Шиддат билан ўзгариб бораётган давримизда мустақил таълим олиш, бутун
умр давомида ўқиб-ўрганиш ҳар бир шахс учун, унинг ривожланиши учун муҳим
аҳамият касб этмоқда.
“Бешикдан қабргача илм ўрган” деган ҳадисни кўпчилик билади, чунки у
тез-тез такрорланиб турилади. Аммо ҳамма ҳам унинг маъносини чуқур англайди,
деб бўлмаса керак. Чунки акс ҳолда бизда умр давомида илм ўрганишга интилиш
бошқача тус олган бўларди. Аслида ҳадисда узлуксиз таълим, яъни инсоннинг бутун
умри давомида ўқиб-ўрганиши шартлиги ҳақида сўз бормоқда.