вторник, 5 ноября 2013 г.

Тўйми ёки дискотка?

Кўпи билан 2-3 соат давом этаётган ва оддий дискотекага айланиб бораётган тўй кечаси учун 20-30 миллион сарфлаш шартми?

 “Тўй маънавияти” туркумидан биринчи мақола

Тўй базмлари тобора маданият ва маънавиятимиздан, азалий қадриятларимиздан узоқлашиб кетмаяптими? Катта маблағ сарфланаётганлигига қарамасдан улар тобора жуда жўн, оддий бир тадбирга ўхшаб қолмоқда. Кўп ҳолларда улар дискотекани эслатмоқда. Дискотека учун эса бир неча йил давомида катта машаққатлар эвазига топилган маблағни совуриш увол эмасми?

Яқинда бир тўйда иштирок этишга тўғри келди. (“Мажбур бўлдим” демоқчи эдим. Чунки ҳар доим ҳам ўз хоҳишим билан тўй кечасига иштирок этаман деб айтолмайман. Андиша, қариндошчилик, ошна-оғайнигарчилик, тўй соҳибининг юзидан ўтолмаслик тўйга  қатнашишга мажбур қилади). Тўй ҳашаматли ресторанлардан бирида ташкил этилган эди. У ерда бир кишилик жойнинг ўзига 20 минг сўм олишади. Ўртача дастурхон тузиш киши бошига 30 минг сўм. Демак, бир нафар меҳмон учун 50 минг сўм тўланади.

Кечага 600 киши таклиф этилган эди. Шундай қилиб, тўй соҳибига ушбу базм 30 миллион сўмга тушган. Хўш, шунча маблағ сарфланган кеча қандай ўтди?

Меҳмонлар соат 18-00да таклиф этилган эди. Ресторан эшиклари соат 18-20да очилди. Билмадим, бошқа жойларда қандай-у, Самарқандда тўйга келган меҳмонларни 15-20 дақиқадан бир соатгача кўчада ушлаб туриш одатга айланган. Келин-куёв бир соатдан кейин тўйхонага кириб келишди. То улар жойлашгунча яна вақт ўтди. Базм кечаси соат 19-30да бошланди.

Ярим соатдан кейин меҳмонлар секин-аста базмгоҳни тарк эта бошлашди. Чунки уларнинг келганига 2 соат бўлган эди. Айримларининг йўли узоқ, транспорт муаммоаси мавжуд. Самарқандда қоронғу тушиши билан автобуслар ҳаракати деярли тўхтайди.

Тўй бошланишидан бир соат ўтар-ўтмас ресторанда меҳмонларнинг ярми қолган бўлса, икка соатдан сўнг тўй эгаларининг энг яқин одамлари қолди. Улар яна бир соат ўйин-кулгу қилиб, тарқалишди.

Шундай қилиб асосан 2 соат давом этган тўй базмига 30 миллион сўм сарфланди. Аймоқчи, бу фақат егулик ва ичкилик харажатлари. Бундан ташқари, хонандалар, видео тасвирчилар, тўй бошловчи, ресторанни безаган дизайнерларга ҳам яхшигина ҳақ тўланган. Ўзи чиройли, янги қурилган ресторанни “безаш” учун 2 миллион сўм атрофида  совирилаётганлигини ҳеч қандай соғлом ақл билан изоҳлаб бўлмайди.

Mezon.uz сайти ўтказаётган сўровнинг “Тўйни суратга олиш ва видеога тушириш учун тахминан қанча тўладингиз?” деган саволига сўровда қатнашганларнинг 22,2 фоизи 1,2-1,5 миллион деб, яна шунчаси 800-850 минг сўм деб жавоб қайтарган. Демак, сўров иштирокчиларининг деярли ярми учун сурат ва видео ўртача бир миллион сўмга тушган.

Камина сўз юритаётган ўша тўй кечасида қатнашганлар хурсанд бўлиб, завқланиб ресторанни тарк этишдими ёки..? Афсуски, улар олган озуқа фақат моддий озиқадан иборат бўлди ва меҳмонларнинг қорнини тўйдирди, холос. Улар чарчаб, қулоқлари қоматга келиб, бош оғриқ ҳолда, кайфияти бузилиб, уйларига равона бўлишди.

Кейинги йилларда хонандалар тўйларимизнинг бош қаҳрамонлари бўлиб қолишди. Уларнинг вақтига қараб тўй куни белгиланади. Улар хоҳлаганича мусиқа овозини кўтариб қўйишади. Ўз ўйинчиларининг (уларни раққоса дейишга ҳам тил бормайди) кўпроқ пул териб олишига имкон яратиш мақсадида мусиқани хоҳлаганича узоқ чўзиши мумкин.  

Хонандалар тўйда ижро этадиган қўшиқларининг бир жиҳатига эътибор қаратишади. Бу ҳам бўлса қўшиқнинг шўхлиги. У тўпланганларни рақсга ундаши лозим. Чунки пулнинг манбаи мана шунда. Ҳамма билса керак, Самарқандда ўйинчиларга ва рақсга тушганларга пул қистиришдек иллат анча кучли томир отган. Мусиқа овозини баланд кўтариб қўйиш орқали қўшиқ матнидаги ва ижрочи овозидаги қусурларни яширишмоқчи бўлишади. Бунда тўйхўрларнинг кайфияти, талаб-истаги умуман инобатга олинмайди. Отарчилар сувни лойқалатиб, балиқ овлаш илмини зўр ўзлаштириб олишган. 

Мутахассисларнинг уқтиришича, овоз баландлиги 30-35 децебел (дБ) бўлганида, уни қабул қилиш инсон учун қулайл. Лекин 40-75 децибелли шовқин одам асаб тизимига зарар етказиб, турли касалликларга сабаб бўларкан. Шовқин 80 дБдан юқори бўлиши қулоқларни кар қиларкан. Тўйхоналаримиздаги шовқиннинг бизга қанчалик зиён келтираётганлигини ким аниқлайди? Инсоннинг саломатлиги улуғ неъмат деймиз-у, санъатни пулга сотаётганларни танобини торта олмаймиз!

Афсуски, тўйларда хизмат қилаётган бундай хонандалар орасида номи чиққан санъаткорлар ҳам йўқ эмас. Улар катта саҳналарда, телевидениеда чиқиш қилганда, уларни ҳавас билан тинглаймиз. Аммо базм кечасида оддий отарчи, аниқроғи кўп қатори  “тўй хонандаси”га айланиб қолишади.

Ҳақиқий санъатдан узоқлашган тўй хонандаларининг ўзимиз ҳам қўллаб турамиз. Мен бу ерда кўпчиликнинг ширакайф ҳолатда турли ҳаракатларни бажариб, “рақс” тушаётганларини назарда тутмоқдаман. Кейинги пайтларда Самарқандда 2 соатлик тўйнинг  деярли бир ярим соати рақс билан ўтмоқда. Тўйнинг оддий дискотекадан фарқи қолмаяпти. Бундай рақс кечасига 20-30 миллион сўм сарфламасдан, шу пулнинг ўндан бирига ёшлар учун дискотека ташкил қилса бўлмайдими? Ёши катталар учун ош берилса...

Э-ҳе, қанча маблағ тежаларди. Иқтисодий ночор оилалар қарз балосидан тезроқ қутуларди. Бироз ўзига тўқлар рўзғор камчиликларини бутлаб, уй жиҳозларини янгиларди, замонавий техника воситалари сотиб оларди. Ўзига тинчроқ оилалар эса ёшларни саёҳатга юборардими? Ишқилиб, ҳали бизда беҳуда совуриш даражасида пулга эга бўлганлар йўқ чамаси. Ваҳоланки, хориж миллионери сарфлаётган ҳар бир центининг қаерга кетаётганлигини билиб, кейин ҳамёнини очади. Бизчалик тўй бериш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Хўш, йиллар давомида такрорланиб келаётган иллатларга ким барҳам беради? Ҳукумат қачон тўйларни тартибга соладиган қарор қабул қилади деб, кутиб тураверамизми?

Тошпўлат Раҳматуллаев  


1 комментарий:

  1. juda kerakli masalani olib chikdingiz xakikatan ham odamlarimiz kim uzarga tuy qilyapti qarzga botib bulsaham mana shunaqa maqolalar ni kutib qolamiz sizdan

    ОтветитьУдалить