четверг, 5 декабря 2013 г.

Мустақил таълимнинг афзалликлари

Шиддат билан ўзгариб бораётган давримизда мустақил таълим олиш, бутун умр давомида ўқиб-ўрганиш ҳар бир шахс учун, унинг ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Бешикдан қабргача илм ўрган” деган ҳадисни кўпчилик билади, чунки у тез-тез такрорланиб турилади. Аммо ҳамма ҳам унинг маъносини чуқур англайди, деб бўлмаса керак. Чунки акс ҳолда бизда умр давомида илм ўрганишга интилиш бошқача тус олган бўларди. Аслида ҳадисда узлуксиз таълим, яъни инсоннинг бутун умри давомида ўқиб-ўрганиши шартлиги ҳақида сўз бормоқда.

Бундан анча аввалроқ одамлар таълим даргоҳлари – мактабда, ўрта махсус ва олий ўқув юртида олган билим билан бир умр яшаш мумкин эмаслигини англаб етишган эди. Шу сабабли катта ёшдагилар таълими хусусида қарашлар пайдо бўлганди. Бу қарашлар асосида катта ёшдагилар таълими муаммоларини ўрганувчи фан – андрагогика  шакллланди. “Андрагогика” атамаси 1833 йилда немис олими А.Капп томонидан жорий этилган эди. 

Андрагогика таълимнинг энг қадимдан мавжуд бўлган  non scholae, sed vitae discimus – “мактаб учун эмас, ҳаёт учун ўқиймиз” шиорини амалда тадбиқ этилишининг яққол  кўринишидир. Дарҳақиқат, катта ёшдаги одам унга зарур бўлгани учун, эҳтиёжини қондириш мақсадида таълим олишга бел боғлайди. Таълим улар ҳаётининг бой, тўлақонли, серқирра бўлиши йўлида хизмат қилади. Олинган билим шу кун учун керак, вужудга келган ҳаётий масалаларни ҳал этиш учун қаратилади. Нимани, қандай, қанча миқдорда ўрганишни одамнинг ўзи белгилайди. Таълим берувчи эса йўналтирувчи, маслаҳатчи вазифасини ўтайди.

Катта ёшдаги одамнинг ўзида хоҳиш бўлмаса, уни ўқитиш мумкин эмас, яъни таълим олиш учун унда эҳтиёж бўлиши зарур. Кейинги йилларда бундай эҳтиёж кучайиб бораётганлигини яққол кузатиш мумкин. Албатта, авваллари ҳам малака ошириш тизими орқали турли касб эгалари тайёрлаш ва қайта тайёрлашга жалб этилган эди. Ҳозир ҳам педагог кадрлар, тиббиёт ходимлари ва бошқа айрим соҳада ишлаётганлар учун бу тизим фаолият кўрсатмоқда.

“Мен бошқа касбдошларим каби ҳар 5 йилда бир марта малака ошириш курсларида таҳсил олиб келмоқдаман, – дейди Самарқанд давлат университети доценти Беҳзод Тўрақулов. – Бу эса ҳам тарих фанида, ҳам ўқитиш услуби соҳасида юз бераётган янгиликлар билан танишиб, улардан дарс жараёнида ва илмий изланишлар давомида фойдалиниш имконини бермоқда. Қисқаси, малака ошириш ҳаётдан, бугунги кун  талабидан орқада қолмасликнинг кафолатидир. Аммо кейинги йилллар шиддати ўқиш, ўрганиш ва янгиликка интилиш кундалик юмушимизга айланишини тақозо этмоқда”.

Дарҳақиқат, эндиликда катта ёшдагилар таълимининг бошқа кўриниши, хусусан, мустақил равишди ўқиб–ўрганишга талаб кучайиб бормоқда. Шу боис педагогика фани мутахассислари таълимнинг мунтазамлиги концепцияси ўрнини бутун умр давомида мустақил таълим олиш ғояси эгаллаб бораётганлиги ҳақида сўз юритишмоқда. Барча соҳаларда деярли ҳар куни қандайдир ўзгариш бўлаётган замонамизда ўз устида ишламаган одам ҳаётдан орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Шу ҳақда сўз юритиб, кўп йиллик тажрибага эга шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Шавкат Тўрақулов доимо ўз соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлишга интилаётганлигини уқтириб, шундай деди: “Тиббиёт институтини битирганимга 40 йил бўлди. Номзодлик диссертациясини эса бундан 30 олдин ёқлаган эдим. Ўша вақтларда  олган билимимга таяниб иш кўришим мумкин эмаслиги аниқ. Чунки тиббиётда доимо ўзгариш, янгиликлар бўлиб турибди. Масалан, ҳар куни қандайдир бир янги дори ҳақида эшитиб қоламиз. Реклама орқали сотувга чиққан доридан хабар топган бемор у ҳақда гапирса-ю, мен ҳеч нарса билмасам, беморнинг кўз олдида қандай аҳволга тушиб қолишимни тасаввур қилиб кўринг-а! ”.

Ш.Тўрақулов врачнинг мустақил равишда ўқиб-ўрганиши муҳимлигини изоҳлаб, ҳозирги пайтда кўпгина беморлар ўз хасталиклари хусусида анчагина янги маълумотга эга ҳолда шифокор ҳузурига келишаётганлигини таъкидлади.  “Уларга Интернет, газета ва журналлар  манба бўлиб хизмат қилмоқда”, – дейди шифокор.

Ёши каттлар учун мустақил таълим уларнинг ўз олдига қўйган мақсадига эришишга ёрдам беради ва турли вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Ўқиб-ўрганишга эҳтиёж ҳаётий зарурат сифатида, масалан, касбий маҳоратни ўстириш ёки касбни ўзгартириш, ўзини ҳар томонлама ривожлантириш учун вужудга келиши мумкин. Айримлар кундалик ҳаётида дуч келадиган муаммоларни ечишда ёки вужудга келадиган вазиятларда қўллаш мумкин бўлган билим, малака ва кўникмаларга эга бўлиш илинжида ўқийди.

Ўқиб-ўрганишни бир дам ҳам канда қилмаётган ҳамда ўз ҳаётининг ранг-баранг, мазмунли бўлишига эришаётган ёши 70га яқинлашган ва ундан ўтганлар  мисолида мустақил таълимнинг афзалликларини кўриш мумкин. Ушбу сўзларнинг тасдиғи сифатида ўзим яхши билган ва ўзини бугунда “ёш” мўйсафид  деб ҳисоблаётганлар  ҳаётидан лавҳалар келтирмоқчиман.

“Одам бутун умри давомида мустақил таълим олиши зарур. Акс ҳолда ҳаёт уни четга чиқариб қўяди ва у ўзи сезмаган ҳолда замондан орқада қолиб кетади. Ҳатто бошқа таълим турларидан фойдаланаётган даврида, масалан, мактабда ёки олий ўқув юртида таҳсил олаётган вақтида ҳам одам мустақил равишда ўқиб-ўрганишни давом эттирмоғи  лозим”, – дейди 68 ёшли Миршариф Хўжаев.

Қашқадарёнинг чекка бир қишлоғида вояга етиб, ўша ерда ўрта мактабни битирган Миршариф ака кўп йиллар давомида Самарқанд вилоятининг бир қатор оммавий ахборот воситаларини бошқарди. Жумладан, вилоят газетаси бош муҳаррири ўринбосари, вилоят телерадиокомпанияси раиси лавозимларида ишлади. Агар ўз устига мустақил ишламаганида, мактабда ўқитувчилар етишмаганлиги натижасида бир қатор ўқув фанидан дарс ўқимаган суҳбатдошим бу даражага етишмаслигини ишонч билан таъкидлайди.

Ҳозир ҳам М.Хўжаев “пенсия гаштини” суриб ётгани йўқ. Шу ёшда Интернетда ишлашни ўрганди ва доимо энг сўнгги янгиликлардан хабардор, ҳар хил онлайн китоблар ўқийди, ўзи ҳам Фейсбукдаги саҳифасига мунтазам ёзиб туради.

Ёзувчи ва публицист 72 ёшли Нусрат Раҳмат тиним билмай излиниши, ўқиб-ўрганиши оқибатида мухлисларини ўз ижодидан баҳраманд қилиб келмоқда. 65 ёшида компьютерда ишлашни ўрганди, 70га яқинлашганда ўзининг блогини яратди ва уни кўплар севиб ўқийдиган асарлари билан тўлдирмоқда.

“Вақтини қандай ўтказишни билмасдан кўча-куйда, чойхонада гап сотиш билан умрини ўтказаётган тенгдошларимга раҳмим келади, –  дейди Нусрат ака. – Тўғри, ижод ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин китоб ўқиш, ўз савиясини кўтаришга интилиш мумкин-ку! Бу мияни ҳам ривожлантиради. Бежиз, одамнинг ишламаган аъзоси ишдан чиқади дейишмайди”.

Кейинги йилларда хорижий давлатларда бўлиб қайтган Н.Раҳмат инглиз тилини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Чет тилини ўрганиш фақат хорижда бўлганда асқотмасдан, шахснинг умумий ривожланиши учун ҳам муҳим деб ҳисоблайди адиб.

Камина ўз тажрибамга таяниб, мустақил таълимнинг афзалликлари ва инсон ҳаёти учун муҳим жиҳатлари ҳақида кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Лекин айрим лавҳалар билан чекланмоқчиман. Профессионал журналистикага кириб келганимда 46 ёшда эдим. Бу соҳада нимага эришган бўлсам мустақил ўрганиш оқибатида эришдим. Соҳага доир китобларни ўқидим, ўнлаб тренинг ва семинарларда қатнашдим, ўзим ҳам журналистика назарияси ва амалиёти ҳақида мақолалар ёздим.     

Компьютерни ўзлаштирганлигим, Интернетда ишлашни ўрганганлигим айниқса пенсияга чиққанимдан кейин катта иш бера бошлади. Шахсни ривожлантиришга қаратилган рисолалар ўқиб, ўз устимда ишлашни тўхтатмадим. Инсон саломатлиги мавзусидаги китоб ва мақолаларга асосий эътибор қаратдим. Пол Брэгг, Кацудзо Ниши, Мирзакарим Норбеков, Валерий Синельников ва бошқаларнинг асарлари билан яқиндан танишиб, ўзимга керакли томонларини олишга ҳаракат қилдим. Айниқса, тўғри овқатланишга ва жисмоний ҳаракатга эътиборни кучайтириш лозимлиги хусусидаги тавсияларни ўзлаштирдим. Дўстларим ва тенгдошларимга ҳам саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган жисмоний машқларни ўргатдим, кўпинча уларни биргаликда бажарамиз.

Клавиатуруга қарамасдан компьютерда ишлашни ўргандим. Бунинг учун Интернет орқали махсус қўлланма сотиб олдим. Ҳозир ушбу мақолани ҳам клавиатурага қарамасдан ёзаяпман. Ўқишнинг кечи йўқ деб, шуни айтсалар керак-да?!

Мавжуд тажрибага асосланиб таъкидлаш лозимки, бутун умр давомида мустақил таълим концепциясини амалга жорий қилиш ва унинг афзалликлари билан кенг оммани таништириш, айниқса катта ёшдагилар орасида тарғиб этиш жуда кўп ҳаётий муаммоларни ечишга ёрдам беради. Бизда ҳам айрим ривожланган мамлакатлар каби мустақил таълим олувчиларни рағбатлантириш мақсадида уларга танлаган соҳаси бўйича эгаллаган кўникма, билими ва ихтисосини тасдиқловчи гувоҳнома бериш тизимини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун мустақил таълим олган шахс ўз билимини синаш учун мутасадди идорага имтиҳон топшириши кифоя.

Тошпўлат Раҳматуллаев


  

Комментариев нет:

Отправить комментарий