понедельник, 13 октября 2014 г.

Эҳтиёт бўлмасак, ҳатто дўлана ҳам ичимизда тошга айланаркан

Истеъмол қилган дўланам бошимга шунча ташвиш олиб келишини билганимда... Ҳа, ишонмайсизми, шу кунларда бозорларимизда сотилаётган ўша дўланадан 7-8та еб, бир ҳафта азият чекдим. Қизиқ бир номга эга хасталик билан танишдим: безоар, аниқроғи, фитобезоар.

Эрта тонгда уйқум қочди. Кўнглим беҳузур бўлиб келаётганини сездим. Туриб, ташқарига чиқдим. Зарда аралаш қусдим. Бундай кескин ўзгаришни сабабини тушунмадим. Кеча ҳеч қаерга бормаган эдим. Тушда ҳам, кечқурун ҳам уйда тайёрланган шўрвадан истеъмол қилган эдим. Шу куни икки марта оз-оздан овқатландим. Аммо кўп ўтмай еганимни яна қайтардим.  

Эртаси куни фақат гуручни қайнатиб едим. Бу оддий кўнгил айниши ҳам, овқатдан заҳарланиш ҳам эмаслигини сезгач, таниш шифокор эндескопия орқали ошқозонимни текширтиришни маслаҳат берди ва бу иш Самарқанд вилоят шифохонаси ҳузуридаги поликлиникада анча сифатли бажарилишини таъкидлади. Айтилган манзилга бориб, малакали шифокорга Зафар Раҳимовга учрашдим. У аппарат орқали ошқозонимни кўриб, “дўлани еган эдингизми”, деб сўради. Унга бундан 10 кунча олдин бир неча дона дўлана истеъмол қилганлигимни айтдим.

Шифокор монитор олдига мени таклиф қилиб, экранда ошқозонимда ёнғоқдек бир жисмни кўрсатди. Унинг сўзларига қараганда, дўлана ва овқат қолдиқлари қоришиб, қаттиқ жисмга айланган. Тиббиётда бундай ҳодиса учраб тураркан ва у жисм “безоар” деб аталар экан.

З.Раҳимов менга 1,5 литр Кока-Кола ичиб, 5-6 соатдан кейин келишимни уқтирди. Ҳайрон бўлганимни кўриб, бу ичимлик безоарни юмшатиб, майдалаш ишини осонлаштиришини айтди. Белгиланган вақтда дўхтир кўрсатмаларини бажариб иш хонасига етиб бордим. Эндескоп орқали махсус узун симга ўхшаган асбоб билан ошқозонимдаги жисмни майдалашга ҳаракат қилди. Бир неча дақиқадан сўнг мен учун ўта нохуш бўлган ишини тўхтатди. Мониторда безоар уч бўлакка бўлинганлиги кўриниб турарди.

“Энди парҳез қиласиз ва ҳар куни 1 литрдан кола ичасиз, – деди шифокор. – Безоар чиқиб кетиши керак. Бир ҳафтадан сўнг келасиз, яна эндоскоп орқали текшириб кўрамиз”. Мана ҳозир дўхтир айтганларини бажариб келяпман.  

Бу тарихимни баён қилишдан мақсад бошқаларнинг хабардорлигини ошириш орқали огоҳлантириш, эътиборсизлик ёки нотўғри овқатланиш қандай кутилмаган оқибатга олиб келиши мумкинлигини кўрсатишдан иборат. Шифокор З.Раҳимовнинг уқтиришича, мева ёки сабзавот қолдиғи асосида пайдо бўлган жисм фитобезоар дейиларкан ва кўпинча хом хурмо ҳамда олхўри, нок, узум, анжир каби маҳсулотлар истеъмол қилганда пайдо бўларкан. Уларнинг қолдиқлари ўз вақтида ошқозондан чиқиб кетмасдан, қаттиқ жисмга айланади. Бу жараён 1-5 кундан 10-15 йилгача чўзилиши мумкин экан.   

Нега ҳаммада ҳам безоарлар пайдо бўлмайди? Бу саволга жавобан З.Раҳимов ушбу касалликка ошқозон-ичак тизими яхши фаолият кўрсатмайдиганлар кўпроқ мойил эканлигини таъкидлади. Унинг уқтиришича, безоарларнинг бошқа кўриниши орасида трихобезоарлар кенг тарқалган экан. Бу хотин-қизларда сочларини чайнаш одати оқибатида ҳосил бўладиган безоарлардир. Ошқозонга тушган соч толалари овқат қолдиқлари билан қўшилиб, ҳажми 1 кило, ҳатто ундан ҳам катта бўлган қаттиқ жисмга айланар экан.   

Демак, менда ҳаммаси дўланадан бошланди. Лекин бу билан дўланани ёмонламоқчи эмасман. Дўлананинг кони фойда. Айниқса, қизил дўлана юрак учун ўта муҳим. Мана, шу ҳақда қисқача маълумот келтирмоқчиман.

Қизил дўлана организмга кўп қиррали таъсир қилади.  Унинг дамламаси қон босими кўтарилганда ва уйқусизликда тавсия этилади. Бош оғриғини камайтиради ёки тўлиқ қолдиради, бош айланиши ва қулоқдаги шовқинни ҳам камайтиради. Қондаги холестерин миқдорини туширади, қон ивишини мўътадиллаштиради. Шунингдек, атеросклероз, стенокардия, аритмия, пневмония ва гриппни даволашда қўлланилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий