев ҳақида кенгроқ маълумотни унинг блогидан топиш мумкин.
Матрица: Айтингчи блог юритишни қачон бошлагансиз?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Блогимга 2011 йилнинг июль ойидан бошлаб материаллар жойлаштира бошлаганман.
Матрица: Бунга нима туртки бўлган?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Кўпчилик тақдирига дахлдор бўлган фикрларимни, дилимдаги дардимни баён этиш, жамиятимизда учраб турадиган иллатларни очиқ қаламга олиб, уларни бартараф этиш йўлларини биргаликда ахтариш умиди блог очишимга туртки бўлди.
Матрица: Блогингизда кўпроқ нималар ҳақида ёзасиз?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Атрофимзда содир бўлаётган воқеалар, тараққиётимизга тўғаноқ бўлиб турган иллатлар ҳақида ёзишга ҳаракат қиламан.
Матрица: Блог юритишгиздан асосий мақсад нима?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Мақсадим: аҳоли хабардорлигини ошириш, камчилик ва нуқсонларни тилга олиш орқали уларнинг бартараф этилишига ҳисса қўшиш.
Матрица: Блог юритишнинг энг завқли томонлари нимадан иборат деб ўйлайсиз?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Материал эълон қилингач, унга билдирилган фикрлар билан танишиб, беҳудага вақт ва куч сарфламаётганлигингни сезиш ўта завқлидир.
Матрица: Зерикарли томоничи?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Мен ўз ишимдан зерикмайман. Баъзан керакли шахсларнинг оддий маълумотни беришдан қўрқишидан, атрофимиздагиларнинг лоқайдлигидан, нафақат ўзганинг балки ўзининг ҳам тақдирига бефарқлигидан, оддий ҳолатларда ҳам ўзини ҳимоя қила олмаслигидан азоб чекаман.
Матрица: Блогингизни нега айнан Blogger сайтида жойлаштиришга қарор қилгансиз?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: - Блогимни Blogger сайтида очишимнинг тарихи қуйидагича: 2011 йилда таниқли ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат очган блогни кўриб чин дилимдан қувондим. Ўша пайтда ёши 70га яқинлашган бу тиниб-тинчимас биродаримнинг янгилик сари интилиб, замондан орқада қолмасликка бўлган амалий ҳаракатига тасанно айтган эдим. Нусрат ака бир куни “блогимни очишда қўшни қишлоқда истиқомат қилувчи Хушвақт Истадов деган йигит техникавий ёрдам кўрсатди. Сизни ҳам у билан таништираман”, деб қолди.
Хушвақт билан учрашдим. У йигит
компьютер ва Интернетни пухта ўзлаштирган экан. Ана шу мутахассис блог очишда Blogger сайтидан фойдаланишни менга маслаҳат берганди. Шундай қилиб, блогимнинг ишини Blogger сайтидан фойдаланиб йўлга қўйганман.
Матрица: Маҳаллий блог юритувчилардан кимларнинг блогини хуш кўрасиз? Нега?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Самарқандлик таниқли ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат блогининг доимий ўқувчилариданман . Авваллари шунингдек Адаш Истад блогига ҳам кириб турардим. Лекин, барибир Нусрат ака ўз интернет кундалигида қизиқарли мавзуларни маҳорат билан очиб бера олаётган муаллифлардан.
Матрица: шахсий блогингизни тузиб нималарга эришдингиз ва нималарни йўқотдингиз?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Ижодкорнинг ўз қилган ишидан қониқиш ола билишининг ўзи, ҳаёти мазмунли ўтаётганлигидан нишона саналади. Мен ҳам матбуотда айтолмайдиган дил сўзларимни блогим орқали элга маълум қилиб, қониқиш олаяпман. Кўпгина пенсионерларга хос бўлган бекорчиликни, беҳуда гап-сўзлар билан вақтни “ўлдириш”га бўлган интилишни йўқотдим.
Матрица: Қайси мундарижадаги блоглар ҳозир ўзбек тилида жуда зарур деб ҳисоблайсиз?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Аҳолини кенг қамровли ахборот билан таъминлайдиган, нафақат марказда, балки вилоятларда бўлаётган янгиликлар билан таништирадиган, шахсни ҳар томонлама ривожлантиришга кўмаклашувчи билимлар беришга қодир блоглар лозим, деб ўйлайман.
Матрица: ўз тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда айтингчи, ҳозирги кунда ўзбек тилида Интернет ва янги технологияларга оид қанақа қўлланмаларга эҳтиёж бор?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Ҳозирги пайтда ушбу йўналишдаги ҳар қандай қўлланманинг асқотиши турган гап. Чунки янги технологиялар тармоғи кун сайин ривожланиб бормоқда. Ўзбек тилида эса вақтида, замон билан ҳамнафас қўлланмалар яратиш орқада қолмоқда.
Матрица: Блогингизнинг мухлислари сони ошишида ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланиб келаяпсизми?
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Ижтимоий тармоқларга кирувчиларнинг сони кўплиги боис уларда у ёки бу материалим ҳақида берилган ахборот блогимга кираётганлар сонига албатта таъсир этмоқда. Мен Facbookе ва Одноклассники ижтимоий тармоқларидан фаол фойдаланиб келаяпман.
Матрица: Ёш блог юритувчиларга тилак ва таклифларингиз.
 Тошпўлат Раҳматуллаев: — Фақат майда-чуйда гап-сўзлар атрофида ўралашиб қолишмасин. Дунёга кенгроқ назар солишларини таклиф қилардим. Ҳаёт ранг-баранг. Уни фақат оқ ёки қора бўёқлар билан тасвирлаб бўлмаслигини англаш зарур.

Самарқандлик блоггер билан дўстлашмоқчи бўлганлар учун унинг интернетдаги манзили:
Блоги: http://rtoshpulat.blogspot.com 
e-mael: rtashpulat@yandex.ru
Facbookе ва Одноклассники ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари:


Комментариев нет:

Отправить комментарий