четверг, 7 ноября 2013 г.

Банклар жозибадорлиги нималарга боғлиқ?

Ҳудудларда банклар талаб даражасида ишламоқдами?

 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Самарқанд вилоят Бош бошқармаси журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди. Ташкилотчилар раҳбари тадбирга кечикиб  келганлиги сабабли у белгиланган вақтидан анча кеч бошланди. Аммо раҳбар, журналистлар  бу ҳурматсизликка эътибор қаратишмаганлиги боис, кеч қолгани учун узр сўрашни ўзига эп кўрмади.  

Матбуот анжуманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни молиявийлаштириш бўйича банклар томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Ушбу масалалар бўйича банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Қаюмбой Собиров чиқиш қилди.

Нотиқнинг уқтиришича, банк хизмати вилоятнинг энг чекка қишлоқларигача ҳам етиб борган. Вилоятда тижорат банкларининг 76та филиали, 300га яқин мини банк ва жамғарма кассалари фаолият кўрсатмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига барча молиявий манбалар ҳисобидан жорий йилда ажратилган кредитлар миқдори 433 млрд. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан 1,3 баробар кўп.

Вилоятда амалга оширилаётган қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш комплекс дастури доирасида 2009-2012 йилларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар учун 200,6 млрд. сўмдан зиёд миқдордаги маблағ сарфланди. Жорий йилнинг ўзида ушбу мақсад учун 102,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратиш мўлжалланган.  

Қ.Собиров, шунингдек, яна кўплаб бошқа рақамларни қайд қилиб ўтди. Уларни келтириб, ўқувчиларни толиқтирмоқчи эмасман. Рақамлар ва ҳисобот асосида вилоят банк тизимида ишлар жуда зўр эканлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Шундайми? Наҳотки соҳада ҳеч қандай муаммо бўлмаса? Фақат савол-жавоб давомида бир қатор оғриқли нуқталар тилга олиб ўтилди.

Масалан, журналистлар пластик карточкалардаги маблағни олишда учраб турадиган қийинчиликлар ва савдо нуқталаридаги терминалларнинг ёмон ишлаши масаласини кўтаришди. Банк раҳбар ходимларининг жавобидан маълум бўлишича, айни пайтда вилоятда 810дан кўпроқ пластик карточкалар муомалага киритилган ҳамда 10 мингдан ортиқроқ савдо нуқталарида терминаллар ўрнатилган.

Айрим савдо нуқталарининг офлайн пластик карточкалари, бошқаларининг онлайн карточкалари билан ишлашга мослашганлиги мижозларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Бунга электр тармоғидаги узилишлар ҳам салбий  таъсир кўрсатмоқда. Ҳозиргача барча савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида терминаллар ўрнатилмаган бўлиб, 1 октябр ҳолатида 1580та терминалга талаб мавжуд. Ой сайин бундай нуқталар сони ортиб бормоқда. Демак, улар хизматидан фойдаланмоқчи бўлган мижоз ўз пластик карточкасини  чўнтагидан чиқармасдан, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиши керак.

ОАТ “Самарқанд” банки тўлов қобилиятини йўқотганлиги муносабати билан ўз маблағларини ололмасдан сарсон бўлиб юриган минглаб мижозларга ким ёрдам қўлини чўзади, деган каминанинг саволига Қ.Собиров қуйидагича жавоб қайтарди: ҳозиргача ушбу банкнинг мижозлари бўлган 8 мингдан ортиқ жисмоний шахсга уларнинг омонатлари қайтариб берилди. Энди юридик шахсларнинг маблағини қайтаришга киришилади.

Матбуот анжумани давомида журналистлар “Йилнинг энг яхши банки” кўрик-танловини ўтказишда шаффофлик тамойилига асосланиб, бу ишга кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда оммавий ахборот воситалари иштирокида амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Маълум бўлишича, ҳозиргача вилоят банк тизими ўзининг ахборот хизматига эга эмас экан ҳамда унинг ўз веб-сайти йўқ.

Шундай қилиб, банк ходимлари соҳадаги айрим камчилик ва нуқсонларга журналистлар уларни тилга олгандан кейингина эътибор қаратиб, бартараф этиш чораларини кўришни ваъда беришди. Банклар керак, улар ўта муҳим. Аммо хизматлар юқори даражада, замон талаби даражасида бўлгандагина уларнинг жозибадорлиги янада ошади.    

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий