понедельник, 20 октября 2014 г.

“Ҳамкорбанк”нинг янги мақоми ва фаолиятининг ўзига хос қирралари

Янги мақомга эга бўлган “Ҳамкорбанк” эндиликда хорижий капитал иштирокидаги акциядорлик тижорат банки “Ҳамкорбанк” номи остида ўз фаолиятини давом эттиради. Банк акциядорлари сафидан Жаҳон банки гуруҳи таркибидаги Халқаро молия корпорацияси (IFC) ҳамда Голландия тараққиёт банки (FMO) ўрин олган. Улардан ҳар бири 
банкнинг 15 фоиздан акциясига эгалик қилмоқда.


Самарқандда “Ҳамкорбанк” томонидан уюштирилган матбуот анжуманида банкнинг истиқболи хусусида сўз юритилди. Айниқса, “Ҳамкорбанк” билан Голландия тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида имзоланган шартноманинг моҳиятини ёритишга катта эътибор қаратилди. Матбуот анжуманида “Ҳамкорбанк” АТБ бошқаруви раиси ўринбосари Азиза Икромова, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаюм Собиров, “Ҳамкорбанк” АТБ Самарқанд филиали бошқарувчиси Бахтиёр Казимов иштирок этишди.

Дастлаб А.Икромова банк ҳақида умумий маълумот келтирди. 1991 йилда Андижонда ташкил этилган “Ҳамкорбанк” эндиликда бутун Ўзбекистонни қамраб олди ва 200та хизмат кўрсатиш нуқтасига эга. Улардан 30таси филиал, 150таси минибанк ва 20таси тўловларни қабул қилиш пунктлари ҳисобланади. “Хизмат кўрсатиш сифати ва  доирасининг кенглиги банкнинг мижозлар ўртасидаги жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда” – деди жумладан Икромова.

Матбуот анжуманида уқтирилишича, “Ҳамкорбанк” фаолиятининг асосий йўналиши Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат. Шундан келиб чиққан ҳолда, банк кичик ва ўрта тадбиркорликни тараққий эттиришга қаратилган кўплаб кредитлар ажратиб келмоқда.

 А.Икромова банкнинг халқаро алоқалари ҳақида сўз юритиб, у ўн йилдан ортиқ вақт давомида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиб келаётганлигини таъкидлади. Улар қаторидан Жаҳон тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Голландия тараққиёт банки, Халқаро тараққиёт ассоциацияси, Осиё тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси ва бошқалар ўрин олган.  

2010 йилда Халқаро молия корпорацияси (IFC) “Ҳамкорбанк” акциядорлари сафидан жой олиб, банкнинг 15 фоизли акциясига эга бўлган эди. Эндиликда Голландия тараққиёт банки (FMO) ҳам “Ҳамкорбанк”нинг шунча акциясига эгалик қилмоқда. Бу эса унинг хорижий капитал иштирокидаги банк мақомига эга бўлишини таъминлади. Чунки қонунчилигимизга мувофиқ тижорат банклар устав капиталида хорижий капитал иштироки 30 фоиз ва ундан ортиқ бўлганда ана шундай мақомга эга бўлади.

 Иштирокчилар жонли мусиқа садолари остида кутиб олинди
Матбуот анжуманида Голландия тараққиёт банки томонидан “Ҳамкорбанк” капиталига инвестиция киритилиши банкнинг институционал ривожланишига катта ҳисса қўшиши билан бирга Ўзбекистондаги кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратиши ҳам қайд этилди.

Матбуот анжумани охирида ташкилотчилар журналистлар ва тадбирга таклиф этилган банкнинг мижозлари бўлмиш тадбиркорлар саволларига батафсил жавоб қайтаришди.

“Ҳамкорбанк” АТБ Самарқанд филиали матбуот анжуманини ташкил этишда дид билан ёндашганлигини таъкидлаш лозим.  Ўзбек ва рус тилларида саводли ёзилган пресс-релизлар тайёрлаб қўйилган эди. Тадбир ўтказилган “Регистон плаза” меҳмонхонаси фойесида мезбонлар иштирокчиларни жонли мусиқа садолари остида кутиб олишди. Энг асосийси, анжуман белгиланган вақтда бошланди.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий