Катта маблағ эвазига ташкил этилаётган янги оилаларнинг ҳаммаси ҳам бахтдан барпо этилган тахтда ўз ўрнини топиб, бахтиёр ҳаёт кечирмоқда, деб айтиш мумкинми?
“Тўй маънавияти” туркумидан тўртинчи мақола
Афсуски, дабдабали тўй барча келин-куёвлар учун ҳам бахт мезони
бўлмаяпти. Бундай хулосага келиш учун махсус тадқиқот ўтказишнинг зарурияти
йўқ. Бунинг учун атрофимизга, таниш-билишлару қариндош-уруғларимиз хонадонига
назар ташлашнинг ўзи кифоя. Кузатишлар янги тузилган оилаларнинг айримлари кўп
муддат ўтмасдан бузилиб кетаётганлигини кўрсатмоқда. Тўйдан кейин 2-3 йил бирга
яшаб, бир ёки икки нафар фарзанди билан эрининг уйидан ҳайдалиб,
ота-онасиникига келиб ўтириб олган ёш келинчаклар қайси маҳаллада йўқ?
Нега шундай бўлмоқда? Нима учун янги тузилган оилалар пойдевори
бунчалик бўш? Асоси мустаҳкам бўлмаган оилаларнинг вужудги келаётганлигига ким
айбдор: ёшларми? Уларнинг ҳаммаси ҳам балки оила масъулиятини бўйинга олишга
тайёр эмасдир? Ёки қиз билан йигитнинг бир-бирини яхши билмасдан, характерини
ўрганмасдан турмуш қураётганлиги бунга асосий сабабми?
Бу борада ота-оналарнинг ўрни ва масъулияти қандай? Бу ҳақида алоҳида
тўхталиш талаб этилади. Чунки бизнинг шароитда ёшлар ҳаётининг тўйдан олдинги
ва ундан кейинги даврида ота-оналарнинг мавқеи жуда катта. Икки ёш тақдирини
ҳал қилувчи совчилик ва дастлабки олди-берди вақтида ҳам, тўйдан кейин
келиннинг янги оилада, янгича шароитга кўникиб кетиши ҳамда мослашув
жараёнининг оғриқсиз ўтишида ҳам катталаримизнинг ўрни беқиёс.
Ота-она келин ё куёв танлашда ўзининг маънавият ва маданият даражаси,
дунёқаришидан келиб чиққан ҳолда иш тутади. Албатта, улар бу йўлда нимаики
қилмасин, қандай заҳмат чекмасин, фарзандининг бахтини ўйлайди. Ўзи танлаган йўл тўғри
эканлигига шубҳа қилмайди. Бунда катталар қуйидаги “фалсафа”га таянишади: ўғлим
(қизим) ҳали ёш, тўғри қарор қабул қилишга қодир эмас. Мен, ахир, унинг отаси
(онаси). Унга нима керкалигини ундан яхшироқ биламан. Афсуски, ўз фарзанди
тақдирига бундай ёндашиш доим ҳам ўзини оқламоқда, деб бўлмайди.
Айрим оналарни, совчиликка чиқар экан, бўлажак келинининг инсоний
фазилатлари, маълумоти, касби, рўзғор юмушларини бажариш маҳорати каби
жиҳатлари эмас, қайси оиладан эканлиги, ота-онасининг касбию бойлик даражаси
қизиқтиради. Бундан икки йил олдин Самарқанд вилоят ўқитувчилар малакасини
ошириш ва қайта тайёрлаш институтида бўлиб, турли туманлардан йиғилган
педагоглар билан суҳбатлашган эдим. Тўйларимизнинг бугунги аҳволи ҳақида сўз
юритганда, улар алам билан бир муаммони тилга олишди.
Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, бирор бир маҳаллага келган совчилар
кимнинг бўйи етган қизи борлиги билан қизиқишади. Уларга бундай қизлар,
масалан, 4-5та хонадонда борлиги айтилади. Совчилар қизларнинг ота-оналари нима
билан шуғулланишларини сўрашади. Агар улар муаллим ёки маош орқасидан кун
кўраётган бошқа касб эгалари бўлишса, совчилар бундай ҳовлиларни четлаб ўтиб,
оила аъзолари хорижда бўлган, ҳовли-жойи кўзнга ташланиб турган хонадонга
киришади.
Ўз навбатида, қизи бор оилаларни ҳам бўлажак куёвнинг шахсидан кўра
ота-оналарининг моддий имкониятлари кўпроқ қизиқтирмоқда. Уларнинг замонавий
усулда қурилган иморати, автомашинаси аксар ҳолларда келган совчиларга розилик
билдиришнинг асосий мезони бўлиб хизмат қилмоқда.
Энди ўзимга маълум бўлган ҳаётий мисолларга мурожаат этмоқчиман. Бу
воқеалар ё қўшниларимиз ёки қариндошларимиз оиласида содир бўлган. Маълум
сабабларга кўра воқеа иштирокчилари номлари ўзгартирилган.
Бундак 5 йил олдин Гулнора катта умидлар билан келинлик либосини кийган
эди. Ўзи каттагина хусусий фирмада бухгалтер бўлиб ишлаётган эди. Дадаси унинг
ва яна тўрт нафар синглисининг тўю ташвиши деб, хорижда меҳнат қилаётган эди.
Ўша вақтда совчи юборганлар уларни бадавлат оила ҳисоблаб, маълум мақсадни
кўзлаганликлари Гулноранинг ҳам, ота-онасининг ҳам хаёлига келмаган. Ҳамма гап
тўйдан кейин чиқди.
Куёв томон келин билан бирга турли сарпою анжомларга эга бўлишга
умидвор бўлган экан. Аммо, халқимиз айтгандек, “юки оғир” бўлган Гулноранинг
отаси тўйни кўп қатори ўтказди. Катта нарсадан қуруқ қолгандек, Гулноранинг қайнонаси
бўлар-бўлмасга жанжал чиқарарди, уни “сен қашшоқ оиладан чиққансан,
сарполарингни қара, келтирган нарсаларингни қара. Бошқалар куёвига мошина олиб
бераяпти, сенинг даданг нима қилди? Сен ҳам, оиланг ҳам бизларга мос эмассизлар”,
деб тергарди.
Шундай пайтда ёш келинчак нима қилишини билмасди, йиғларди. Онаси уни
юпатиб, куёв қобил-мўмин йигит эканлигини, вақти келиб қайнонаси ҳам ҳовуридан
тушишини айтарди. Орадан йиллар ўтиб, ёшлар оиласида икки нафар фарзанд дунёга
келган бўлса ҳам, қайнона ўзгармади. Ўтган йили ўғлини олиб Россияга ишга
кетди. Уйида қолган келини ва набираларининг ҳолидан хабар олмай қўйди.
Гулноранинг эрига мурожаатлари ҳам натижасиз кетди. Эри бир кун очиқчасига “мен
сени ва болаларимни ташламоқчи эмасман. Лекин ота-онамга қарши бора олмайман”
деб, гап нимада эканлигини ошкор қилди. Гулнора икки боласи билан
ота-онасиникига қайтишга мажбур бўлди.
Ушбу мисол орқали биз калтабин ва молпараст ота-оналар ўғлининг бахтига
зомин бўлаётганлигиниг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бошқа томондан, ўғил болани
ҳаддан зиёд эркалатиш, уни қиз боладек парваришлаш оқибатида у мустақил ҳаётга,
оилани бошқаришга, турмуш аччиқ-чучукларини тортишга қобилиятсиз бир йигит
бўлиб вояга етишини кўраяпмиз.
Ана шундай латтафеъл йигит ва унинг онаси касофати билан танишимнинг
қизи Назира икки нафар фарзанди билан отасиникига қайтиб келишга мажбур бўлди.
У эри билан беш йил апоқ-чапоқ яшади. Бу даврда унинг қайнонаси ўз вақтини
асосан хорижда яшаётган қизи ҳузурида ўтказган эди. Назира қариб қолган ва
касалманд қайнотасининг хизматини қилиб, дуосини олди. Қайнонаси уйига қайтиши
билан аҳвол ўзгарди. Йўқ жойдан жанжал чиқарарди, келинини неваралари олдида
тинмасдан койирди. Кўп йиллар давомида олий ўқув юртида ёшларга таълим берган
ва фан номзоди бўлган бу аёлнинг шунчалик калтабин ва жоҳил эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.
Бир маҳалладошимиз эса бадавлат оила деб бўлажак куёвнинг қандайлигига
эътибор қилмасдан 17 яшар қизи Сарвинозни тенгдошига турмушга узатиб, эндиликда
дардини кимга айтишни билмасдан юрибди. Энг ёмони, қизининг ҳаёти бузилди.
Ёшгина келинчак икки нафар фарзанди
билан эридан чиқиб, отасининг уйига келиб ўтирибди. Ваҳоланки, вақтида унинг
олий маълумотли ота-онаси йигитчанинг қандай шароитда вояга етгани билан
танишганда, бўлажак қудаларининг Америкадан туриб қурдирган данғиллама
иморатлари ва 2-3та машинасига учмаганида, Сарвинознинг тақдири бу қадар аянчли
бўлмас эди.
Куёв боланинг ота-онаси кўп йиллардан бери хорижда бўлганлиги боис у
бувисининг қўлида ўсган экан. Унинг чўнтагида доимо пули бўлган ва хоҳлаган
ишини қилиб юрган. Қари бувиси эса уни назорат қила олмаган. Тўйдан кейинги
дастлабки кунлардан бошлаб Сарвинозга эри кун кўрсатмай келди. Уни ҳатто кўчага
чиқишини тақиқлаб қўйди. “Сен
хонадонимизнинг хизматини қиласан, ўқиш ёки иш ҳақида оғиз очмайсан. Мен кўчада
юрган аёллар қандай бўлишини яхши биламан. 15 ёшлигимдан бошлаб улар билан
бўлганман”, дерди доимо зарда билан. Ёш хотининг тўғри сўзларини ҳам ҳазм қила
олмасди ва сал гапга унга мушт кўтарарди.
Ҳақоратлардан чарчаган, мушт зарбидан ҳамма ёғи кўкарган Сарвиноз
онасидан мадад сўраган пайтларда онаси “эринг ҳали ёш, вақти келиб тушуниб
қолади, яқинда қайнота ва қайнонанг қайтиб келишса, улар сени урдиргани
қўйишмайди” деб, уйига қайтарарди. Бу орада ёш оилада кетма-кет икки чақалоқ
дунёга келди. Куёвнинг ота-онаси ҳам хориждан қайтишди. Аммо оилада келинга
бўлган муносабат ўзгармади. Қайнонаси очиқчасига Сарвинозга уни хизматгорлик
учун бу оилага келганлигини, ўғли, яъни куёвтўранинг унга тўғри муносабатда
бўлаётганлигини уқтиришдан чарчамас эди. Натижада 21 ёшли келин икки боласи
билан онасининг уйига қайтди.
Юқорида келтирилган икки мисол бир неча йил умр кўрган оилалар ҳақида
эди. Афсуски, кейинги вақтларда бир неча ой ичида бузилиб кетаётган оилалар
бор. Самарқанд вилоят Тайлоқ тумани ФҲДЁ бўлимининг биринчи даражали инспектори
Камола Раҳматованинг сўзларига қараганда, тўйдан кейин уч-тўрт ой ўтиб,
ажралишга ариза кўтариб келаётган келин-куёвлар ҳам учраб туради. “17-18 ёшида
турмушга узатилаётган қизлар кўп. Шунга яраша йигитлар ҳам ёш, - дейди
К.Раҳматова. – Улар оила қуришга тайёр эмас. Оиланинг масъулиятини англашмайди.
Шу сабабли сал гапга “келишолмадик”, “характеримиз тўғри келмади”, деб
ажрашмоқчи бўлишади”.
Масъулиятсизлик шу даражадаки, ота-оналар қистови билан тўйга розилик
билдирган қизлар тўйга ҳамма нарса тахт қилиб қўйилганлигига, яъни катта
харажат қилинганлигига қарамасдан тўй
арафасида ёки ундан кейин, ҳатто базм оқшоми номаълум томонга ғойиб бўлишмоқда.
Масалан, шу йил 28 августда турмушга чиққан Самарқанд олий ўқув юртларидан
бирининг талабаси 2 сентябрда ўқишга боришини айтиб, янги хонадондан чиқиб
кетади. Фақат эртаси кун кечқурун эриникига қайтиб келади. Эри уни қаерда
бўлганлиги билан ҳам қизиқмасдан уйдан ҳайдаб юборади.
Юқорида келтирилган мисоллар ва аксариятимизга маълум бўлган кўплаб
ҳолатлар асосий эътиборни тўйни дабдабали қилиб ўтказишга эмас, балки бўлажак
оиланинг мустаҳкамлигини таъминловчи омиллар устида бош қотиришимиз мақсадга мувофиқлигини
кўрсатиб турибди.
Бир донишманд айтган экан: “Оила тузиш учун муҳаббат
бўлса бас. Уни сақлаш учун эса чидамли ва
кечиримли бўлишни ўрганмоқ лозим”. Қани ўша муҳаббат? Ҳозирги оилалар доимо ҳам
ана шу пойдевор усига қуриляптими? Ким ёшларга чидамли ва кечиримли бўлиш
илмидан сабоқ беради?
Тошпўлат Раҳматуллаев
e kata raxmat ushbu maqolaga boylik boylik boylik kupchilik kuyovlarning dardi shu ular bulajak kelin bilan emas ota onasini nech pul topishi bilan qiziqishadi bir misol : bir tanishim eru xotin bir necha yildan beri rossiyada ishlashadi 2 qizi 2 ugli bor qizlarini chiqargan 2 ugliga deb 2 ta kvartira olgan utgan yili katta qiziga bitta kvartirasini qishga yosh bolasi bor deb bergandi endi uzining aytishicha kuyov chiqmaymiz ota onang 2 kvartirani nima qiladi bittasini bizlarga bersin deb kelinni qistayapti 2 kuyovi bulsa nega bojamga ota onang berar ekanu bizlara bermayapti deb xotinni qistayapti yoki bulmasam moshina olib bersin deyaetgan ekan tanishim yaqinda menga gapirib berdi menda 2 ta ugilim uchun mexnat qilib bu uylarni olgan man deb kuyunib gapirdi yana bir misol : bir tanishim bor kambagalgina xayot kechiradi qaynotasi boy odam bir necha bor yordam bermoqchi bulgan lekin tanishim qaytargan nega desam kelin tomondan menga xattoki bitta igna xam kerak emas dedi qaniydi kupchilik kuyovlar shunday bulsa maqola uchun raxmat yana sizdan tuy turkumidan maqolalarni kutib qolamiz
ОтветитьУдалить