пятница, 31 октября 2014 г.

Ўз вазифасини бажармайдиган раҳбар кимга керак?

Бирор бир идорага борганда, юмушингиз битмаса, мутасадди шахс бир баҳона билан сизни қабул қилмаса, ишингизни бажаришни пайсалга солса, нима қиласиз? Ҳа, тўғри, аксар ҳоллларда тақдирга тан бериб, идорани тарк этасиз ва агар зарур бўлса, иккинчи, учинчи... ўнинчи марта унинг остонасига бош урасиз. Аслида, у қандай идора бўлишидан қатъий назар, маълум бир йўналишда аҳолига хизмат қилиш учун ташкил этилган. Шу сабабли унинг раҳбари ўзини халқ хизматкори деб билиши ва шунга муносиб равишда фаолият юргизиши лозим.

 
Бир танишим туманлардан бирининг газ идорасига қарзи йўқлиги кўрсатилган маълумотнома олиш учун ўн марта борганлигини ва ҳар сафар турли баҳоналар билан унга керакли ҳужжатни тайёрлаб беришмаётганликларини гапириб қолди. Унинг уйидан газ идорасигача бўлган масофа 25 километр. Демак, у 10 марта бориб келган, идорада керакли одамларни кутган, навбатга турган, қанча вақт йўқотган.
 
Танишим билан туман газ идорасига йўл олдим. Идора раҳбарига учрашдим, воқеани тушунтирдим. У гўё ҳеч нарса бўлмагандек, тегишли бўлим ходимини чақириб, зудлик билан маълумотнома ёзиб беришни буюрди. Ходим чиқиб кетгач, мен бошлиқдан нега битта маълумотнома учун мижоз шунча сарсон бўлиши кераклигини сўрадим. У бўлса бундан олдин танишим унга мурожаат қилмаганлигини айтди.
 
“Ахир, мижозлар билан ишлайдиган алоҳида бўлимингиз бор, унда ҳужжатларни текшириб, маълумотнома ёзиб берадиган ходимингиз ишлайди. Бу ўшанинг вазифаси эмасми? Идорангизда ҳар ким ўз вазифасини бажаришга ўрганмаганми?”, - деган сўроқларим жавобсиз қолди. Яна бошлиқнинг эътиборини мижозни шунча овора қилганлигига қарамасдан  у ўз ходимига бир оғиз ҳам гапирмаганлигига қаратдим. Айтганларимни яхши англамаганлиги ёки атайин ўзини гўлликка солаётганлигини эътиборга олиб, унга тушунарлироқ қилиб гапиришга қарор қилдим. Унга шундай дедим:
 
- Нима учун бу ерда ўтирганингизни биласизми? Агар табиий газ бўлмаса, бу соҳада аҳолига хизмат кўрсатишга қаратилган идора ҳам бўлмасди. Шунда сизнинг ҳам, бир вагон ходимларингизнинг ҳам кераги йўқ эди. Мана бу сиз ўтирган курси, бу телефонлар, хизмат машинаси нимага берилган? Яна яхшигина маош оласиз, у ёқ-бу ёқдан бир-икки сўм тушиб туради.  Хўш, нима учун? Аҳолига ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатиш учун. Шундай эмасми? Шундай экан, марҳамат қилиб, ҳар қандай масала билан мурожаат қиладиган истеъмолчиларни овораю сарсон қилманг. Ҳар бир ходимингиз ҳам мижозлар борлиги туфайли бу ерда ишлаб турганлигини, аҳоли хизматида эканлигини англаб етсин.
 
Менинг бу сўзларимга газ идораси бошлиғи ҳеч қандай эътироз билдирмади. Танишим ўша куни маълумотномасини олди.
 
Ушбу мисол орқали ҳар биримизнинг фуқаро сифатида талабчан бўлишимиз мансабдор шахснинг ўз ваколати доирасида тўғри фаолият юргизишини таъминлайдиган омиллардан бири эканлигини кўрсатмоқчи эдим. Кўпчилигимизнинг эътиборсизлигимиз туфайли улардан айримлари нима мақсадда ўз вазифасида ўтирганлигини эсдан чиқариб қўяди. Шундай эмасми?
 
Тошпўлат Раҳматуллаев
 

2 комментария:

  1. Нужен Сталин - всех раздалбаев - в Сибирь, в расстрел, лишением свободы и имущества, поскольку у нас по другому не понимают - жесткая дисциплина, абсолютное, безисключительное законособлюдение делает нацию нацией !!!

    ОтветитьУдалить
  2. Ha, endi, hamma ham muxbir bo'la olmaydi-da! O'sha rahbar kimligingizni juda yaxshi bilgani uchunam shaxsan o'zi qabul qilgani aniq.

    ОтветитьУдалить